Иқтисодиёт | 13:56 / 01.05.2020
44295
11 дақиқада ўқилади

Нега четдан қарз олиняптию, ички ресурслар ишга солинмаяпти?

25 апрель куни Молия вазирининг ўринбосари Одилбек Исоқов Kun.uz’га интервью бера туриб, Ўзбекистоннинг ташқи қарзлари миқдори, қарзга олинган маблағлардан фойдаланиш йўналишлари ва ташқи қарзнинг янада ўсиш сабабларини ёритиб берди.

Бу каби интервьюлар, яъни вазирликлар вакилларининг халқни қизиқтирган турли жабҳалар юзасидан ахборот бериши, шубҳасиз, яхши аломат. Шу ўринда бир неча фикрларни жоиз деб биламиз.

Амалдаги қонун

Айтиш керакки, «Хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни 1996 йил август ойида қабул қилинган бўлиб, унга асосан 2013 ва 2017 йиллар давомида бир неча ўзгартиришлар киритилган. Ўткир зарурат бўлмагани учун бу қонуннинг турли бандларига умуман эътибор ҳам берилмаган.

Масалан, қонуннинг 4-бандида «Давлатнинг хориждан маблағ жалб қилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси номидан шартномалар тузиш ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки улар томонидан ваколат берилган орган эгадир», деб белгиланган.

Биринчи ўринда конкрет ваколатли шахс — давлат раҳбари кўрсатилган бўлса, иккинчи ва учинчи ўринда умуман наониқлик мавжуд, чунки Вазирлар Маҳкамаси бирор-бир ваколатли шахс томонидан бошқарилади. Демак, айнан шу инсон шартномаларга қўл қўйиш ҳуқуқи ва жавобгарлик масъулиятига эга бўлиши керак.

Ҳозирги формула эса аморф, яъни муаллақ ва ишламайди. Боз устига, ана шу модданинг 3-бандига кўра, «Давлатнинг хориждан маблағ жалб қилиши тўғрисидаги шартномаларни тузиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади».

Ваҳоланки, биз қанча марта уриниб кўрган бўлсак ҳам, Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган бирорта ана шу тартибни топа олмадик. Яъни, 2020 йилда қайтадан тузилган Молия вазирлигининг «Давлат ички ва ташқи қарзи департаменти» тегишли вазир ўринбосари билан бирга «Давлатнинг хориждан маблағ жалб қилиши тўғрисидаги шартномаларни тузиш тартиби» ҳақида тегишли низом лойиҳасини ишлаб чиқиши ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиши бугунги кунда долзарб масала.

1 млрд АҚШ доллари миқдоридаги фискал захира

2019 йил 25 июлида ўша вақтда Молия вазирининг биринчи ўринбосари бўлган Тимур Ишметов Молия вазирлиги Халқаро ривожланиш ва тараққиёт банки (IBRR) ҳамда Халқаро валюта жамғармаси билан биргаликда 2019-2021 йилларга мўлжалланган Давлат қарзларини бошқариш стратегиясини ишлаб чиқиш борасида иш олиб борилаётгани ҳақида хабар берганди.

«Ўзбекистон ҳозирда катта қийматлардаги инвестиция ва харажатларга муҳтож. Ишлаб чиқариш ҳажмини кенг кўламда оширамиз деб турган вақтимизда, бизга тайёр молиявий ресурслар таклиф қилинса, бу ресурсларни осонгина олиб, тезда ишлатиб юбориш илинжидан ўзимизни тийиш қийин бўлади», деб таъкидлаган эди ўшанда у.

Айнан шунинг учун, 2020 йил давлат бюджетида Ўзбекистоннинг умумий қарз олиш миқдори 4 млрд АҚШ долларидан ошмаслиги ҳамда давлат қарзларини қайтариш учун умумий харажатлар миқдори йил давомида 1,5 млрд АҚШ долларидан ошмаслиги қатъий белгиланган эди. 

2020 йил учун тасдиқланган расман давлат бюджетида эса давлат бюджетида ташқи қарз ҳисобига умумий — 17919 млрд сўмлик камомаднинг 14394,1 млрд сўми ташқи қарзлар ҳисобига ёпилиши керак эди.

Қизиғи шундаки, Одилбек Исоқовнинг берган маълумотига кўра, Молия вазирлиги томонидан Инқирозга қарши курашиш жамғармасига 2020 йил 24 апрель ҳолатига 2,1 трлн сўм миқдорида маблағ ажратилган бўлса, «бу асосан Молия вазирлигининг фискал захираларидан кетган... Бир қисми дивидендлардан ташкил топган, қолгани олдин жалб қилинган кредитлар ҳисобига 1 миллиард доллардан ошиқ фискал захиралар тўпланган».

