Иқтисодиёт | 12:30 / 18.12.2020
5591
2 дақиқада ўқилади

Молия вазири: Республика иқтисодиёти 5,1 фоизга ўсиши кутилмоқда

Молия вазири Тимур Ишметов 2021 йилда макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ҳақида гапирди.

«2021 йилда республикамиз иқтисодиёти миллий прогнозларга кўра 5,1 фоизга ўсиши кутилмоқда, бунда саноат 5,8 фоизга, қурилиш 6,5 фоизга, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжаликлари 2,7 фоизга ҳамда хизматлар 6,4 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда.

Ушбу прогнозлар бажарилиши пандемия шароити ҳамда Covid-19’га қарши вакцинани оммавий эмлаш жараёнлари давомийлиги, глобал иқтисодиётдаги тикланиш жараёнлари жадаллиги бўйича ноаниқликлар билан боғлиқдир.

Давлат бюджети лойиҳаси ушбу макроиқтисодий кўрсаткичлар параметрлари асосида ишлаб чиқилди», деди вазир Сенатнинг ўнинчи мажлисида.

Унинг маълум қилишича, Халқаро валюта жамғармасининг октябр ойидаги прогнозларига кўра, 2021 йилда жаҳон иқтисодиёти тикланиши натижасида 5,2 фоизга ўсиши, хусусан, ривожланган давлатлар иқтисодиёти 3,9 фоизга, Россия иқтисодиёти 2,8 фоизга, Қозоғистон иқтисодиёти 3 фоизга, Туркия 5 фоизга, Хитой иқтисодиёти 8,2 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда.

«Умуман олганда, прогнозлар жуда ноаниқ ва юқори даражада эпидемиологик вазиятнинг ривожланишига боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Пандемия сабабли нефт нархлари пасайиши энергия маҳсулотларини экспорт қилувчи давлатларга салбий таъсир этиши кутилмоқда, бироқ Ўзбекистон, учун олтин нархининг кўтарилиши бошқа турдаги маҳсулотлар нархи пасайишини қоплашга ёрдам бериши мумкин», дея молия вазирининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид