«Брексит тарихга айланди»: Британия ва Европа Иттифоқи ниҳоят келишди
Британия ва Европа Иттифоқи брексит борасидаги музокараларда келишувга эришди. Томонлар кўпчилик хавотир олаётган кескин брекситдан қутулиб қолди.
Кескин брекситга кўра, томонлар бир тўхтамга кела олмаса, Британия 31 декабр куни Европа Иттифоқидан ҳеч қандай келишувсиз чиқиб кетиши керак эди. Бу эса кўплаб судлар ва ҳар икки томон учун катта зарар кўринишида муаммолар келтириб чиқарарди. Мишел Барнье ва Дэвид Фрост бошчилигидаги гуруҳ ниҳоят 31 декабрдан кейин ЕИ ва Британия ўртасидаги савдо алоқалари, умуман, икки томонлама манфаатли муносабатлар қандай бўлиши борасида музокараларни муваффақиятли якунлашди.
668 миллиард фунтни бошқарувчи келишув
«2016 йилги референдум вақти британияликларга таклиф қилинган барча ваъдалар ушбу келишувда амалга оширилди. Биз пулларимиз, чегараларимиз, қонунларимиз, савдомиз ва балиғи бор сувларимиз устидан назоратни қайтиб олдик. Биз Европа Иттифоқи тарихидаги илк тўлови бўлмаган тарифга ва квотага эга шартномани имзоладик. Бу икки томонлама шартнома 2019 йилда 668 миллиард фунтни ташкил этган йирик савдо айланмасини назорат қилади», дейилади қироллик ҳукумати баёнотида.
«Брексит тарихга айланиб, ишлашда давом этишимиз керак»
Брюсселда ўтказилган матбуот анжуманида Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен хоним келишувни ҳалол ва ҳар жиҳатни ҳисобга олувчи деб атади. Еврокомиссия раҳбари бу ишни тезроқ тугатиб, келажакка қараш кераклигини, Британия иттифоқнинг ишончли ҳамкори бўлиб қолишини айтган.
«Бугун танамда енгиллик туйдим. Қийин кунларни бошдан ўтказаётган британиялик дўстларимизга шундай демоқчиман: айрилиқ қайғу, лекин унинг тўлиқ амалга ошиши ўз навбатида ширин ҳам. Европаликларга эса брексит энди тарихга айланганини айтмоқчиман. Бизнинг келажагимиз Европада.
Кейинги тўрт йилда Европа Иттифоқи бирдамлигини сақлаб қолиш, Ирландия оролидаги мувозанатни сақлаш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, бозорларнинг бирдамлигини сақлаш ва Британия билан янги ҳамкорликни яратиш каби ишларни амалга оширишимиз керак. Ҳаммага раҳмат», деган Урсула фон дер Ляйен матбуот анжуманидаги таъсирли чиқиши давомида.
Еврокомиссия раҳбарининг айтишича, музокаралар вақтида кескин брексит 450 миллион европаликдан кўра, 66 миллион британиялик учун зарарлироқ бўлишини инобатга олган ҳолда ўтказилган. Келишувда томонлар ягона бозорда соғлом рақобатни амалга ошириши ва бу келишув ортидан қандайдир устунликка эга бўлмаслиги таъминланган.
Яна бироз бюрократик тасдиқловлар керак
Британия йил бошида Европа Иттифоқидан чиқиб кетиш бўйича қарор қабул қилган бўлса-да, жараённинг бюрократик жиҳатлари мана, бир йилни қаритди. Кеча томонлар ҳал қилувчи келишувга эришишлари керак эди ва мавжуд вариантлар ичида энг яхшиси танланди. Ҳа, январда Британия Европа Иттифоқидан чиқиб кетиш борасида қарор қабул қилган бўлса-да, жараён қай йўсинда амалга оширилиши ҳал қилинмаганди.
Ана энди келишувни Европа Иттифоқи аъзолари, Европа Кенгаши ва Британия парламенти тасдиқлаши керак. Шундан сўнг Буюк Британия 31 декабр куни расман Европа Иттифоқидан чиқиб кетади.
Британия делегацияси Европа Иттифоқидаги музокараларда баъзи деталлар бўйича келишувга эриша олмаганди. Шу сабаб, Британия бош вазири Борис Жонсон ва ЕИ раиси Урсула фон дер Ляйен охирги кунларда бу деталларни телефон орқали муҳокама қилиб, бир қарорга келишди.