Маълумки, бугунги кунда Молия вазирлиги тизимида DMFAS-6 номли электрон дастур тизими жорий этилган бўлиб, унинг асосида давлат қарзлари ҳажми ва уларни ижро этиш, тўлаш жараёни автоматик тарзда кузатилиб борилади. Агар шундай тизим мавжуд бўлса, бир нарса биз учун тушунарсиз бўлиб қоляпти:

Молия вазирлиги берган маълумотларга кўра, 2019 йилдаги давлатнинг Умумлаштирилган (консолидацияланган) бюджети камомади — 7750,2 млрд сўмни ташкил этган бўлса, қандай қилиб шу вазирликнинг бир департаментида 2,1 трлн сўм ва 1 млрд АҚШ доларига тенг ортиқча (ошиқ) фискал захиралар тўпланган?

Ваҳоланки, Молия вазирлигининг йил бошидаги маълумотига кўра, барча давлат мақсадли жамғармаларнинг йил бошидаги қолдиғи — 0,8 трлн сўм бўлган, холос. Яъни, шундай давлат бюджети камомади борлиги эълон қилинган шароитда, боз устига, жамики давлат мақсадли жамғармаларнинг йил бошидаги қолдиғи очиқ айтилган шароитда, 1,3 млрд АҚШ долларига тенг келган захира (буфер) қаердан келиб қолганини тушунмай турибмиз.

Фуқаролар манфаати нуқтайи назаридан мантиққа тескари бўлган бу фактларга изоҳ берилиши лозим, деб ўйлаймиз.

Вазирликнинг қарзни янада оширувчи баъзи ташаббуслари

Молия вазирлигининг Давлат ички ва ташқи қарзи департаменти вазирликнинг бошқа департаментлари билан биргаликда чет элдан жалб қилинган маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни танлаш, баҳолаш, ҳамда самараси устидан назорат қилиш тартибини ишлаб чиқиши керак эди.

Ана шу департамент ташаббуси билан 2020 йил 1 февралигача Молия Вазирлиги Ғазначилиги қошида Кафолатни ижро этиш фонди ташкил этилиши кўзда тутилганди.

Қизиғи шундаки, ҳар қандай янги тизим энг аввало ўзи фаолияти учун маблағ қидиради. Бу янги жамғармани тузиш манбайи этиб ҳар бир давлат кафолати берилган лойиҳанинг ҳали тўланмаган қолдиғидан 0,5 фоиз маблағ марказлаштириш ва бу пулларни ана шу кафолатни ижро этиш жамғармасига йўналтириш кўзда тутилган эди.

Кўриб турибмизки, бундай амалиёт инвестицион ёки бошқа зарур лойиҳалар учун олинадиган давлат қарзлари миқдорини қарз олувчи учун автоматик тарзда 0,5 фоизга кўтаради. Яна бир фискал йиғин...

Нега миллий валюта эмиссияси умуман кўзда тутилмаяпти?

Ўқувчилар томонидан келаётган мурожаатлар шуни кўрсатяптики, бугунги кунда кўпчиликни четдан олинаётган қарзлар нега ўсиб кетаётгани эмас, балки «бу қарзларни олиш ўрнига нега Ўзбекистон ўзининг ички ресурсларидан тўла фойдаланмаётгани» ҳақидаги савол кўпроқ ўйлантиряпти.

Бир неча мутахассис турли мамлакатларнинг тарихий тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, нега миллий валютани эмиссия қилиб, марказлаштирилган тарзда бюджет орқали барча харажатлар молиялаштирилиши ва жиддий назорат ўрнатилиши ўрнига, барча вазирликлар кўпроқ ва тезроқ чет элдан қарз олиш пойгасида қатнашаётганини эслатувчи вазият юзага келмоқда?

3,1 млрд АҚШ доллари миқдорида қарз олиш осон, лекин уни бошқа мавжуд бўлган 26 млрд АҚШ долларидан ортиқ бўлган қарзлар билан бирга қўшиб тўлаш анча оғир бўлади.

Яна Одилбек Исоқовнинг фикрича, биз берилган қарзларни реструктуризация қилишга муҳтож эмасмиз. Бу Молия вазирлигининг яхлит фикрими ёки парламент тасдиқлаган сиёсатми?

