Жаҳон | 22:11 / 20.11.2020
8833
2 дақиқада ўқилади

Сенегаллик балиқчилар номаълум касалликка чалинди

Африканинг ғарбида жойлашган Сенегалда 200га яқин киши номаълум касалликка чалинди. Тахмин қилинишича, улар бу касалликни океанда юқтириб олишган. Бу ҳақда Sud Quotidien нашри хабар берди.

Фото: Sadak Souici / Keystone Press Agency / Global Look Press

Расмий идораларнинг хабар беришича, жабрланувчиларнинг барчаси Атлантика океанининг бир ҳудудида балиқ овлашган. Касалланиш ҳолатларидан кейин ушбу ҳудудда балиқчиликка вақтинча тақиқлов киритилган ҳамда сув намуналари таҳлил учун олинган

Маълум қилинишича, касалланганлар танаси қасмоқ билан қопланиб, улар бутун тана бўйлаб кучли қичима ва кўз ачишишидан азият чекишмоқда. Уларнинг таъкидлашича, тананинг океан суви билан таъсирлашган жойлари кўпроқ жароҳатланган. 

Бундай аломатларга эга барча кишилар океаннинг хавфли ҳудуди яқинида жойлашган Рюфиск шаҳрида яккаланади. Уларни жойлаштириш учун шаҳардаги стадион ажратилган. 

Сентябрь охирида Россиянинг Камчатка яриморолида ўзини соҳилга отган денгиз жонзотларининг оммавий нобуд бўлиши кузатилганди. Маҳаллий мутахассислар ифлосланган сув ҳудудидаги 10-15 метр чуқурликда яшовчи организмларнинг 90 фоиздан кўпроғи нобуд бўлгани ҳақидаги хулосага келишган. Шунингдек, маҳаллий сёрфчилар океанда сузгандан кейин кўз ачишиши ва кўнгил айнишдан шикоят қилишган.

Ушбу ҳодисанинг аниқ сабабини билишга муваффақ бўлинмаган, текширувлар давомида сувда нефть маҳсулотлари ёки ракета ёнилғиси излари аниқланмаган, жабрланувчиларда эса заҳарланиш қайд қилинмаган. Асосий тахминга кўра, денгиз жонзотларининг оммавий нобуд бўлишига табиий ҳодисалар, заҳарли сувўтлар сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Мавзуга оид