Жаҳон | 23:29 / 20.02.2020
8094
2 дақиқада ўқилади

Nissan коронавирус сабабли бутун дунё бўйлаб заводларини тўхтатмоқчи

Nissan компанияси Хитойдаги эпидемия бутловчи қисмлар тақчиллигига олиб келгани сабабли бутун дунё бўйлаб заводларини тўхтатишга тайёрланмоқда.

Бу ҳақда Automotive News Europe нашри хабар берди.

Nissan Хитойнинг коронавирус тарқалиш ўчоғи ҳисобланган Хубэй провинциясидаги корхоналардан 800 дан кўпроқ турли деталлар – тормоз шлангларидан тортиб кондиционер контроллёрларигача сотиб олган. Хитой ҳукумати автомобиллар эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарувчи корхоналар 21 февралдан ишга қайтишини маълум қилганига қарамай, япон компанияси бу юз бермаса, захиралар тез тугашидан хавотирланмоқда.

Японияда компаниянинг бир нечта моделини 23 февралданоқ ишлаб чиқаришни тўхтатишга тўғри келиши мумкин. Сўнгра компаниянинг Малайзия, АҚШ, Мексика, Буюк Британия, Испания, Ҳиндистон ва Россиядаги заводлари тўхташи мумкин.

Замонавий автомобил тахминан 30 мингга яқин қисмдан иборат бўлади. Шу сабабли автомобилсозлик компаниялари ва уларнинг етказиб берувчилари ҳозир Хитойда юз бераётган вазият каби фавқулодда ҳолатлар вақтида айниқса ҳимоясиздир.  

IHS Markit тадқиқот компанияси маълумотларига кўра, янги турдаги коронавирус эпидемияси автомобиллар ишлаб чиқарилиши ҳажмини 1,7 млнта автомобилга камайтириши мумкин. 

Nissan’да бусиз ҳам муаммолар талайгина эди: компания собиқ раҳбари Карлос Гон ҳибсга олингандан кейин инқироз ҳолатида қолмоқда. Яқинда компаниянинг акциялари нархи охирги 10 йил ичида олинган энг паст даромадлар ҳақидаги хабарлар сабабли тушиб кетганди.  

Мавзуга оид