Иқтисодиёт | 17:05 / 30.06.2020
14987
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон сўмда евробондлар чиқаришни режалаштирмоқда

Ўзбекистон ҳукумати бу йил 500 миллион доллар эквивалентидаги миллий валютада еврооблигациялар чиқаришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Bloomberg’га берган интервьюсида молия вазирининг ўринбосари Одилбек Исоқов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, коронавирус пандемияси туфайли Ўзбекистоннинг қарзга эҳтиёжи ортади. Қарзлар бозорига кириш тўғрисида қарор бозор ва йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича бюджет тақчиллигига боғлиқ бўлади.

500 миллион долларга эквивалент бўлган евробондлар бу йил ва келаси йили ҳам худди шундай ҳажмда жойлаштирилиши мумкин, деди Исоқов. Бу бюджет эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Шунингдек, Исоқовнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон келгуси йилда қайта тикланадиган энергия лойиҳаларини молиялаштириш учун биринчи исломий облигацияларни чиқариши мумкин.

Унинг таъкидлашича, 10 йил ичида давлат қарзи сўмдаги улушини 11,5 фоиздан 50 фоизгача ошириш «катта нарса, аммо бунга эришиш мумкин».

2019 йилда Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта умумий қиймати 1 миллиард долларга тенг бўлган иккита евробондлар траншини жойлаштирди. Қарз облигацияларининг тўлов муддати 2024 ва 2029 йил февраль ойларига белгиланган. 

Ўз навбатида, Молия вазирлиги ахборот хизматининг Kun.uz’га аниқлик киритишича, бу ерда асосий урғу ички бозорга қаратилган. 

«2020 йилда 500 млн доллар эквивалентида - миллий валюта - сўмда облигациялар чиқарилиши ички бозорда назарда тутилган. 2021 йилда ҳам шундай. 2030 йилгача қарз портфелида сўмдаги қарз улушини 50 фоизгача ошириш назарда тутилган. Ташқи бозорда Евробонд жойлаштириш режалаштирилмаган», - дейилади вазирлик изоҳида.

Мавзуга оид