Ўзбекистон | 11:46 / 08.04.2021
9532
2 дақиқада ўқилади

Навоийдаги мактаб директорига «Спарк» автомобили берилди

“Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида республика ҳудудларида тақдирлаш ишлари давом этмоқда. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Мазкур лойиҳада Навоий вилоятида 36 600 нафар, Қорақалпоғистон Республикасидан 27 574 нафар ва Тошкент шаҳридан 25 572 нафар дастурчилар иштирок этди.

8 апрел куни Навоий вилояти Кармана туманидаги 2-мактаб директори Турсуной Халиловага “Бир миллион дастурчи” лойиҳасида мактаб ўқувчилари қайд этган юқори натижалари учун президент совғаси — “Спарк” автомобили топширилди. Шунингдек, мактабнинг бир қатор информатика фани ўқитувчиларига ҳам “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, ноутбук ҳамда фахрий ёрлиқлар берилди.

Навоий вилоятидаги “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида замонавий дастурлашни ўрганаётган ўқувчилардан 18 567 нафари сертификатларни қўлга киритган. 2020 йил якунлари бўйича “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида энг фаол информатика ўқитувчилари Навоий ҳиссасига тўғри келган.

Ушбу лойиҳада иштирок этиш учун www.uzbekcoders.uz портали орқали рўйхатдан ўтиб, “Бир миллион дастурчи” лойиҳасида дастурлашни бепул ўрганиш имкониятига эришиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 21 ноябрида Тошкент шаҳрида ахборот технологиялари соҳасида бепул таълим олиш имконини берувчи “Бир миллион ўзбек дастурчилари” лойиҳаси ишга туширилган эди.

Шунингдек, 7 апрел куни “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида битирувчилар салмоғи юқори кўрсаткичларни кўрсатган Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманидаги 39-сон умумтаълим мактаби директорига ҳам “Спарк” берилган эди.

Мавзуга оид