Ўзбекистон | 16:22 / 02.12.2020
15880
4 дақиқада ўқилади

Қишда цемент нега қимматлаяпти?

Кўчада қиш ҳавоси ҳукмрон, қурилиш ишлари деярли камайди, аммо цемент нархи ошмоқда. Негаки биржа савдоларида таклиф этилаётган цемент ҳажми 34 фоизга кескин қисқарди. Бунга Ўзбекистондаги йирик цемент ишлаб чиқарувчи заводларнинг газдан узиб қўйилгани сабаб бўлди.

Twitter’даги «Бобо» аккаунти эгаси 25 ноябр куни Оҳангарон ва Қувасой цемент заводлари 2 ойлик муддатга газ таъминотидан узиб қўйилгани ҳақида хабар берганди.

«Биржада 500-550 сўмга тушган цемент 2 кунда 50 сўмга ошди. Бу йил ҳам қурилишларнинг асоси (бўлган) цемент 1000 сўмдан ўтади, шекилли», — дея фикр билдирган тармоқ фойдаланувчиси.

Товар хомашё биржа маълумотига кўра, шу йилнинг 20 ноябр куни «Оҳангаронцемент» АЖ томонидан биржа савдоларига қўйилган портландцементнинг (ПЦХ) 1 тоннаси ўртача 504 минг сўмдан сотилган. Шу куни «Қувасойцемент» АЖ томонидан савдога қўйилган М-400 цементининг 1 тоннаси ўртача 631 минг сўмга сотилган.

23 ноябр куни «Оҳангаронцемент» АЖ биржа савдоларида иштирок этмаган. Шунингдек, «Қувасойцемент» АЖ ҳам бозорда таклиф билдирмаган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси хабарига кўра, ҳавонинг кескин совиб кетиши туфайли газ етказиб бериш босими пасайган ва цемент заводлари иш фаолиятини тўхтатган.

«Қувасойцемент» АЖ ва «Оҳангаронцемент» АЖ томонидан цемент ишлаб чиқарилиши тўхтатилган. Шу боисдан иккала ишлаб чиқарувчининг цемент маҳсулоти ўтган ҳафтада фонд биржа рўйхатига олинмаган. Мазкур вазиятдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бўлиб ўтган савдоларнинг ўртача кунлик ҳажми 30 минг тоннани ташкил этган бўлса, бу аввалги савдоларга нисбатан 46 минг тоннани белгилаган бўлиб, бу фоиз кўрсаткичида 34 фоиз камайганини кўрсатмоқда.

Сотилган цемент ҳажми 141 минг 919 тоннани ташкил этган бўлиб, бу аввалги кимошди савдосида сотилган цемент ҳажмидан 68 минг 456 минг тоннага камдир. Албатта, савдо ҳажмининг ҳам пасайиши, унинг нархининг ошишига олиб келган. Яъни, айтайлик, ҳафта бошида 1 кг цемент 512 сўм бўлган бўлса, ҳафта охирида у 539,1 сўмгача (ёки 5 фоизга) кўтарилган. Мазкур ҳолат савдо иштирокчиларининг камайишига ҳам ўз таъсирини аямади: яъни улар 1054 дан 817 нафарга камайган бўлса, харидорлар ҳам 556 нафардан 373 нафаргача камайганини кузатиш мумкин», — дейилади қўмита ахборотида.

Telegram’даги «Бакироо» канали муаллифининг ёзишича, айрим расмий бўлмаган манбаларда Ўзбекистондаги цемент заводлари Туркманистондан тўғридан тўғри шартномалар асосида газ импорт қилиши мумкинлиги ҳақида айтилмоқда. Канал муаллифи Ўзбекистон энергетика соҳасида нетто импортёрга айланиши мумкинлигини тахмин этган.

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, Ўзбекистон нетто импортёр давлат эмас.

«Рақамларга қарасак, экспорт ҳажми импорт билан тенг. Биз импортёрмиз, дейиш нотўғри бўлади», — дея фикр билдирган у.

Маълумот учун, ишлаб чиқарилаётган муайян товар ё кўрсатиладиган хизматнинг экспорти импортникидан қимматга айланганда, шу товар ва хизматларни четдан импорт қилиш қулайлигини ифодалаш учун нетто импорт тушунчаси ишлатилади.

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид