Ўзбекистон | 13:56 / 26.05.2021
8816
4 дақиқада ўқилади

Азиз Абдуҳакимов лавозимларининг иш сифатига таъсири ва ойлик ололмаётган Шахмат федерацияси ходимлари ҳақида

Кеча, 25 май куни Тошкент шаҳрида «Тошкент 5 ташаббус ҳаракати» тадбирлари доирасида бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ва ёшлар ўртасида мулоқот бўлиб ўтди. 

Тадбир давомида Абдуҳакимов ўзи эгаллаб турган лавозимларнинг кўплиги иш сифатига қанчалик таъсир кўрсатиши, у раислик қилаётган Шахмат федерацияси ходимлари бир неча ойдан буён ойлик ололмаётгани ҳамда фуқаролар учун арзонлаштирилган туристик маршрутлар ташкил этиш юзасидан берилган саволларга ҳам жавоб қайтарди.

Бош вазир ўринбосари эгаллаб турган лавозимларининг кўплиги иш сифатига қанчалик таъсир кўрсатиши борасида

— Мен ўзимча бориб, бу лавозимларни талаб қилиб олганим йўқ. Бир йўналишда ўсиш, уни ижро этиш осонроқ бўлади. Эътибор берсангиз, ҳар бир лавозимим мантиқий нуқтайи назардан боғланган. Яъни барчаси туризмга оид. Шусиз ҳам бу вазифаларни бажарар эдим.

Кўпчиликни яна бир савол қизиқтиради. Ишлаётган барча жойларимдан ойлик оламанми? Йўқ, мен фақат бош вазир ўринбосари сифатида ойлик оламан.

Ўйлашимча, вақти-соати келади, мендаги вазифаларнинг ҳаммаси ўз эгасини топади. Ёшларимиз тезроқ ўзини кўрсатамиз деса, раҳбарият, албатта, ёшларимизни шу лавозимларга қўйишади.

Шахмат федерацияси раиси ташкилот ходимлари 6 ойдан буён ойлик маошларини ололмаётгани ҳақида

— