Иқтисодиёт | 15:30 / 20.04.2020
88196
7 дақиқада ўқилади

Аҳолига молиявий кўмак бериш: Уч босқичли тизим ҳақида тавсия

Оммавий карантин муддати қанчалик кўп узайтирилар экан, карантин сабабли даромадсиз қолган аҳолининг моддий ҳолати шунчалик оғирлашиб бораверади. Бундай шароитда давлатнинг асосий вазифаси иложи борича тезроқ молиявий кўмакни етказиш бўлади.

Фото: KUN.UZ

Молия вазирлигининг ахборотига кўра, Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 756 млрд сўмлик умумий харажатдан ижтимоий ҳимоя учун 117 млрд сўм белгиланиб, унда доимий даромадидан четлаштирилган кишиларни моддий қўллаш нафақалари ажратиб кўрсатилмаган.

Жамғарманинг даромад қисмига эътибор берсак, унинг 1 596 млрд сўмни ташкил этилишини кўрамиз. Ундан ташқари, президентнинг махсус фармонига кўра, жамғарманинг умумий ҳажми 10 000 млрд сўмни ташкил қилиши керак. Эҳтимол, эълон қилинган харажатлардан ортганининг маълум миқдори карантин сабабли маош ола олмаётган аҳоли турига моддий кўмак тайинланар ва ҳозирги вақтда рақамларни аниқлаштириш жараёни кетаётгандир. Нима бўлганда ҳам бу вазифани узоқ кечиктириб бўлмайди.

Молиявий кўмак миқдорини белгилаш учун уч омилга қаралади:

– мазкур мақсад учун ажратилган жамғарма миқдори;

– нафақа олишга ҳақли ҳар бир кишига кўрсатиладиган минимал молиявий кўмак миқдори;

– молиявий нафақа олишга ҳақли аҳолининг умумий сони.

Бош вазир ўринбосари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Kun.uz'га берган интервьюсида нафақага мухтож кишиларни аниқлаш осон кечмаслиги, бунинг сабаби – меҳнат қилиб келган шахсларнинг катта қисми норасмий секторда банд эканини айтиб ўтди.

Қимматли вақт йўқотмаслик мақсадида кўмак траншларини бир неча босқич – эшелонлар билан ташкил қилинишини тавсия этамиз. Бундай механизм икки оқимли тизим билан ишлайди: ахборот ва маблағ оқимлари. Махсус комиссия қошида марказий молиявий кўмак хизмати ташкил қилиниб, унга нафақа траншлари бўйича банкларга топшириқ бериш ваколати берилади.

Биринчи эшелон: Банклар ўз мижозлари бўлмиш вазирликлар, уюшмалар, ташкилотлар, маҳаллий бюджетлар ва хусусий корхоналардан (умумий қилиб «ташкилотлар» деб атаймиз) карантин муддатига маошидан четлаштирилган ходимлар умумий сони ҳақида ахборот йиғади ва олинган ахборотни Махсус комиссияга юборади.

Махсус комиссия молиявий кўмак умумий рақамида ҳар бир банкка талаб қилинган миқдорда маблағларни ўтказади, банк эса ўз навбатида ташкилотлар сўраган маблағни уларнинг ҳисоб рақамларига ўтказади.

Ташкилотлар бу жараёнда аввалги юборган умумий миқдорга илова қилиб нафақа оладиган ходимлар рўйхатини исм-фамилия ва паспорт рақамлари билан Махсус комиссияга оддий шаклда бир андозали маълумотнома топширадилар. Ташкилотлар ҳисоб рақамларига тушган кўмак пулини ойлик схемалари орқали ходимлар пластик карталарига ўтказиб берадилар. Махсус комиссия ахборот тизимига биринчи эшелон рўйхатлари ҳар бир нафақа олувчининг исм-фамилияси, паспорт рақами, ташкилот номи ва рўйхатга олиниш санаси киритилади.

Иккинчи эшелон: маҳаллий ҳокимликларнинг Махсус комиссияси («маҳаллий комиссия») меҳнатга лаёқатли, аммо ишсиз, бандлиги расмийлаштирилмаган, якка тартибдаги тадбиркорлар ва умуман биринчи эшелон кўламига кирмаган карантин нафақасига лойиқ кишиларнинг исм-фамилиялари ва паспорт рақамлари кўрсатилган рўйхат тузадилар.

