Жаҳон | 13:24 / 14.04.2020
38641
10 дақиқада ўқилади

AirPods учун 5 евролик батарейка туфайли миллиардерга айланган австриялик музқаймоқ сотувчи ҳақида ҳикоя

Ўн уч йил аввал қулоқ учун эшитиш аппаратларига аккумуляторлар ишлаб чиқарувчи, зиёнга ишлаётган Бавариядаги ишлаб чиқарувчини харид қилишни ҳеч истамаётганди. Ҳеч ким, Майкл Тойнердан бўлак.

Фото: Levon Biss for Forbes

Ўз карьерасини Шенбрунн саройида туристларга музқаймоқ сотишдан бошлаган австриялик ишбилармон Apple ва Samsung билан тузилган битимлар сабабли, заводга тикилган 40 млн долларини ўн хонали сонга айлантира олди ва илк марта Forbes бойлари рўйхатига кирди.

Бавария яқинидаги Нердлинген шаҳридаги ўрта асрлардан буён сақланиб келаётган конференц залда миллиардер Майкл Тойнер митти батарейкани ўйнаб ўтирибди. Чақадек келадиган бу қурилма — технологик мўъжиза. Унинг айланаси бир сантиметрдан сал зиёд, лекин ҳажми 10 баробар катта оддий маиший батарейкага нисбатан 100 баробар кўпроқ энергияни ўзида сақлай олади. У 15 дақиқада тўлиқ қувватланади, сўнгра 5 соат давомида қайта қувватланмасдан ишлаб бера олади. Бу қурилманинг дастлабки версиялари Нил Армстронгнинг камерасини у Ойга «Аполлон-11» билан қўнган чоғда қувватлантирган. Ҳозиргилари эса Apple AirPods Pro симсиз қулоқликларида ишлатилади.

Бу аккумуляторлар  — ҳақиқий молиявий мўъжиза ҳамдир. 2007 йилда Тойнер уларни ишлаб чиқарувчи Varta компаниясини бор-йўғи 40 млн долларга сотиб олган. Икки ярим йил муқаддам серияли ишлаб чиқарувчи тадбиркор ва венчур капиталист компанияни Франкфурт фонд биржасига чиқарди. Ҳозир унинг бозор қиймати 2,8 миллиард доллар, унинг 56 фоизи Тойнерга тегишли. Commerzbank’нинг баҳолашича, премиум-классдаги симсиз қулоқликлар учун аккумуляторлар бозорининг 50 фоиздан зиёдроғи Varta улушига тўғри келади.

AirPods Pro’нинг савдолари, шунингдек Samsung, Jabra ва Sony билан тузилган битимлар Varta’га 2019 йилда тушумни 34 фоизга ошириб, 400 млн долларга етказиш имконини берди. Компаниянинг муваффақиятлари ва Тойнернинг инвестицион билимлари (Австрия матбуоти уни «Мистер 300 фоиз» деб атайди) 6 фарзанднинг отаси бўлмиш 54 ёшли тадбиркорга илк марта Forbes миллиардерлари рўйхатига кириш имконини яратди. Янги рейтинг учун ҳисоб-китобларда унинг бойлиги 1,9 млрд доллар дея баҳоланган.

«Микроаккумуляторлар шарофати билан биз йилига 50-60 фоиздан ошиб борадиган бозор етакчисига айландик, — дейди Тойнер. — Ўн йилдан сўнг гарнитурасиз смартфонлар қолмайди. Ўсиш истиқболлари жуда улкан».

