Жаҳон | 08:36 / 12.07.2020
26565
1 дақиқада ўқилади

Эронда Украина самолёти ҳалокатининг янги сабаби маълум қилинди

Эрон ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларининг нотўғри созланганлиги Теҳрон яқинида Украина йўловчи самолётининг уриб туширилишига олиб келган. Бу ҳақда Эрон фуқаролик авиацияси ташкилотида маълум қилинди.  

Фото: AFP

Ташкилот тақдим қилган ҳисоботга кўра, воқеадан сал аввалроқ мудофаа тизимларидан бири бошқа ерга кўчирилган, бу эса унинг географик ўрни ва йўналишининг ўзгаришига олиб келган. Тизим кўчирилгандан кейин инсон омили сабабли қайта созланмаган ва бундай вазиятларда бажарилиши шарт бўлган ҳаракатлар амалга оширилмаган.   

Шу сабабли, йўловчи самолёти Теҳрон томон ҳаракатланаётган объект деб хато қабул қилинган ва ракета билан уриб туширилган. Ваҳоланки, самолёт Теҳрондан учиб кетаётган бўлган.

“Украина халқаро авиалиниялари” компаниясининг Boeing 737-800 самолёти 8 январь тонгида Теҳрон аэропортидан ҳавога кўтарилгач кўп ўтмай уриб туширилган эди. Фожиа 176 кишининг ўлимига сабаб бўлган. Қурбонлар орасида Эрон, Украина, Канада, Британия, Германия, Швеция ва Афғонистон фуқаролари ҳамда экипажнинг 9 аъзоси бўлган. Эрон самолёт ҳарбийлар буйруғи билан эмас, балки хатолик туфайли уриб туширилгани тан олган. 

Мавзуга оид