Шу нуқтайи назардан, бизда бир таклиф бор: рўй берган инқирозни молиялаштириш бўйича зарур бўлган барча харажатларни чет элдан қарз олмай, ички ресурслар ҳисобидан қоплаш. Бунинг учун:

  • Молия вазирлиги керак бўлган миқдорда Марказий банк белгилаган инфляция даражасига тенг миқдордаги даромад даражаси билан 10 йил муддатга Давлат ғазнаси облигацияларини чиқарсин;
  • Бу облигациялар Марказий банк томонидан миллий валютанинг эмитенти сифатида сотиб олинсин ва тегишли миқдордаги сумма Молия вазирлиги ҳисобварақаларига ўтказилсин;
  • Кризис билан боғлиқ бўлган барча харажатлар ана шу облигацияларни жойлаштиришдан тушган маблағлар миқёсида молиялаштирилсин.

Биз бераётган таклиф 3,1 млрд АҚШ доллари миқдорида жалб қилиш бўйича режадан бир қатор афзалликларга эга:

  • Эмиссия қилинган маблағлар давлат бюджети орқали марказлаштирилган тарзда маҳаллий валютада сарфлангани учун, улар энг табиий ҳолда пул айланмаси доирасига кирадилар, яъни давлат бюджети – ишлаб чиқариш – истеъмол – ишлаб чиқариш ва истеъмол доирасида – солиқлар. Бюджет – бюджет ташкилотлари (бюджет ойлик маошлари, пенсиялар ва нафақалар) – инвестицион лойиҳаларга эга бўлган халқ хўжалиги тармоқлари (солиқлар тўлови билан) – глобал талаб яратувчи хўжалик ташкилотлари (солиқлар тўлови билан);
  • Эмиссия қилинган маблағларнинг қарийб 40 фоизи 3–6 мобайнида бюджетга тўла қайтиб келади. Қолган 60 фоизи эса халқ хўжалигида глобал талаб ҳосил этади (Марказий банк инкор этаётган талаб ана шу ердан келади);
  • Пуллар секвестрация қилинган (ихчамлашган), энг зарурлари қолдирилган давлат харажатлари асосида сарфланади, яъни приоритетлар қайта кўрилган ва қайта белгиланган шароитда. Демакки, пул сарфи устидан давлат назорати тўлақонли ва табиий ҳолда бўлади, бу назорат тизимини қайта тузиш керак эмас;
  • Пуллар миллий валютада эмиссия бўлади, демак алмашув курси ўсиши бу пулларни 10 йил давомида Марказий банкка қайтаришга таъсир этмайди;
  • Марказий банк эмиссия қилинган пуллар эвазига ўзи белгилаган инфляция миқдорида устама олади, демакки зарар кўрмайди, бозор инструментидан фойдаланади;
  • Эмиссия қилинган пул инфляция даражасига қарз олинган пулга нисбатан камроқ таъсир қилади, чунки қарз устида алмашув курси фарқи ҳам бор;
  • Қарз олинган пуллар эса тўғридан тўғри алмашув курсига босим ўтказади, чунки аввалги тўпланган қарзларни тўлаш ҳажмига янги олинган қарзлар ҳажми қўшилади, бу эса валюта тушумлари камайган ҳолатда жуда муҳим фактор.

Бизга доим «ортиқча пул эмиссияси миллий валютани қадрини туширади, алмашув курси тушиб кетади», деган догмани сингдириб келишган. Аслида эса, ҳаддан ташқари кўп қарзлар алал оқибатда ҳар қандай иқтисодиётни бутунлай синдиради. Чунки, олинган қарз ҳам мамлакатдаги М1 пул агрегатининг бир қисми, демакки инфляцияни оширишда эмиссиядан кўпроқ таъсирга эга (алмашув курси ўсиши ҳисобига). Боз устига, мамлакат янги олинган қарзларни эски қарзлар билан бирга тўлаб бориши керак. Демак, янги қарз миқдори валюта алмашуви миқдорига бевосита босим кўрсатади ва пул алмашув курсини туширади.

Аслида, қарз олишми ёки эмиссия қилиш масаласида қарзнинг ягона устунлиги бор — бу ҳам бўлса, олтин валюта захираларимизни бугунги таваккал шароитда ишлатмаслик. Бошқа ҳаммаси эса эски «қарз бўлса бўлар, хотин ёнга қолади», қабилида мантиққа эга, холос.

Ўйлаймизки, бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, ҳар бир қилинаётган иш халқ манфаати йўлида чуқур мулоҳазалар асосида бўлиши керак.

Абдулла Абдуқодиров

Иқтисодий таҳлилчи

Мавзуга оид