Жаҳон | 10:46 / 03.07.2020
55701
13 дақиқада ўқилади

Шаҳаншоҳ. Яна Путин ва референдум ҳақида

«Президентлик давримнинг бошлари эди. Олдимга бир гуруҳ одамлар келди-да, «Чиндан бу мамлакатни бошқараман деб ўйлаяпсизми?» дейишди. Мен «ҳа», деб жавоб бердим. «Кўрамиз» дейишди, мен ҳам «кўрамиз» дедим». Владимир Путин

Сергей Карпухин / Reuters / Scanpix / LETA

Янги аср бошидан буён Россияни бошқариб келаётган Владимир Путин дунёдаги энг йирик мамлакатни яна икки муддат бошқариш имконига эга бўлди. Аниқроқ айтганда, янги асрнинг 2008-12 йилларида танаффус қилган ҳолда Россияни бошқариб келаётган Путин. Ахир бу муддатда Россияни Медведев бошқаргани факт, қолган ҳар қандай фикр тахминдан бошқа нарса эмас.

Асосий иши Кремль, хусусан, Путинни ташвиқот қилиш бўлган рус нашрларида бу ўзгаришнинг «ҳаёт-мамот масаласи» экани ҳақида ҳар қанча гапирилмасин, Путин кескин танқидлар гирдобида қолмоқда. Владимир Владимирович буни жуда яхши билади, ахир у чумчуқдан қўрққанида тариқ экмасди, тўғрими? Қуйида ҳаммаси нега бундай ривожланди, деган саволга ўз хабардорлигимиз даражасида мулоҳаза юритамиз.

Тўрт мушкетёр

Сўзимиз аввалида Путин президентлик даврида дуч келган воқеани келтирдик. Бу қайсидир фильмдан олинмаган ёки ўйлаб топилган ҳикоя эмас. Путин бу ҳақда интервьюларидан бирида айтган. Ўша одамлар ким бўлган деб ўйлайсиз? Уларнинг кимлигини аниқ айтиб бўлмаса-да, тахмин қилиш мумкин. Айтайлик, улардан бири Михаил Ходорковский бўлгандир. Балки Роман Абрамовичдир? Путинга заҳарханда қилган одам Борис Березовский ёки Владимир Гусинский ҳам бўлиши мумкин.

Владимир Владимирович тахтга келган вақтда бу тўртлик Россиянинг энг йирик тадбиркорлари эди. Путин улар билан келиша олмагани ҳақида кўп гапирилган. Россия сиёсатини кузатиб борадиганлар бу гаплар ҳақиқатга яқинлигини тушунади. Борис Ельцин даврида Россияда ёппасига хусусийлаштириш бошланади ва натижада йирик миллиардерлар пайдо бўлади.

Бу миллиардерлар, хусусан, юқоридаги тўртлик ортида АҚШ тургани ҳақида кўп гапириларди. Россияда эса Америка деган сўзга аллергия борлиги сир эмас. Агар чиндан бу тадбиркорларнинг ортида Россиянинг асосий рақобатчиси (ёки душмани) турган бўлса, табиийки Путин буни фожиа сифатида қабул қилган. Ахир мамлакат ҳарбий жиҳатдан ҳар қанча қудратли бўлмасин, унинг капиталини бошқалар назорат қилса, ҳарбий қудрат бир пулга қиммат бўлиб қолади.

Шу тариқа, Путин бунақа хусусийчилик керак эмас деб, миллиардерларга кескин зарба беради. Оқибатда бугун Ходорковский каби хусусийлаштириш ортидан миллиардер бўлиб кетганларни учратмайсиз. Бир сўз билан айтганда, Путин ўта мураккаб вақтда ҳокимият тепасига келиб мамлакатни бошқаришни истаётган бойларга «Жаноблар, Россиянинг эгаси бор», деди.

