Ўқитувчи ва талабага имтиёзлар, чегирмали авиабилет ва “суриш керак”лиги ҳақида — Мармара университети магистранти билан суҳбат
UzbekLife хориждаги ҳамюртларимиз билан суҳбатларни давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Мармара университети 2-босқич магистранти Нўъмон Насруллаев.
Қаҳрамонимиз Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида туғилган. 2019 йили Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини тамомлаган. Ҳозирги кунда Туркиянинг Мармара университети “Халқаро ва қиёсий таълим” факультетида таҳсил олмоқда.
Бу жиҳат университетнинг рейтингини, таълим сифатини оширади
Туркияда талабаларга имкониятлар жуда ҳам кўп. Масалан, ҳар бир университетнинг махсус стипендия дастурлари мавжуд. Улар ўзимизнинг олий ўқув юртларимиздаги стипендиялардан фарқ қилади.
Мармара университетининг ҳам ўз вақфлари бор, албатта. Маъмурият асосан қийналиб қолган ёки яхши ўқийдиган талабаларга ойма-ой стипендия ажратади. Сиздан талаб қилинадигани: яхши ўқишингиз ва ўзингизни ижобий тарафлама кўрсатишингиз.
Чет элдан келаётган талабаларнинг аксарияти шартнома асосида таълим олишади. Лекин университетлар сизнинг ўқишингиз харажатларини қоплаб бериши мумкин. Қачонки, яхши ўқиб, ўзингизни кўрсата олсангиз. Бундан ташқари маҳаллий талабаларга ҳам шундай имконият бор: умумий имтиҳонлар топширилади ва уларда қанча балл тўплаганига қараб, ўшанча миқдорда шартнома пули тўлайди. Яъни сиз юз ёки эллик фоиз шартнома пулини тўлашингиз ўз қўлингизда.
Энг ёқимли тарафи эса, бутун ўқиш мобайнида ушбу тўлов сақланиб қолади. Туркия университетларига кириш жуда ҳам осон. Битириш эса қийин.
Масалан, бир ишни бошлаб, ўша ишни охиригача олиб борсангиз, шу ишнинг устаси бўлиб етишасиз. Демак, университетда ҳам киришингиз осон бўлса, битиришингиз қийин бўлса, сиз шу соҳани қайсидир даражада ҳақиқий устаси бўлмагунингизча диплом берилмайди. Албатта, бундан ёмони йўқ. Талабалар баҳо ёхуд стипендия учун эмас, ўзи учун ўқийди. Бу жиҳат ўз-ўзидан университетнинг рейтингини, таълим сифатини оширади.
Вақф фондлари
Юқорида айтиб ўтганимдек, Туркияда вақф фондлари кўп. Уларнинг асосий мақсади ва вазифаси талабаларнинг илм олишини қўллаб-қувватлаш. Яъни моддий жиҳатдан қийналган талабаларга стипендиялар ажратади. Албатта, талаба вақфларнинг талабларига мос келиши керак. Стипендиялар миқдори таълим босқичига қараб ўзгаради. Сиздан талаб қилинадигани эса, яхши ўқишингиз, улар белгилаб берган баллдан тушиб кетмаслигингиз лозим.
Магистратура ва докторантура босқичларида ўқийдиган талабаларга ҳам худди шундай қулайликлар яратиб берилади. Масалан, илмий ишингизни Европада давом эттирмоқчисиз. Аммо моддий жиҳатдан шароитингиз йўқ. Шунда вақф фондига ариза топширилса, у ҳамма харажатларни қоплаб беради.
Баъзи вақф фондларининг ёрдамини йиллар давомида қайтариб берасиз. Баъзилари эса беғараз ёрдам ҳисобланади. Туркия фуқароси бўлган талабаларга қайтариб бериладиган ва берилмайдиган вақфлар берилади. Хорижий талабалар учун эса фақат қайтарилмайдиган вақфлар шакллантирилган. Холис ёрдам сифатида. Вақфлар давлат ва даромади юқори бўлган инсонлар томонидан молиялаштирилади.