Тойнернинг Varta’си — 1887 йилда асос солинган гигант немис саноат концернининг омон қолган бир парчасидир. Концерн кенгайиб, фармацевтик препаратлар, кимёвий моддалар, пластмасса ва албатта батарейкалар ишлаб чиқарган. Биринчи жаҳон урушидан сўнг компаниянинг катта қисмини BMW автоконцернининг энг таъсир кучи катта акциядори сифатида машҳур миллиардер Квандтлар оиласи сотиб олган. Орадан қарийб бир аср ўтгач Varta’нинг фармацевтика ва кимё бизнеси тугагач, Deutsche Bank ва Квандт оиласи меросхўрлари компанияни бўлаклаб сота бошлашди. Аккумуляторлар ишлаб чиқариш бўйича бизнеснинг катта қисмини Rayovac ва Johnson Controls сотиб олди. Эшитиш аппаратлари учун микроаккумуляторлар ишлаб чиқарувчи кичик корхона энг сўнгги бўлиб сотилган.

«Мен ягона номзод эдим, чунки Varta’ни сотиб олишга ҳеч ким жазм қила олмаётган эди, — деб ҳикоя қилади Тойнер. — Улар менга пул оқими манфий бўлган корхонани сотишган эди. Вазият ўзгариши керак эди, чунки бизда Apple билан шартнома бор эди. Бироқ бир йил ўтар-ўтмас, кичкина батарейкалардан бири портлади. Биз Apple билан шартномани йўқотдик. Компания касод бўлиш ёқасига келиб қолди. Банк асабийлаша бошлади, мен кредитни реструктизация қилиш бўйича музокара бошладим, чунки биз фоиз ҳам тўлолмай қолдик».

Apple iPod Nano’да портлаган батарейка Varta’ни литий-полимер аккумуляторларга 60 млн доллар инвестиция киритиш фикридан қайтарди. Тойнер ва Varta’нинг бош директори Ҳерберт Шайн икки баробар куч билан катталиги чақадек келадиган литий-ион батарейкаларга ёпишишди: улар арзон ишчи кучига эга осиёлик рақобатчиларга қарши туриш учун ишлаб чиқаришни автоматлаштиришди, аккумулятор қувватини сезиларли даражада ошириш учун тадқиқотларга харажатлар қилишди.

Varta директорлар кенгашининг азалий аъзоси Свен Квандтнинг айтишича, унинг оиласи компанияни сотиб олиш эҳтимолини кўриб чиқишган, лекин фақатгина Тойнер кичкина ишлаб чиқарувчини жаҳон етакчиси даражасига чиқара олишга қодир эди. «Бу компания йирик бизнесга тегишли эди, — дейди у. — Одамлар фойда ҳақида камроқ ўйлаб, кўпроқ ишончлилик ва бизнесни ривожлантириш ҳақида қайғуришарди. Майкл ўсиш учун ҳаракатлантирувчи куч бўлди».

Аккумуляторлар олами ва Кремний водийси билан манфаатли шартномалар туристларга музқаймоқ сотиш билан ўз ишини бошлаган космополит-тадбиркорга сира ярашмайдиган мутлақо кутилмаган жой кўринади.

1400та хонаси бўлган Шенбрунн саройи уч аср мобайнида Австриядаги ҳукмдор сулола — Габсбургларнинг ёзги қароргоҳи бўлиб хизмат қилган. Энди эса у Венанинг энг асосий осори-атиқаларидан бири. Бу ерда Тойнернинг ишбилармонлик карьерасига тамал тоши қўйилган. Вена иқтисодий университетида ҳуқуқ ва бошқарувни ўрганиб юрган 1991 йилда Тойнер сарой ҳудудидаги кўшкда музқаймоқ билан савдо қилиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Тойнер ёш эди, шошилмасдан музқаймоқ савдосидан тушган тушумлардан коммунистлардан кейинги Венгрияга ошхона миксерларини масофадан туриб сотишни, Венада тунги клублар очиш, шунингдек, мебель дўконлари тармоғини йўлга қўяди.

«Музқаймоқда рентабеллик аккумуляторга кўра юқорироқ, шу сабабли у менинг ишбилармонлик фаолиятимда яхшигина пойдевор бўлган, — дейди Тойнер. — Бу жуда телба даврлар эди, мен 23-24 ёшда эдим, барча лойиҳаларим музқаймоқ ва бир неча кредитлар эвазига молиялаштирилган эди. Мен касодга учрашимга бир бахя қолувди».