Рўйхат аҳолининг мурожаатлари асосида тузилади ва унда сўровчи ҳеч бир жойда расман ишламаётганини айтиб ўтган бўлиши керак. Ушбу маҳаллий комиссия маълумотни Махсус комиссиянинг марказий молиявий кўмак хизматига ва бириктирилган банкка узатади. Махсус комиссия банкларга маҳаллий комиссияга тааллуқли ҳисоб рақамларига сўралган маблағни ўтказишга топшириқ беради.

Учинчи эшелон: нафақага лойиқ, аммо юқоридаги биринчи ва иккинчи эшелонларга кирмаган аҳолини аниқлаштириш мақсадида маҳалла қўмиталари, волонтёрлар ва махсус ишонч телефони хизматларига топшириқ берилади. Ҳар бир маълумот йиғувчи тараф учинчи эшелон аҳолининг рўйхатларини тузиб, ўз ҳудудининг махаллий Махсус комиссияга топширадилар ва у ўз навбатида Махсус комиссиянинг молиявий кўмак хизматига ахборотни етказади. Молиявий кўмак хизмати банкларга аниқланган пул миқдорини ўтказишга топшириқ беради.

Бир неча эшелон рўйхатларда бир киши қайтадан кириб қолиш хатари мавжуд. Мазкур хато ахборот тизимидаги қайта кириб қолган кишиларнинг исми-фамилияси ва паспорт рақами орқали чиқади ва «конфликт» статуси билан алоҳида рўйхатга ўтказилади. «Конфликт» рўйхатидаги ҳар бир киши ҳақида маълумот аниқлаштирилади, у қайси эшелон рўйхатига биринчи киритилган бўлса, ўша йўл билан унга маблағ етказилади.

Бошқа масалалар

1. Тавсия қилинаётган уч-эшелонлик тизимнинг ҳар бир поғонасида инсоний хато ва суиистеъмолнинг олдини олувчи ва аниқлаштируви назорат механизмлари ўрнатилиши керак. Лекин назорат пул ва ахборот оқимларини секинлаштирадиган расмиятчиликка айланмаслиги лозим. Инқироз вазиятида мутасаддилардан ортиқча расмиятчилик қилмаслик учун маълум журъат ва ўзаро ишонч талаб қилинади.

Қолаверса, бу жараёнда йўл қўйилган қонунбузарликни аниқлаштириш ва айбдорларни жиноий жавобгарликка тортиш қийин эмас, бу ҳақда жиддий огоҳлантириш бериш фирибгарлик таҳликасини камайтиради, деб ишонамиз.

2. Махсус комиссия қошидаги молиявий кўмак хизматлари пойтахтда жойлашган бир марказ эмас, балки бир неча шаҳар ва вилоятлар маҳаллий марказлари кўринишида бўлиши мумкин. Асосий эътибор, биринчидан, умумий механизмнинг тез ишлай олишига, иккинчидан, ягона ахборот тизими мавжуд бўлишига қаратилиши керак.

3. Яна бир муаммо – бу нақд пулни нафақа олувчиларга етказиб беришни ташкил қилиш. Бунда биринчи ўринга аҳолининг пластик картасидаги ҳисоб рақамлари билан таъминлангани чиқади. Аҳоли тушган пулни зарурий харажатларига ишлата олиши учун савдо шохобчалари эквайринг тизимлари, онлайн савдо ва бозор шароитларида кишидан кишига пул ўтказиш тизимларини ишлашини осонлаштириш зарур.

Бу муҳим вазифа билан боғлиқ бўлган техник муаммоларни бартараф қилиш учун финтех мутахассисларга буюртмалар беришни тезлатиш керак. Нақд пулларни банк ҳисоб рақамлари, пластик карталари бўлмаган, айниқса олис жойлардаги нафақа олувчига етказиб беришни махсус жиҳозланган инкассатор хизматлари ва, агар зарур бўлса, ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар хизматларидан фойдаланиш мумкин.

Шунингдек энг катта хатар – тўрачилик ва ортиқча расмиятчилик кескин равишда тўхтатилиши ва керак бўлса, маъмурий жазоланиши лозим.

Жамшид Муслимов

Мавзуга оид