Андижонда ҳоким топшириғи билан депутатлар тинтув қилинди
Андижон шаҳри ҳокими ер ажратиш бўйича кетма-кет ноқонуний қарорлар чиқараётган бир пайтда, прокуратура ҳоким эмас, уни танқид қилган депутат устидан текширув бошлади.
Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши депутати Шуҳратбек Каримов шаҳар прокурори тақдимномасига асосан дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этилди.
Каримов сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда чиқишлар қилиб, шаҳар ҳокими ер ажратиш тўғрисида бир неча ноқонуний қарорлар чиқарганини танқид қилган.
Уни дахлсизлик ҳуқуқидан марҳум қилиш масаласи халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг 17 май кунги сессиясида кўриб чиқилиб, шаҳар прокурорининг сўровига розилик берилган.
Эътиборлиси, бу йиғилишга депутатлар телефон ва овозли видеога олувчи мосламаларни олиб кириши тақиқланган. Шу сабабли Миллий гвардия ходимлари бир гуруҳ депутатларни тинтув қилган.
Олий Мажлис депутати Расул Кушербаевга кўра, бунда депутат дахлсизлигига риоя қилинмаган.
«Катта эҳтимол билан депутатларни дахлсизлик ҳуқуқигаям тупуриб тинтув ўтказишга топшириқ берганлар ер сотиш ишларига дахлдор ва депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиб қамашга иштиёқманд «ўша» шахслар бўлиши керак», – дея Telegram-каналида ёзган Расул Кушербаев.
Депутатларнинг ёнида телефон йўқлигини текшириш топшириғини Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров берган. Миллий гвардия матбуот хизматига кўра, текширувга прокуратура ва ИИБ ходимлари бош-қош бўлган.
«[…] Андижон шаҳар ҳокимининг топшириғига асосан, сессия иши бошлангунга қадар Андижон шаҳар ИИБ, шаҳар прокуратураси ва ҳокимлигидан ажратилган масъул ходимлар кузатуви остида қўриқлаш ходими томонидан ташриф буюрган сессия қатнашувчилари металлодетектор ёрдамида кўрикдан ўтказилган ва уяли алоқа ҳамда овозли видеога олувчи воситаларини қолдириб киришлари талаб этилган», – дейилади Миллий гвардия расмий ахборотида.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Андижон шаҳри прокурорининг хатти-ҳаракатини «оқлаб бўлмаслиги»ни айтиб баёнот чиқарди.
«... бевосита коррупцияга қарши курашиш фаолияти билан шуғулланувчи идора томонидан коррупция ҳолати ҳақида хабар берган шахсни ҳимоя қилиш ўрнига, унга нисбатан турли таъсир чоралари қўлланилаётганини оқлаб бўлмайди», – дейилади агентлик расмий муносабатида.
Аксилкоррупция органи ҳолатни назоратга олгани ва натижаси бўйича қўшимча маълумот берилишини маълум қилди. Олий Мажлис Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятига кўмаклашувчи комиссияси ҳам ҳолатни назоратга олиб, ўрганиш ишларини бошлаган.
Коррупционер қолиб, коррупцияга қарши курашган нишонга олинмоқда, дея ҳолатга муносабат билдирди коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бериб борувчи Telegram'даги davletovuz канали.
«Шаҳар прокурори ҳам, шаҳар ҳокими ҳам маҳаллий депутатлар олдида ҳисобдор. Лекин улар депутатни дахсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиши одатий иш, бунинг учун, керак бўлса, халқдан, жамоатчиликдан яшириб, сессияларни ҳам ўтказишдан қайтмабди. Шунинг ўзи коррупциядан дарак беради. Коррупцияга ёпиқлик керак. Депутатлар ҳам ўзини ҳимоя қила олмайди. Ҳаммасининг тили қисиқ. Тағин бу депутатларга қонунлар билан ҳокимларнинг коррупциявий қилмишларини қонунийлаштириб берадиган ваколатлар бериб ётибмиз», – дея ёзади блогер.
Депутат Шуҳратбек Каримов қандай жиноятда гумонланаётгани маълум эмас. Kun.uz ҳолат юзасидан журналистик суриштирув ўтказмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Kun.uz шу ой бошида Андижон шаҳри ҳокими президент қарорига зид равишда ер ажратиш бўйича қарор чиқаргани, маҳаллий кенгаш эса уни кворумсиз тасдиқлаб юборгани ҳақида суриштирув эълон қилганди.
Ҳоким шаҳар марказидан 14 сотих ерни очилганига энди 1 ой бўлган фирмага тўғридан тўғри бериб юборган.
Мақола эълон қилингач, прокуратурадан реакция бўлмаган, ҳокимнинг ноқонуний қарори шаҳар Адлия бўлимининг тақдимномасига асосан бекор қилинганди.
Бундан ташқари, Баҳром Ҳайдаров 2020 йил сентябр ойида 200 квадрат метр ер майдонини якка тартибда уй-жой қуриш учун ноқонуний тарзда ажратиб берган.
Мавзуга оид
17:20 / 17.12.2024
Хитойда катта миқдорда пора олишда айбланган партия мулозими қатл этилди
12:00 / 11.12.2024
Нетаняҳу коррупция бўйича иш юзасидан судда кўрсатма беришни бошлади
21:00 / 09.12.2024
200 долларлик фотосурат, “иш битирган” курка болалари ва қўшмачининг “танка”си – ноодатий поралар
18:09 / 13.09.2024