Жаҳон | 21:56 / 12.04.2021
26927
4 дақиқада ўқилади

Киев: Зеленский Путин билан музокара ўтказиш бўйича сўров юборган. Москва: Ҳеч нарса эшитмадик

Донбассдаги вазият кескинлашиши фонида Россия ва Украина ҳукуматлари бир-бирига зид бўлган баёнотлар беришмоқда. Киевдагилар Владимир Зеленский Владимир Путин билан гаплашмоқчи бўлгани, аммо бунга иккинчи томондан розилик бўлмагани ҳақида айтишмоқда. Москвадагилар эса бу масалада ҳеч қандай сўров келиб тушмаганини билдирди. Ўзи нималар бўлмоқда?

Фото: MIKHAIL METZEL/TASS

Зеленский Россия президенти Владимир Путин билан Украина шарқидаги вазиятни муҳокама қилиш учун сўров йўллаган, аммо бу сўровга ҳозирча жавоб қайтарилмаган. Бу ҳақда Reuters’га Украина президенти матбуот котиби Юлия Мендель маълум қилди.

У Зеленский Россия Украина чегаралари яқинида ҳарбий контингентини ошираётгани ва Донбассдаги вазият кескинлашаётганини муҳокама қилиш учун Парижга боришини тасдиқлаган. Ўтган ҳафта охирида KyivPost нашри Украина президент кейинги ҳафтада Донбассдаги можарони ва Украинадаги ислоҳотларни муҳокама қилиш учун Франция президенти Эммануэл Макрон билан учрашиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатганди.

«Президент офиси Владимир Путин билан суҳбат ўтказиш учун сўров юборди. Ҳозирча жавоб олмадик ва умид қиламизки, бу мулоқотни рад этиш эмас», – деган Мендель.

Кремлдагилар эса бундай бўлмаганини айтмоқда.

«Охирги кунларда ҳеч қандай сўровга кўзим тушмади. Бу борада сўров келиб тушгани ҳақида менга ҳеч нарса маълум эмас», – деган Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларнинг саволига жавобан. У «сўнгги кунларда» сўзларига урғу қаратган.

«Путиннинг Зеленскийга айтадиган гапи борми?» - дея савол берган УНИАН агентлиги мухбири. «Гап кескинликни камайтириш ва эҳтимолий урушнинг олдини олиш ҳақида бўлса, Владимир Путинда ҳамиша айтиш учун гап бор», дея жавоб қайтарган Песков.

Шундан сўнг «Интерфакс» Мендель билан боғланган, у эса гап сўнгги воқеалар ҳақида кетмаётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, Зеленский президент Путинга музокаралар бўйича сўровни 26 март куни юборган - Донбассдаги алоқа чизиғи ҳудудида «тўрт нафар украиналик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлиши билан».

Чегарада вазият ўша тўрт ҳарбийнинг ўлимидан кейин кескинлаша бошлади. Москва ва Донбассда ўзини мустақил деб эълон қилган республикалар Украина ҳукуматини тинчлик бўйича келишувга амал қилмаслик ва ҳарбий куч ишлатишга уринишда айбламоқда. Ўз навбатида, Киев россиялик ҳарбийлар Украина чегаралари томон олиб келинаётганини айтмоқда.

Ғарб давлатлари ҳам вазият кескинлашаётганига эътибор қаратишмоқда. АҚШ 2014 йилдан кейинги даврда илк бор Украина чегаралари яқинида россиялик ҳарбийлар сони ўсиши кузатилганини қайд этган. Германия канцлери Ангела Меркель жума куни телефон орқали Путин билан мулоқот қилди ва Украина билан чегара ҳудудида россиялик ҳарбийларни камайтиришга чақирди.

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Руслан Хомчак жума куни Донбассдаги зиддият ҳудудига юриш қилишга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақидаги хабарларни инкор этди.

«Вақтинчалик эгаллаб олинган ҳудудларни куч билан озод қилишга уриниш тинч аҳоли ва ҳарбийлар ўлимига олиб келиши муқаррар, Украина бундай қила олмайди. Умуминсоний қадриятлар ва халқаро ҳуқуқ нормаларига содиқ қолган ҳолда давлатимиз ўз фуқаролари ҳаётини биринчи ўринга қўяди», дейилганди унинг баёнотида.

Юлия Мендель Россия Украинанинг шарқий чегаралари яқинига 40 минг ҳарбий жойлаштирганини маълум қилган. Киев маълумотларига кўра, Қримда ҳам 40 минг ҳарбий бор.

Reuters агентлиги «Кремлга ҳам, руспараст айирмачиларга ҳам яқин бўлган» манбасига таянган ҳолда, ҳарбийлар Украина чегарасига олиб келинишини эҳтимолий ҳужумга тайёргарлик эмас, «мускулларни намойиш этиш» деб атаган.

«Москва буни очиқчасига қилмоқда, куппа кундузи танкларини кўрсатмоқда. Урушга бундай тайёрланишмайди, бу шунчаки кучларни намойиш этиш», деган агентлик суҳбатдоши.

Киев ҳам, ўзини мустақил деб эълон қилган республикалар ҳам Донбассдаги ўт очишни тўхтатиш сулҳи сўнгги кунларда бир неча бор бузилгани ҳақида хабарлар берган.

Мавзуга оид