Келишилиши керак бўлган асосий масалалар савдо-сотиқ, транспорт айланмаси, балиқчилик, энергетика ва хавфсизлик масалалари эди. Айниқса савдо борасидаги келишув жуда муҳим ҳисобланарди. Агар томонлар бу борада келиша олмасалар, 1 январдан Британия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо айланмасида муаммолар келиб чиқарди. Чунки брексит борасида келишув бўлмай қолса, Жаҳон савдо ташкилоти стандартлари амалга кирарди. Яъни савдо ҳажмида ўзига хос чекловлар бўларди. Бу эса тадбиркорларга лимит кўринишидаги кўплаб муаммоларни келтириб чиқарарди. Шу сабаб кескин брекситнинг содир бўлмагани, айниқса, Британия ва Европа Иттифоқи ҳудудидаги савдогарлар учун жуда яхши янгилик бўлди. Умуман, бундай кескин чиқиш Британия бозоридаги нархларнинг оёғини осмондан қилиб юборган бўларди.
Музокаралар вақтида Европа Иттифоқи сиёсий маънода қайсарлик қилиб, баъзи талабларни илгари суришга мажбур эди. Масалан, давлат субсидиялари, меҳнат муҳофазаси, ишлаб чиқаришнинг технологик ва экологик талаблари бўйича. Бу Британия корхоналари савдо алоқалари вақтида қандайдир устунликка эришмаслиги учун зарур эди. Чунки томонлардан бирининг қўшимча устунликка эга бўлиши рақобат муҳитини бузади.
Балиқчилар учун яхши янгилик
Шунингдек, балиқчилик масаласи ҳам узоқ вақт муҳокама қилинди. Натижада Европа Иттифоқи давлатларидаги балиқчилар денгиздаги Британия сувлари ҳудудида ўтиш даври ҳисобланган яна 5,5 йил давомида балиқ овлаш ҳуқуқини сақлаб қолди. Бу балиқчилик билан шуғулланувчи ўзига хос ўрта қатлам учун яхши янгилик бўлди.
Бизнес бўйича томонлар босқичма-босқич музокаралар ўтказишди. Бу борада деталлар аниқ эмас ва бир неча юз саҳифадан иборат келишувни ҳозирча фақат иштирокчиларгина ўқиб чиққан. Бироқ ОАВ Мишел Барньенинг (музокараларда қатнашган франциялик консерватор) гапларидан томонлар бошида қайд этилганидек Британия Европа Иттифоқининг талабларига автоматик бўйсуниши борасида келишувга эришмаган. Бунинг ўрнига ўзига хос «реактив механизм» бўйича келишув имзоланган. Унда қизиқ банд бор: томонлардан бири ўз фирмалари субсидия бериш ёки қандайдир имтиёз орқали рақобатда устунликка эришишини таъминласа, қарши томон бунга қўшимча бож киритиш орқали жавоб бериш имконига эга бўлади.
Энг асосийси
Келишувлардаги энг асосий факт шуки, Британия ва Европа Иттифоқи ўртасида ҳеч қандай божсиз савдо алоқалари давом этади. Бироқ брекситдан кейин табиийки ҳаммаси олдингидек қолмайди. 1 январдан ўртада ортиқча вақт ва пул олувчи божхона текширувлари бошланади.
Томонлар Европа Иттифоқидаги барча парламентлар брекситни ратификация қиладиган муддатни аллақачон ўтказиб юборишди. Энди фақат битта йўл қолди – келишувни Европарламент ратификация қилиши. Бироқ келишув бўйича ҳужжат якшанба кунигача тайёр бўлмаса, Европарламент ҳам уни ратификация қилишга улгурмайди.
Бундай вақтда Европа Иттифоқи тўғрисидаги келишувнинг 218-моддаси 5-қисми ёрдамга келади. Унга кўра, Европа Иттифоқи аъзо давлатларнинг энг олий ташкилоти сифатида халқаро келишувни тасдиқлаши ва унинг аъзолар томонидан ратификация қилинишини ортга суриши мумкин. Катта эҳтимол билан брексит масаласида мана шу йўл тутилади. Бироқ бу учун ҳам томонлар шошилишлари керак. Агар тегишли ҳужжат Британияда Рождество киргунча тайёр бўлмаса, қиролликнинг 1 январдан ЕИни тарк этиши яна амалга ошмай қолиши мумкин.
Мавзуга оид
22:44 / 22.12.2024
ЕИ Украинага қарши бошланган урушга уч йил тўлиши муносабат билан Россияга қарши янги санкциялар тайёрламоқда
21:05 / 22.12.2024
Қатар Европага газ етказиб беришни тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилди
18:56 / 22.12.2024
Британиялик ҳарбийлар оммавий равишда армиядан кетишни бошлади
21:42 / 19.12.2024