Жаҳон | 19:11 / 15.11.2020
41330
7 дақиқада ўқилади

Телба ёки ҳақиқатгўй? Трамп қандай қилиб АҚШга президент бўлганди?

Дональд Трамп номи айтилганда одатда «телба», «популист» каби муносабатлар янграб, жорий тартиб-тамойилларни бузувчи «сиёсий безори» тушуниладиган бўлди. Бироқ, бундай тавсифларни бераётганимизда ўша лаҳзанинг ўзида Трампга овоз берган америкаликларнинг ҳам эси кетиб қолган деган фикрни билдираётган бўлмаймизми? Зеро, Трамп ўзидан ўзи АҚШ президенти бўлиб қолгани йўқ...

Фото: AFP

Инчунун, биз икки хулосадан бирини: ёки ростданам америкаликларнинг ярмини ақлий саломатлик тарк этган деган хулосани ёки Трамп юритган сиёсатда қандайдир маънолар бўлгани ва бу сиёсат АҚШ аҳолисининг ярмининг ич-ичидан чиққан истак экани ҳақидаги хулосани ўзимиз учун мустаҳкамлашимизга тўғри келади.

Тўғри, кимдир балки популистга овоз бериш учун телба бўлиш шарт эмас, шунчаки содда бўлиш етарли, «сиёсий безори»га овоз берганлар шунчаки эҳтиросларни уйғотувчи сўзларга учган содда одамлар, дейиши ҳам мумкин. Ҳа, бунақа ҳолат ҳам ҳаётда учрайди, бироқ, назаримда бу воқеликни соддалаштириш бўлади. Унда тўғри хулосани қаердан оламиз?

Трампнинг президент бўлиб сайланиши америкаликларнинг АҚШнинг ҳукмрон сиёсатига берган баҳоси деган мулоҳаза ҳам бор. Тўғрироғи, сўнгги ўн йилликлардаги сиёсатига. Янада аниқлаштирадиган бўлсак, сиёсий маънодаги АҚШнинг бошқа давлатлар сиёсатига ва ҳатто бутунбошли минтақалар ишига аралашиши, бунга катта маблағлар сарфлаши, хуллас, «уйдаги муаммолар»га етарлича эътибор бермасдан, нуқул ташқи сиёсат билан шуғулланишига нисбатан америкаликларнинг салбий муносабати йиғилиб-йиғилиб, бир кун келиб «Трампга айланиши» керак эди. Ва бу юз берди – Дональд Трамп айнан ўша – йиғилган норозиликни овозлаштирди ва америкалик зиёлилар қатламини ҳайратда қолдирган ҳолда сайловда ғолиб бўлди.

Қайсидир маънода, Трамп бўлмаганида уни ўйлаб топиш керак бўларди. У йилдан йилга, сайловдан сайловга тушунарсиз ибораларни кўп гапириб келган, аммо ҳолатни ўзгартирмаган президентлардан фарқли равишда ўзи қилмоқчи бўлган ишларни аниқ-тиниқ, оддий сўзлар билан – кўпчиликка тушунарли бўлган тарзда айтиб ташлади. Ва «пишиб» турган Американинг норози ярмига у маъқул келди. Чунки у АҚШ манфаатларига бошқа ракурсдан қарашни таклиф этди: «энди биз ҳуда-беҳудага бировларга ёрдам бермаймиз, ҳуда-беҳудага маблағ сарфламаймиз, бекордан бекорга бировларни қўриқламаймиз» деган гаплар билан ўртага чиқди. «Демократия қўриқчиси» бўлишдан воз кечишни таклиф этди.

Кимдир АҚШнинг ташқи сиёсати бугун бундай тус олгани йўқ, анча аввал бошланган дейиши мумкин ва унинг гапида ҳам жон бор. Унда нега айнан ҳозир Американинг ярми бу тусдаги ташқи сиёсатдан норози бўлиб қолди, деган савол туғилади.

Назаримда, авваллари бундай ташқи сиёсат бир қанча омиллар юзасидан америкаликлар онгида ва қалбида зарур деб кўрилган. Масалан, ўз вақтида советлар иттифоқи ва АҚШнинг ҳарбий (ядровий) қарама-қаршилиги шундай ташқи сиёсатни, «ҳамма жойга аралашиш кераклиги»ни, ҳаддан зиёд қуролланишни деярли оқлаган. Совет иттифоқи парчаланганидан кейин ҳам, гарчи тоталитар мафкурадан воз кечган Россияни ўша пайтда ўз дўстига айлантириш имконияти бўлган бўлса-да, АҚШ бундан фойдаланмади.

Ўз навбатида бу Россия ичидаги авторитар бошқарувни ёқлайдиган тоифага ҳам қўл келди.