Кимгадир таълим бериш учун хизмат қилиши зарур
Туркияда Тез (илмий иш) ёзиш масаласи иккига бўлинади: тез ёзадиганлар ва ёзмайдиганлар. Ўқишни бошлаётган талаба хоҳишига кўра, тезли ёки тезсиз гуруҳга киради. Иккисининг иши икки хил. Бири имтиҳонларга тайёрланади. Иккинчиси эса бутун ўқиши давомида илмий ишига тайёрланиб боради.
Устозлар Тез ёзмоқчи бўлган талабанинг ҳар биридан қайси мавзуда ёзмоқчи эканлигини сўраб чиқади. Сиз қайси мавзуда ёзмоқчи эканлигингизни айтасиз. Улар шунга қараб йўналиш беради. Бизга устозларимиз илмий ишга юзаки қарамасликни кўп тайинлайди. Чунки сизнинг вазифангиз Тезни шунчаки ёзиб кетиш эмас, балки келгусида улар асосида кимгадир таълим бериш учун хизмат қилиши зарур.
Ўқитувчига имтиёзлар
Ўқитувчининг даражаси мамлакатнинг таълим даражаси сифатини таъминлаб беради, деб ўйлайман. Дунё бўйича ҳеч қандай таълим тизими йўқки, ўқитувчидан юксак турса. Ўқитувчи қанчалик салоҳиятли бўлса, таълим ҳам шунча ривож топади. Ҳеч қачон таълим тизими ўқитувчидан юқорилаб кетолмайди.
Таъкидлаш жоизки, ўқитувчилар ўз маоши билан бемалол четга саёҳат қила олади. Умуман, бу ерда талаба ҳамда устозларга имтиёз ва қулайликлар бисёр. Шаҳарларда устозлар уйи, яъни меҳмонхонаси бор. Биргина Истанбулда 6 та ўқитувчилар меҳмонхонаси борлигини биламан. Булар мен билганларим. Уретман Эви (ўқитувчи уйи) дейилади. Ўзим бориб, яшаб ҳам кўрганман. Беш юлдузли меҳмонхоналардан ҳам шинамроқ. Бу уйлар текинга берилмайди, албатта. Аммо чегирма қилиб берилади. Агар тўлови юз минг бўлса, эллик, йигирма минггача тушади. Баъзи бир ўқитувчилар бор-ки, улар тўлов қилмасдан яшайди.
Университетларда ўқитувчилар учун алоҳида ошхоналар мавжуд. Ҳар бир ўқитувчининг кунлик лимити бор. Бугун ўқитувчи 20 минг лиралик овқатни кўчадан эллик мингга олиб еяётган бўлса, унинг ойлиги нимага етади. Энди ўша овқатни университет ошхонасида беш мингга еса, ҳамёнига қанча фойда.
Ўқитувчилар учун алоҳида дам оладиган жойлар ҳам талайгина. Агар ўқитувчи четга чиқмоқчи бўлса, авиабилетида ҳам чегирмалар амал қилади.
“Суриш керак” ибораси тўғри йўл эмаслигини тушуниб етганман
Саволингиздан келиб чиқиб айта оламанки, албатта, Ўзбекистонга қайтаман. Асосий режаларимдан бири, бугунги кундаги “олтин балиқчалар”нинг юрагидаги оловли вулқонлари сўниб қолмаслиги учун ҳаракат қилиш. Буни эса имкон борича мамлакатимизда таълим сифатини ривожлантиришга ҳисса қўшиш орқали амалга ошираман.
Шунингдек, ёшлар орасидаги “суриш керак” ибораси тўғри йўл эмаслигини тушуниб етдим. Чунки ҳар бир жойнинг ўз тошу тарозиси борлигини тушуниш лозим. Шу боисдан, шахсан ўзим, олган билим ва кўникмаларимни юртим тараққиёти йўлида сарфлашни истайман.
Миржалол Абдурасулов
суҳбатлашди
Мавзуга оид
21:04 / 22.12.2024
Туркияда тиббий вертолёт шифохона биносига урилиб, қулаб тушди
11:37 / 22.12.2024
Ўғриликда айбланиб 4 йилдан буён қидирувда бўлган аёл Туркиядан Ўзбекистонга депорт қилинди
20:38 / 20.12.2024
Эрдўған Сурия шимолидаги террорчиларни зарарсизлантириш вақти келганини айтди
17:42 / 20.12.2024