Путин балки мана шу қатъияти учун Россия тахтига келгандир. Ўзи унинг давлат раҳбарлигига келиши ҳам ноодатий бўлганди. Саломатлиги ёмонлашган Ельцин 1999 йил 31 декабрь куни янги йил табригини ўқийди-да, президентликдан кетиши, унинг ўрнини вақтинчаликка ФСБнинг собиқ раҳбари ва бир неча ой ҳукумат раҳбари бўлиб ишлаган Владимир Путин эгаллашини айтади. Аммо Путин томдан тараша тушгандек президентга айланиб қолди деб бўлмайди. У мамлакатнинг энг асосий одами бўлиш учун етарлича узоқ масофани босиб ўтган.

Юқорида қатъият ҳақида гапирдик. Аслида Ельцинда ҳам бу борада муаммо йўқ эди. Горбачёвни СССР президенти бўлиб турган вақтдаёқ мамлакатнинг иккинчи рақамли одамига айлантириб қўйган қатъият соҳиби айнан Ельцин эди. Россиянинг биринчи президенти ёши ўтгани сабаб ўрнига мамлакатни «ўзидан кам севмайдиган» инсон келишини хоҳлади.

Бу номга муносиб кўрилган Путин дунёга жуда тез танилди. Йўқ, Россия президенти бўлгани учун эмас, ҳаддан ташқари хотиржамлиги, чертиб гапириши, табассум ортида яширин интеллекти билан. Албатта, керагидан ортиқ вақт тахтда ўтиришни оқлаш қийин, лекин Путин сиёсатчи сифатида етук инсон эканини ҳам тан олиш керак.

«Терешкова тузатуви»

Путиннинг президентлик ваколатларини ошириш таклифи Валентина Терешковадан чиққани, айнан коинотга чиққан илк космонавт аёлнинг таклифи сабабгина Путин яна икки марта президентлик сайловларда қатнаша олиши каби гапларга... майли ишондик ҳам дейлик. Аммо бу иш аслида кимнинг ташаббуси эканини ҳамма билиб турибди. Айнан ўша одам яқин келажакда яна АҚШ сармояси билан Россияда катта қудратга эга бўладиган миллиардерлар чиқишидан ҳайиқиб, амалдаги сиёсий тузум ўзгармаслигини хоҳламоқда.

Ўзининг айтишича, Россия манфаатини ҳамма нарсадан устун қўядиган Путин мамлакат иқтисодиёти пасайиб кетаётгани фонида ақл бовар қилмас кўламда танқидлар гирдобида қолиб кетаётганини ҳис қилса-да, тахтда қолишни истамоқда. У бугунги дунёда АҚШга, унинг «иқтисодий агрессив» сиёсатига қарши «Россия томонидан туриб жанг қила оладиган» ягона инсон ўзи деб ўйлар балки. Бу фикрга мамлакат аҳолисининг катта қисми ҳам ишониб бўлган...

Бир сўз билан айтганда, унда яширин қўрқув – паранойя бор. Менсиз Россия америкаликларнинг қўлига ўтиб кетади, деган қўрқув. Ваҳоланки океан ортида уни бутун бошли «АҚШ президентини тайинлашда» айблашмоқда. Хуллас, у ҳам, АҚШ ҳам бир-бирининг кучига балки керагича, балки керагидан ортиқ баҳо бермоқда.

Бош вазир нега алмашди?

Кўп йиллар давомида Россия бош вазири бўлиб ишлаган Дмитрий Медведев кутилмаганда истеъфога чиқарилди. Унинг ўрнини кўпчилик учун таниқли бўлмаган солиқ қўмитаси раҳбари Михаил Мишустин эгаллади. Путиндан нега одамлар унчалик яхши танимайдиган киши бош вазир бўлгани ҳақида ҳам сўрашди: «Кечирасиз, сиз уни яхши танимаслигингиз мумкин, лекин мен Михаил Владимировични яхши давлат хизматчиси деб биламан», деди Путин янги ҳукумат раҳбари ҳақида.