Бироқ, авваллари ҳаводек зарур кўрилган бу каби қимматга тушадиган ташқи сиёсатнинг зарурати америкаликлар назарида пастлади, дейишга асосимиз бор. Узоқ давом этадиган сиёсий-ҳарбий кескинлик, сайловдан сайловга мерос қолдириладиган «ҳаммасини ҳал қиламиз» деган ваъдалар, афтидан, оммани чарчатганди. Зотан, ҳал қилиниши керак бўлган халқаро муаммолар ечилмасдан, АҚШ аралашган дунёнинг «қайноқ нуқталари» ҳам совимай келяпти. Бу эса халқнинг онгида «нега керак бундай ташқи сиёсат» деган саволни шакллантирди. Бир кун келиб бу президент сайловларига ўз таъсирини ўтказди.

Трамп жамоатчилик онгига зўрма-зўраки тиқиштирилган кўплаб хавотирларни кетказишга ҳаракат қилди.

У Америка жамоатчилиги назарини шундоқ ҳам иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан заифлашиб бораётган Россиядан, яъни «Россия хавфи»дан аллақачон АҚШга жиддий чақириқ ташлаб бўлган мамлакат – кундан кунга ҳар тарафлама кучайиб бораётган Хитойга кўчиришга ҳаракат қилди. Зеро, иқтисодий имкониятлари ўсиб бораётган Хитой бу имкониятларни, хусусан, ҳарбий кўринишга айлантираётганига шубҳа йўқ. Ҳозирда бу хавф жиддий кўринмаётган бўлса-да, кейинроқ вазият ўзгармаслигига кафолат йўқ. Техника билан ишлай олишини Хитой ҳарбий бўлмаган соҳаларда намоён қилишга улгуриб бўлди.

Трамп Хитой билан очиқдан очиқ зиддиятга киришди. Гарчи, бу иқтисодий санкциялар кўринишида бўлган эса-да, Трамп яқин келажакда юз бериши мумкин бўлган АҚШ-Хитой қарама-қаршилиги сценарийсига билиб ёки билмай ишора берди.

Трамп Европа Иттифоқи ва АҚШ муносабатларига янгича назар солишни таклиф этди. Яъни хавфсизлик масаласида «ҳар ким ўз аравасини ўзи тортиши керак» деган маънога бироз бўлса-да ишора этди. Бу эса Ғарб дунёси ҳарбий салоҳиятининг барчаси бир қўлда жамланишидан воз кечишни назарда тутишини ҳисобга олсак, қайсидир маънода ижобий маъно касб этди. Зеро, катта ҳарбий куч бир қўлда бўлмагани яхши – эртага нима бўлишини, АҚШда ким иқтидорга келишини ҳеч ким аввалдан айта олмайди. Тинч аҳоли устига оммавий қирғин қуролини ташлаган давлат ҳам АҚШ эканини ёдга олиш кифоя.

Трампнинг баъзи халқаро ташкилотларни молиялаштиришдан воз кечгани ҳам маълум аҳамиятга эга чақириқ бўлди. Халқаро ташкилотлар кафолатланган ёрдамни олаверса, ишини тўғри ташкиллаштириши қийинлашиши, коррупциялашиши, фаолияти натижага боғланмай қолиши маъносини илгари сурди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидек бутун дунё учун муҳим бўлган ташкилот фаолияти мисолида буни баралла айтса бўлади.

Трамп президентлиги пайтида янги «қайноқ нуқталар» пайдо бўлмади. «АҚШ дастидан фалон уруш юзага келди» деган гаплар юзага келмади. Буни ҳам Трампнинг ҳисобига қўшиш, олиб борган сиёсатидан (баҳсли-зиддиятли бўлса-да) келиб чиққан нуқта деб ҳисоблаш мумкин.

Хуллас, «телба» Трампнинг президент бўлиши АҚШда ва АҚШдан ташқарида юзага келган вазиятнинг кўплаб умумий ва хусусий, баъзи ўринда нозик жиҳатларига прожектор қаратди – вазиятни ёритди. Америка халқи ҳам анойи эмаслиги, гарчи энг бой, қудратли давлатда яшаса-да, сиёсий сезгиси бор эканини, ўз танлови билан ўзига ёқмаган нарсаларга муносабатини билдира олишини кўрсатди.

Қўшимчасига шуни айтиш керакки, Трамп ваъдалари устидан чиқишга ҳаракат қилди. Сайлов пайтида баландпарвоз гапларни гапириб, охир-оқибат жиддий ўзгариш қилмаган президентлардан «безорилик» қилиб ажралиб чиқди. Ҳамда дунёнинг мавжуд низомидаги баъзи нуқсонларга эътибор қаратишга улгурди.

Шокир Шарипов

 

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Мавзуга оид