Жаҳон | 15:14 / 19.08.2020
11000
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко заводларда митинг ўтказаётганлар билан «ҳисоб-китоб қилиниши»ни айтди

 9 август куни Беларусда бўлиб ўтган президент сайловларидан кейин аҳоли оммавий норозилик намойишларига чиқа бошлади. 17 август куни қатор корхоналар муддатсиз иш ташлашга қўшилди.

Фото: РИА Новости

Беларусь президенти Александр Лукашенко заводларда митинг ўтказаётганлар ва иш ташлашга чақираётганлар билан ҳисоб-китоб қилишга ваъда берди. У бу ҳақда хавфсизлик кенгаши йиғилишида айтди, деб хабар бермоқда БелТА.

 «Завод фабрикаларнинг ишчилари, раҳбарларига таҳдидлар ва ҳужумлар — бизни бу ҳам ташвишлантиряпти. Уларни иш кунидан олдин ва кейин тажовузкор оломон орасидан ўтишга мажбурлашяпти. Худди гестапо сингари. Мен ишчиларга миннатдорлик билдирмоқчиман ва ерга қарамасликка чақирмоқчиман. Сиз ишчилар бу заводнинг эгаларисиз, сизларни дарвоза олдида кутиб олаётган митингчилар билан эса ҳисоб-китоб қиламиз», — деб таъкидлади Лукашенко.

 9 август куни республикада бўлиб ўтган президент сайловларидан кейин аҳоли оммавий норозилик намойишларига чиқа бошлади. Дастлабки кунларда намойишчилар кучишлатар тузилмаларнинг қаттиқ қаршилигига дуч келди. Намойишчиларга қарши енгил гранаталар, резина ўқлар, сув тўплари ишлатилди ва ўқотар қуроллардан фойдаланилди. Бир неча кун ичида 7000дан ортиқ одам қўлга олинди.

 17 август куни қатор корхоналар муддатсиз иш ташлашга қўшилди. Александр Лукашенко Минскдаги трактор заводи (МЗКТ) ишчилари билан мулоқоти чоғида президентлик сайлови бошқа ўтказилмаслигини айтди.

Мавзуга оид