Жаҳон | 07:56 / 10.12.2020
6207
2 дақиқада ўқилади

Россия думаси собиқ президентларнинг дахлсизлиги ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилди 

Фото: РБК

Россия давлат думаси собиқ президентлар ва уларнинг оилалари дахлсизлиги ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Ушбу қонун Россия президентининг ваколатлари муддати якунлангандан кейин унга ва оила аъзоларига дахлсизликни кафолатлайди.

Эндиликда қонун кучга кириши учун Федерация кенгаши томонидан қабул қилиниши ва амалдаги президент томонидан имзоланиши керак. 

Қонунга кўра, Россиянинг собиқ президентларини ҳибсга олиш, қўлга олиш, тинтиш, маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиш тақиқланади. Бу қоидалар уларнинг оила аъзолари, уй-жойлари, автомобиллари, багажлари ва ҳужжатлари, алоқа воситалари ва ёзишмаларига ҳам тааллуқли бўлади.   

Ҳозирда бундай дахлсизликка фақат амалдаги президент эга. 

Собиқ президентни дахлсизликдан дума томонидан унга давлатга хиёнат қилиш ёки бошқа оғир жиноятни содир этиш бўйича илгари сурилган ва конституциявий ҳамда олий суд томонидан тасдиқланган айблов асосида фақат Федерация кенгаши маҳрум эта олади. Федерация кенгашида дахлсизликдан маҳрум этиш бўйича қарорни қабул қилишга 3 ой вақт бўлади. Агар бу вақт ичида бирор-бир қарор қабул қилинмаса, айблов рад этилган деб ҳисобланади. 

Собиқ президентларнинг дахлсизлиги ҳақидаги бандни конституцияга киритиш қарори жорий йил февралида қабул қилинганди. 

Ёзда конституцияга тузатмалар бўйича овоз беришда ушбу ташаббус маъқулланганди. Ноябр бошида эса тегишли қонун лойиҳаси давлат думасига киритилган.

Мавзуга оид