Ўзбекистон | 13:20 / 18.11.2020
9349
2 дақиқада ўқилади

Дунё бозорида газга талаб камайган бўлса, ички бозорга нега йўналтирилмаяпти?

Фото: KUN.UZ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда молия вазири Темур Ишметов жорий йилнинг 9 ойига оид давлат бюджети бўйича маълумот берди. Маъруза якунига кўра Олий Мажлис депутати Мақсуда Ворисова қатор саволлар билан мурожаат қилди.

– Ҳисоботда келтирилишича, табиий газ қазиб олиш 19.6 фоизга, газ конденсати ишлаб чиқариш 34.7 фоизга камайган. Бу бўйича савол берилганда жаҳон бозорида газ маҳсулотларига бўлган талабнинг пасайгани сабаб сифатида кўрсатилган. Яхши, жаҳон бозорида шундай вазият экан, нега ички бозоримиз – аҳоли талаби кундан-кунга ошиб бораётган бўлса, шунга йўналтирилмаяпти? Биз аҳолига бу вазиятни қандай қилиб тушунтирамиз? 

Молия вазири бу саволларни Энергетика вазирлигига йўналтирди ва уларга вазир ўринбосари Шерзод Хўжаев жавоб берди:

– Табиий газ жаҳон бозорида камайганига эътибор қаратсак, Ўзбекистон республикасида газ қазиб олиш фақат “Ўзбекнефтгаз” томонидан эмас, хорижий компаниялар томонидан ҳам амалга оширилади. Маълум бир даврда қўшма корхоналар экспортни тўхтатганлиги туфайли ишлаб чиқариш камайган. Шу билан бирга, ички бозорни таъминлашга масъул бўлган “Ўзбекнефтгаз” томонидан бир қатор ишлар амалга ошириляпти. Бу ишлар талаб даражасида, кўзланган режаларга эришилди, деб айта олмайман. Аммо, ўтган йиллардаги ишлаб чиқариш ҳажми камайиш тенденцияси тўхтатилди. Ишонамизки, кейинги йил бу ўз самарасини беради.

Мавзуга оид