Ўзбекистон | 11:21 / 16.01.2021
53090
3 дақиқада ўқилади

Қайроққум сув омбори ўпирилгани ҳақида хабар тарқатганлар қўлга олинди

14 январь куни ярим тунда ижтимоий тармоқларда Тожикистон ҳудудида жойлашган Қайроққум сув омбори ўпирилгани тўғрисида миш-мишлар тарқалган, ФВВ бу хабарларни рад этганди. Аммо бу миш-мишлар расман рад этилгунига қадар аҳоли орасида ваҳима кўтарилиб улгурган, жуда кўпчилик яшаш ҳудудини тарк этишга ошиққан эди.

Сирдарё вилоят телеканали янгиликлар дастурининг ички ишлар бошқармасига асосланиб хабар беришича, аҳоли орасида ваҳима уйғотувчи нотўғри маълумот тарқатганлар қўлга олинган. Лавҳадан кўринадики, улар жами 10 киши. Қўлга олинганлар орасида аёл киши ва маҳаллий блогер ҳам бор.

Қўлга олинганлардан бири шу хабарни эшитиши билан ўз аёлига зудлик билан акасиникига бориб туришни, ўзи ҳам тез орада етиб боришини тайинлайди. Кейинчалик Тожикистонда яшовчи тоғасидан бу хабар нотўғрилигини эшитади, аммо бунга қадар ҳамма жойда ваҳима тарқалишга улгургани, қилган ишидан афсусдалигини билдиради.

Оқолтинлик блогер эса “Ютуб” ва “Телеграм” тармоқларидаги ўз саҳифаларида “Қайроққум сув омбори уриб [ўпирилиб] кетди, тезкор тарқатинг” сарлавҳали маълумот жойлаган.

“Кўпроқ одамларга хабар бериш мақсадида ўзим тасвирга олган видеони “Ютуб”га жойладим. Кейин қарасам ички ишлар ходимлари овоз кучайтиргичлар орқали аҳолини тинчлантириб юрган экан. Дарҳол кирсам жойлаган лавҳам “просмотр” йиғишга улгурган экан. Яъни бу лавҳам одамлар кўнглига ғулғула солиши мумкин. Блогерларга маслаҳатим, бирор хабарни тарқатишдан олдин яхшилаб текширинг”, – дейди у.

Яна бир эркак эса ўзи яшовчи подъезддаги қўшнилари эшикларини тақиллатиб чиққани, бу орқали уларга тезроқ хабар беришни истаганини, қилган ишидан афсусдалигини билдиради. 

Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202-2-моддаси (Ёлғон ахборот тарқатиш) иккинчи қисмига кўра жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 244-6-моддаси (Ёлғон ахборот тарқатиш) иккинчи қисмига кўра жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

Мавзуга оид