Иқтисодиёт | 00:16 / 18.04.2020
34702
5 дақиқада ўқилади

Коронавирус Хитой иқтисодиётидан «ҳаққини олди». Навбат дунёнинг қолган қисмига

Хитойда пайдо бўлган коронавирус мамлакатни чуқур инқирозга бошламоқда. Бу шунчаки гап эмас, тадқиқотлар шуни кўрсатган. Ахир бутун дунёга зарба берган коронавирусдан у «туғилган» Хитой қанчалик зарар кўришини тасаввур қилиш қийин эмас.

Фото: Reuters

Хитой дунё етакчилари орасида биринчи бўлиб коронавирус зарбасини қабул қилди ва қатъий карантин жорий этиб, йирик шаҳарларини ёпиб қўйди.

Жума куни Хитойда иқтисодий зарар миқдори ҳисоблаб чиқилди. Унга кўра, мамлакат иқтисодиётининг йиллик кўрсаткичи 6,8 фоизга камайиши прогноз қилинган. Бу Хитой учун даҳшатнинг ўзгинаси. Чин ўлкасида йиллик кўрсаткичлар ҳар йили 15 фоизлаб ўсишига ўрганишган. Ҳатто жаҳон иқтисодий инқирози вақтида ҳам Хитойда иқтисодиёт ўсишдан тўхтамаган.

Хитой иқтисоди 1970-йиллардаги Мао Цзэдун ўтказган «маънавий инқилоб»дан буён бундай қийинчиликларни кўрмаганди. Ишонаверинг, дунё Хитойга шунчалик боғланиб қолганки, бу мамлакатнинг иқтисодий зарарини сайёрадаги ҳар бир фуқаро ўз танасида ҳис қилади.

2002-03 йилларда ҳам дунёда SARS эпидемияси тарқалганди. Ўшанда Хитой ЯИМи дунё иқтисодиётининг 4 фоизини ташкил қиларди. Ҳозир эса дунё иқтисодиётининг 17 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келади ва мамлакат ЯИМ бўйича дунёда иккинчи ўринда туради. Қолаверса, 18 йил олдинги эпидемия ҳозирги каби даҳшатли кўриниш олмаган. 26 мамлакатда 8 минг киши номаълум пневмонияга чалинган, қурбонлар сони 800дан ошмаганди. Таққослаш учун, коронавирус юқтирганлар сони 2,2 миллиондан ошди, 150 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди.

Хитойнинг тағин омади келди

Хитой зарар кўриши бошқа бой мамлакатларни ҳам ҳушёр бўлишга чақирди ва улар ҳам зарардан қоча олмасликларини ҳис қилишди. Камбағал давлатлар эса улар учун аҳвол янада ёмон бўлишини тахмин қилишлари мумкин. Иқтисодиёти кучли бўлмаган мамлакатлар катта давлатлар киритадиган капиталларга умид қилиб, бизнесни ривожлантиришади. Пандемия вақтида эса ҳеч ким бошқаларга пул бериш ҳақида ўйламайди. 2008 йилги инқироз вақтида ҳам шундай бўлган.

Халқаро молия институти (IFF) ҳисоб-китобларига кўра, вирус тарқалиши бошланган январь ойи ўрталарида ривожланаётган бозорлардан 100 миллиард доллардан ортиқ капитал чиқиб кетиши маълум бўлди. Бу 2008 йилдаги инқироз вақтидагидан ҳам кўпроқ эди. Бу кўрсаткичлар пасаймаяпти. Март ойининг ўзида ўша 100 миллиарднинг 80 миллиарди бозорлардан чиқиб кетган.

Хитой портлари аввалига карантин туфайли бўшаб қолди, энди Ғарбдаги вазият туфайли талаб камайган
GETTY IMAGES

Бироқ Хитой – истисно. Хитойдан капитал чиқиб кетаётгани йўқ, чунки вирусга алоқаси бўлмаган иқтисодий либераллик бунга йўл қўймайди. Шундай бўлса-да, Хитой зарар кўрмоқда. Хитойки зарар кўрса, Ғарб капитали эвазига ривожланаётган бошқа мамлакатларнинг аҳволи нима кечишини тасаввур қилиш қийин.

Катта мамлакатларнинг капиталидан қуруқ қолган давлатларда девальвация бошланади, ҳаёт даражаси пасаяди, харажатлар кўпайган ҳозирги паллада эски қарзларни ҳам тўлаш керак бўлади. Буларнинг ҳаммаси хазинанинг пуллари коронавирусга сарфланаётган, даромадлар камайиб хом ашё арзонлаётган пандемия шароитида содир бўлади.

Нефть ва металл арзонлаши эса Хитойга аксинча қўл келади. Чунки бу мамлакат дунёдаги энг йирик хом ашё истеъмолчиси ҳисобланади. Нефть арзонлаган бир вақтда уни катта миқдорда сотиб олиб захирани арзонга тўлдириш мумкин.

Юқорида кўрсаткичларнинг 6,8 фоиз пастлаши ҳақида айтилганди, аммо биринчи чорак якунига кўра амалга оширилган бу ҳисоб-китоблар иқтисодга бўладиган босимнинг «иккинчи тўлқини»ни ўз ичига олмаган. Улар Хитой ички бозоридаги йўқотишларнинг йиғиндиси, холос. Аммо ҳали хорижга маҳсулот сотадиган ўзига хос «дунё фабрикаси»нинг зарари энди бўй кўрсатади. Ахир Хитой дунёга озмунча маҳсулот экспорт қиладими?

Дунёдаги компаниялар ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар учун таркибий қисмларнинг ярми айнан Хитойда ясалади. Яъни, дунёда «айфон» ҳамда машиналарга бўлган эҳтиёж пасайиши ҳам Хитой иқтисодиётига салбий таъсир қилади. Аммо бу зарарлар ҳозир эмас, кейинги чоракда (апрель-июнь) сезилади.

Вирус ёмон вақтда келди

Хитой қўпол қилиб айтганда, «вируснинг келишини интизорлик билан кутмаганди». Чунки мамлакат иқтисодиёти шундоғам энг яхши кунларини бошдан кечирмаётганди. Ўтган йил Хитой иқтисодиётидаги ўсиш 6,1 фоизни ташкил қилди. Бу ўтган аср охиридан буён энг паст ўсиш эди.

Ҳа, АҚШнинг санкциялари бесамар кетмагани аниқ. АҚШ билан савдо уруши ва Ҳонгконгдаги намойишлар Хитойга жиддий зарба бўлди.

Bloomberg ва Reuters жорий йилда Хитой ЯИМи 2,5 фоиз ўсишини тахмин қилмоқда. Ҳатто 1990 йил Пекиндаги қонли намойишлар вақтида ҳам Хитой ЯИМ бундан яхшироқ ўсишга (4 фоиз) эришганди.

Мавзуга оид