Ўзбекистон | 13:29 / 26.04.2021
4980
3 дақиқада ўқилади

Фурқатлик йигит Самарқанд-у Бухорога қараб пиёда сафарга чиқди

Фото: KUN.UZ

Фарғона вилоятининг Фурқат туманида яшовчи Бахтиёржон Сиддиқов пиёда довон ошиб Самарқанд, Бухоро вилоятларидаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишни мақсад қилган.

Яқинда 31 нафар фарғоналик оқсоқоллар Қўштепа туманидан велосипедда Самарқандга сафарга чиқишгани, тўрт кун деганда Самарқанд шаҳрини зиёрат қилиб яна Фарғонага қайтиб келганлари ҳақида хабар берган эдик. 

Бу борада фарғоналиклар анчагина ташаббускор чиқиб қолишди. Вилоятнинг Фурқат туманида истиқомат қилувчи Бахтиёржон Сиддиқов Самарқанд ва Бухоро вилоятларини зиёрат қилиш учун пиёда сафарга отланди. 

«Эрталаб саҳар йўлга отланганман. Мақсадим Самарқанд ва Бухоро вилоятларидаги қадамжоларни зиёрат қилишдир. Қадимдан ота-боболаримиз қанчадан қанча масофаларни пиёда босиб ўтган, ҳаттоки Ҳаж зиёратларига ҳам пиёда боришган. Ушбу шаҳарлар зиёратига чет эл давлатларидан келишганда, мен шу юртда яшаб туриб бора олмайманми деган фикр келди ва Аллоҳга таваккал қилиб йўлга отландим», — дейди саёҳатчи йигит Kun.uz мухбири билан суҳбатда. 

Бахтиёрнинг айтишича, дастлаб оила аъзолари унинг пиёда саёҳатга чиқиш фикрига қарши чиққан. Бироқ у ўз мақсадини ота-онаси ва яқинларига тўғри тушунтирди. 

«Хонадонимизда аввал қаттиқ қаршилик бўлди, айниқса, ота-онам бу иш осон кечмаслигини айтишди. Уларга фикримни, мақсадимни тўғри тушунтирдим. Бунинг учун ўн беш кундан кўп вақт сарфладим. Охири улар тушунди. Оқ фотиҳа бериб, йўлга кузатишди», — дейди Б.Сиддиқов.

Асл касби қишлоқ хўжалиги техникалари ҳайдовчиси бўлган Бахтиёржон ёшлигидан спорт билан мунтазам шуғулланиб келган. 

«Ушбу саёҳатни режалаштирганимдан сўнг ўзимни руҳан ва жисмонан тайёрлашга киришдим. Олдинига ҳар куни 25 километрдан юришни бошладим. Секин-аста километрларни кўпайтириб 80—100 километргача олиб чиқдим. Шунча масофани босиб ўтганимдан сўнг мен ушбу саёҳатга тайёрман деб ўйладим».

Бахтиёржон Сиддиқов сафари давомида яхши инсонларга дуч келаётгани, яқинлари, дўстлари ҳар куни телефон қилиб унинг ҳол-аҳволидан хабар олиб турганини таъкидлади.

Самарқанд ва Бухорога яйёв боришни мақсад қилган саёҳатчи йигитга омад ва оқ йўл тилаймиз. 

Мавзуга оид