Ўзбекистон | 15:12 / 18.12.2020
11018
2 дақиқада ўқилади

«Вазирлик бирорта ОТМга форма бўйича талаб қўймаган» — Фарҳод Бабашев

«Ҳар бир ОТМнинг ўз ички тартиб-қоидалари бор. Шунга биноан иш кўришади. Лекин бугунги пандемия шароитида форма масаласида назорат олиб борилаётгани йўқ», – деди Олий таълим вазирлиги матбуот котиби Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Сентябр ойида мактаблар анъанавий таълимга қайта бошлагач, пандемия шароити туфайли ўқув йили охиригача ўқувчилардан қатъий форма талаб этилмаслиги белгиланган эди.

Мана бир ойдирки, олий таълим муассасалари ҳам анъанавий таълимга қайтди. Kun.uz мухбири олийгоҳлардаги форма масаласида ўзгариш бор-йўқлиги юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот котиби Фарҳод Бабашевга мурожаат қилди.

«Форма масаласида олий таълим муассасалари талабаларига эркинлик берилган. Ўзи Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан бирорта олий таълим муассасасининг олдига бундай талаб қўйилмаган. Ҳар бир олий таълим муассасасининг ўз ички тартиб-қоидалари бор. Шунга биноан иш кўришади. Лекин бугунги пандемия шароитида бундай назорат олиб борилаётгани йўқ.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент фармацевтика институтида деканат томонидан форма талаб қилиш ҳолатлари муҳокама қилинди. Маълумки, тиббиёт олийгоҳларида оқ халат ва бош кийим олдиндан талаб қилинган. Бу уларнинг ихтисослиги билан боғлиқ. Бошқа ОТМларда ҳозирча бундай эътирозлар кузатилмади», – деди Фарҳод Бабашев.

Унинг қайд этишича, олий таълим муассасаларига вазирлик томонидан ўқишга костюм-шим, галстукда келиш кераклиги тўғрисида қатъий талаб қўйилмаган.

Мавзуга оид