Ўзбекистон | 23:56 / 22.07.2020
9388
2 дақиқада ўқилади

Ниқоб тақиш ўпка қуришига сабаб бўлмайди – Азиза Хўжаева

Узоқ вақт ниқоб тақиб юриш ўпка қуришини келтириб чиқариши ҳақидаги гаплар асоссиз, деб маълум қилди тиббиёт фанлари номзоди, иммунолог-инфекционист Азиза Хўжаева.

Ижтимоий тармоқларда ниқоб тақиб юриш гўёки ўпка қуришини келтириб чиқариши ҳақида маълумот тарқалди. Иммунолог-инфекционист Азиза Хўжаеванинг сўзларига кўра, бу маълумот илмий асосга эга эмас.

«Агар ниқоб ўпка қуришига олиб келганда, биронта соғ шифокор қолмаган бўларди. Чунки шифокорлар соатлаб ниқобда туриб, беморларни операция қилишади.

Ниқоб таққан ҳолатда ҳам, ниқобсиз бўлган ҳолатда ҳам организмдаги сатурация (капилляр қон томирларнинг кислород билан тўйинганлик даражаси) бир хил. Ниқоб гипоксияга – кислород етишмовчилигига сабаб бўлмайди.

Ўпка қуриши (фиброз)нинг сабаблари мутлақо бошқа. Аутоимммун касалликларда, йиллар давомида чекувчиларда фиброз кузатилиши мумкин. Ниқоб тақиш натижасида ўпка қуриб, пневмония келиб чиқиши мутлақо ёлғон. Пневмония ва ўпка қуришининг фарқи катта. Пневмонияда ўпка суюқликка шишади, ундаги майда қон томирларнинг ички девори яллиғланади», – деди мутахассис «Тез ёрдам» дастурининг 22 июль кунги сонида.

Мавзуга оид