Мишустин бош вазир бўлгач, кўпчилик буни Путиннинг келажак учун режаси деб ўйлади, ахир 2024 йилда унинг президентлик ваколати тугайди. 2008 йилда ҳам шундай бўлган ва Путин бош вазирликка ўтиб, амалдаги бош вазир ўринбосари Дмитрий Медведев эса президентлик сайловларида ғолиб бўлганди. Кўпчиликнинг фикрича, ўша вақтда Путин «шунчаки бош вазир бўлмаган». Аммо бу ҳам фақат назария, факт эмас.

Шу боис, Мишустин ҳукумат раҳбарлигида Медведевни алмаштирганда 2008 йилги рокировка яна такрорланади деб ўйлашди. Яъни, яқиндагина солиқ қўмитаси раҳбари бўлган жаноб Мишустин вақтинча президент, Путин эса бош вазир бўлиши тусмолланди. Вақтинча, албатта. Аммо бу режа амалга ошишига бир шубҳа бор эди. Медведев давлат раҳбарига айланган вақтда Россияда президентлик ваколати 4 йил эди, ҳозир эса 6 йил.

Путин конституцияни ўзгартириш ҳақида гапириб, махсус комиссия тузганидаёқ ўзгартириш айнан президентлик лавозими ҳақида бўлишини ҳамма тушуниб турганди. Ҳали Путиннинг олдинги муддатлари «ноллаштирилиши» ҳақида гап бўлишидан аввал кўпчилик конституциядаги ўзгариш Россияда президентлик муддати яна 4 йилга қисқариши ҳақида бўлади деб ўйлади. Ахир 6 йил «вақтинча президент» бўлиш жуда узоқ муддат. Бироқ бундай бўлмади. 2024 йил келишига яна уч йил бор, шундай бўлса-да, амалдаги етакчи келажагини ҳам қонуний тарзда суғурталаб қўйди...

Лениннинг туғилган кунидаги референдум

Россия конституциясига Путинга яна икки муддат сайланиш имконини берадиган ўзгартириш киритилиши учун керакли ҳужжатлар имзоланган бўлса-да, энг асосий иш энди қилинди. Ўзгартириш кучга кириши учун референдум ўтказилди ва халқ овоз бериш йўли билан муҳим ўзгаришни тасдиқлади. Ҳаммаси оддий, овоз бериш жараёнида қатнашганларнинг 78 фоизи ўзгаришларни ёқлади ва Путиннинг олдинги муддатлари ноллаштирилди.

Энг қизиғи, референдум дастлаб 22 апрель куни ўтказилиши белгиланганди. Бунинг нимаси қизиқ дейсизми? Шунчаки бу кунда бошқа бир жаҳонгир – Ленин туғилган. Аммо коронавирус сабаб референдум 1 июлга кўчирилди.

«Путин – халқаро ҳакам»

Путиннинг яна лавозимда қолиши мумкинлиги мамлакат телеканалларида табиийки олқишланмоқда. «Справедливая Россия» партияси вакили Сергей Мироновнинг Путин ваколатлари ошириши ҳақидаги гаплари Россия телеканалларида айланмоқда: «Туркия етакчиси Эрдўған билан учрашувда бизнинг президентимиз бутун дунёни урушдан қутқариб қолди. Бу музокарадан кейин Трамп, Меркель ва бошқа дунё етакчилари енгил тин олди, чунки урушнинг бошланиш-бошланмаслиги уларнинг эмас, бизнинг президент қўлида эди! Биз конституцияга ўзгартириш учун овоз бераётганда Россия ҳукумати тепасида ким турганини жуда яхши англаб тургандик. Уни халқаро ҳакам деса ҳам бўлади».

Баъзи иддаоларга кўра, Путин 2024 йилги сайловларда қатнашмаса ҳам, бу ўзгариш унинг қолган қонуний 4 йиллик муддатини хотиржам ўтказиши учун муҳим. Эмишки, Путин 2024 йилдан кейин кетиши аниқ бўлган президентга айланса, халқаро майдонда у билан ҳисоблашмай қўйишади. Бу «назария» тарафдорлари русчасига айтганда Путиннинг «оқсоқ ўрдак»га айланишидан хавотирда эди. Аммо бу фикрларга қўшилиш қийин, чунки Россия президентлигидаги охирги кунида ҳам Путин, Россиядек катта давлатнинг раҳбари ҳар қандай ҳолатда катта одам бўлиб қолаверади.

