ЕТТБ 2020 йил Ўзбекистон иқтисодиётида ўсиш бўлмаслигини прогноз қилди
Европа тикланиш ва тараққиёт банки 2020 йилда Ўзбекистон ЯИМ 2 фоизга қисқариши, 2021 йилда эса 4,5 фоизга ўсишини тахмин қилмоқда. Банк май ойидаги ҳисоботида мамлакат иқтисодиёти бу йил 1,5 фоизга, кейинги йил эса 6,5 фоизга ўсишини прогноз қилганди.
2020 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш 0,2 фоизгача секинлашди, аммо асосан қишлоқ хўжалиги (2,8 фоиз) ва қурилиш (7,3 фоиз) соҳаларидаги ўсиш ҳисобига ижобий динамикани сақлаб қолди. Бу ҳақда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг янги макроиқтисодий докладида айтиб ўтилган. Ҳисоботни банк матбуот хизмати Kun.uz'га тақдим этди.
Ҳисоботда айтилишича, биринчи ярим йилликда саноат 1,9 фоизга, газ қазиб олиш 17,1 фоизга камайган; меҳмонхона бизнеси ва савдо 1,1 фоизга қисқарган; транспорт ва сақлаш, ахборот ва алоқа секторларида қисқариш 3,2 фоизни ташкил этган.
Карантин жорий этилиши оқибатида январь–июль ойларида ишсизлик 13,2 фоизгача чиққани(бир йил олдин 9,1 фоиз эди), аҳолининг реал даромадлари 1,7 фоизга камайган.
Талаб қисқариши оқибатида, август ойига келиб йиллик инфляция 11,7 фоизгача секинлашди (ўтган йилнинг шу даврида инфляция 16,5 фоизни ташкил қилганди). Натижада Марказий банк асосий ставкани 15 фоиздан 14 фоизга туширди.
Ҳукумат инқирозга қарши чоралар пакетларини қабул қилганига қарамай, йилнинг дастлабки 7 ойида импорт тахминан 18 фоизга камайди, экспорт эса 21 фоизга қисқарди. Ташқи савдодаги баланс Россия ва Қозоғистондаги иқтисодий фаоллик пасайиши ҳамда йилнинг дастлабки 7 ойида пул ўтказмаларининг 7 фоизга қисқариши туфайли ҳам ёмонлашган.
Умуман, Европа тикланиш ва тараққиёт банки 2020 йилда Ўзбекистоннинг реал ЯИМ 2,0 фоизга қисқаришини прогноз қилмоқда. 2021 йилда экспорт ва ички талабнинг қайта тикланиши натижасида ЯИМ ўсиши 4,5 фоизни ташкил этиши тахмин қилинган.
ЕТТБнинг май ойидаги докладида Ўзбекистон иқтисодиёти 2020 йилда 1,5 фоизга, 2021 йилда 6,5 фоизга ўсиши прогноз қилинган эди.
Эслатиб ўтамиз, Осиё тараққиёт банки сентябрь ойидаги ҳисоботида Ўзбекистон ЯИМнинг бу йилги ўсиши 0,5 фоиз бўлиши кутилаётганини билдирган эди. ОТБ июнь ойида 1,5 фоизлик ўсишни прогноз қилганди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда ЯИМ қисқариши 1995 йилдан кейинги даврда кузатилмаган.
Мавзуга оид
21:28 / 19.12.2024
2025 йилда 43 миллиард долларлик инвестиция ўзлаштириш кўзда тутилмоқда
21:11 / 19.12.2024
Дунёнинг энг йирик иқтисодиётлари эълон қилинди
13:41 / 16.12.2024
2030 йилга бориб Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажми 200 млрд долларга етиши мумкин
20:24 / 14.12.2024