Бизнесни бошқариш ва юриспруденция бўйича Ph.D. даражасини олган Тойнер ўз активларини сотиб, Венада ўзининг венчур фондини ташкил қилади. У Венгриядаги қиморбозлик ўйинлари ўтказадиган, 2000 йилда биржага 242 млн доллар баҳо билан чиққан Bwin онлайн-порталига омадли пул тикди.

«Майкл ва пуллар — бу худди Моцарт ва мусиқадек гап, — дейди Тойнер билан биргаликда Bwin’ни ва бир неча бошқа лойиҳаларни ишга туширган, тўйида унинг куёвжўраси бўлган Манфред Боднер. — У пулларни севади ва уларни ишлаб топишдан лаззатланади».

Тойнер Bwin’да ўз улушини сотиб юбориб, ўзининг Starbet ўйин компаниясига асос солгач, дўстлар тўрт йил мобайнида гаплашмай қўйишган. «Майкл жуда довюрак, — дея давом этади Боднер. — У билан ҳамкорлик қилиш осон эмас. Жуда кўпчилик бунда қийналади».

Майкл Тойнер. Фото: Forbes

Тойнернинг ўзи ҳам мураккаб даврларни бошидан кечирган. Унга ижтимоий турар-жойларни арзон нархда харид қилиш бўйича битимларда солиқ тўловчиларнинг 43 миллион доллар пулини ўғирлаганлик бўйича айблов эълон қилишган. У ўзининг айбини инкор этади, бироқ суриштирув давомида Австрия матбуоти сарлавҳаларида тез-тез кўзга ташлана бошлайди.

Аккумуляторлар ишлаб чиқариш ҳам осон кетаётгани йўқ: Samsung ва Varta’нинг бошқа мижозлари Хитойнинг Eve Energy ва MIC-Power ишлаб чиқарувчиларининг арзон аккумуляторларидан фойдалана бошлагани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу таҳлилчилар ва инвесторларда ташвиш уйғота бошлади. Varta февраль ойида патент шартлари бузилганини даъво қилиб, Техасдаги судга мурожаат қилди. Бироқ, технологиялар атрофидаги баҳс-мунозаралар судда камдан-кам ҳолларда ғалаба билан якунланади.

«Ўйлашимча, немис компаниялари ўзларининг осиёлик рақобатчилари салоҳиятига айрим ҳолларда етарли баҳо беришмайди, таассуфки, Varta ҳам афтидан шу хатога йўл қўйди», — дейди Commerzbank таҳлилчиси Стефан Клепп.

Warburg Research таҳлилчиси Роберт-Ян ван дер Ҳорст Varta’нинг ниҳоятда юқори маржиналлиги рақобатчилари туфайли қисқара борса-да, бироқ ишлаб чиқаришни автоматлаштириш учун саноат роботларига киритилган йирик инвестициялар Бавариядаги фабрикада «Германияда ишлаб чиқарилган» белгиси остида аккумуляторлар ишлаб чиқариш ҳали давом этишини айтди. Ван дер Ҳорстнинг таъкидлашича, эшитиш аппаратлари учун батарейкалар ишлаб чиқаришга мослашган Varta’нинг кўҳна бизнесида «йилига 1,4 миллион аккумулятор ишлаб чиқариш учун 10 киши банд». Varta аккумуляторлари ишлаб чиқариш шу даражада самарали.

Келажак қандай совға тайёрлаган бўлмасин, Тойнер ўзининг технологияси Varta’га етакчи позицияларни сақлаб қолишига ишончи комил. «Бизда сифат юқори, шунинг учун юқорироқ нарх белгилай оламиз, — дейди у. — Apple ёки Samsung қулоқчинлари катта пул туради. Унинг энг асосий детали бўлмиш аккумулятор эса эса 5 евро. Лекин у 8 ойдан сўнг ишламай қолса эсингиздан оғиб қоласиз». 

Мавзуга оид