Ўзбекистон | 10:25 / 15.04.2021
15662
2 дақиқада ўқилади

Қарши давлат университети ўзини осган талаба иши бўйича муносабат билдирди

Фото: KUN.UZ

Жорий йил январь ойида Қарши давлат университетида тўлов-контракт асосида иккинчи курсда таҳсил олаётган талаба ўзини осиб, жонига қасд қилган. Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда талаба ўқитувчиси имтиҳондан ўтиши учун пул сўрагани туфайли ўзини осган деган тахминлар билдирилди. Қарши давлат университети мазкур ҳодиса юзасидан муносабат билан чиқди.

Муносабатда маълум қилинишича, марҳум Р.Ф. Қарши давлат университети физика-математика факультетининг информатика ўқитиш методикаси йўналиши 2-курсида таҳсил олган. 2021 йил 26 январь куни тоғасининг уйида ўзини осиб, жонига қасд қилган.

Шундан сўнг 2021 йил 29 январь куни эрталаб университет психологи А.Ҳусанов, информатика ўқитиш методикаси кафедраси мудири И.Юлдошев, гуруҳ раҳбари Л.Сафаров, Муборак туман «Геолог» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Н.Аширов ҳамроҳлигида Рустам Мадаминов хонадонига таъзия билдиргани борган. У ерда марҳум Р.Ф.нинг отаси гуруҳ мураббийи Л.Сафаров билан батафсил суҳбатлашган, оиласининг университет раҳбарияти ва ўқитувчилар жамоасига ҳеч қандай эътирози йўқлигини, ўғлининг ўлимидан қаттиқ қайғуда эканини билдирган.

«Бинобарин, Қарши давлат университети ушбу ҳодиса батафсил ўрганилгани, ҳеч кимга тазйиқ ўтказилмагани ва ҳеч қачон бости-бости қилинмаганини маълум қилади!» дейилади муносабатда.

Мавзуга оид