Владимир Жириновский бу борада шундай деди: «Бу нарса президент қолган 4 йилни хотиржам ишлаб ўтказиши учун керак эди. У мамлакатда фавқулодда ҳолат бўлиб қолса, ҳукумат тепасида қолиши мумкинлигини ҳис қилган ҳолда ишлаши керак. Ҳозир шундоғам ярим ҳарбий ҳолатдамиз».

Жириновский Путинни гўёки танқид қилган ҳам бўлди: «Менга қолса, президентни кенгашнинг ўзида сайлаб қўявериш керак. Ахир 2024 ва 2030 йиллардаги сайловларда ким ютиши аниқ бўлган ҳолда сайлов кампанияси ўтказиш учун пул сарфламай қўяверайлик. Бу учун бюджетдан жуда катта маблағ кетади. Ҳаммаси Путин Владимир Владимирович яна 12 йил президент бўлиб қолиш учун қилинмоқда».

Жириновский 2036 йилги президентлик сайловларида 90 ёшда бўлишига қарамай қатнашишини айтиб, ҳазил ҳам қилди.

Нефть, рубль...

Путин учун ҳозирги Россия муаммолар гирдобида қолган даврни энг яхшиси деб бўлмайди. Нефть нархи кескин тушиб кетгани Россия иқтисодиётига салбий таъсир қилди, чунки мамлакат бу хом ашёга қаттиқ боғланган. Нефть арзонлагани фонида рубль ҳам қадрсизланиб, 1 АҚШ доллари 82 рублгача кўтарилган вақтлар бўлди. ОАВда ҳар қанча шовқинли чиқишлар қилинмасин, ислоҳот учун аввало пул керак бўлади. Бундай ҳолатда ҳукуматда қолиш эса «қаҳрамонликнинг ўзгинаси».

Путинга қарши кампания

2010 йилда ҳам рус жамиятида Путинга бўлган салбий муносабат шаклланиб, унга қарши ўзига хос кампания бошланганди. У вақтда Путин Россияда бош вазир лавозимида эди. 2008 йилда (Медведев президентликка киришганидан сўнг) президентлик ваколатининг 4 йилдан 6 йилга узайтирилганида бу иш нима учун қилинганини ҳамма тушунган ва бу иш Путинга қаршилар сони ортишига сабаб бўлганди.

2010 йилда Путинга қарши бутун бошли putinvotstavku.org сайти ишга туширилиб, унда Путиннинг ҳукуматдан кетишини қўлловчилардан имзо йиғилади. Сайтда «Путин кетиши керак» сарлавҳали баёнот ҳам эълон қилинган. Баёнотда жумладан шундай дейилганди: «Ҳалокатга юз тутаётган ижтимоий-сиёсий рус жамиятининг архитектори – Владимир Путин. У амалда ҳукумат тепасида турар экан ҳеч қанақа ислоҳот қилиб бўлмайди. Путинпарастликдан қутулиш янги эркин Россия тузиш йўлидаги энг муҳим қадам бўлади».

Баёнотда Россиянинг биринчи президенти Борис Ельцин ҳам танқидга олинган ва у ўз дахлсизлигини ўйлаб, Путинни ўрнида қолдиргани иддао қилинган. Ўша вақтда амалдаги президент бўлган Дмитрий Медведев эса «гапга кирадиган болакай»га қиёсланади. Бу кампания ташаббускори Андрей Пионтковский экани, баёнот матни муаллифи эса афсонавий шахматчи Гарри Гаспаров экани айтилади. Бу ҳаракатни кейинчалик (2015 йил) Кремль яқинида отиб кетилган Борис Немцов ҳам қўллаганди.

Хуллас, рус халқи катта танловни амалга оширди. Қандай ҳаётни танлаш эса уларнинг ўзига боғлиқ. Нима бўлганда ҳам, тинчлик бўлсин...

Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид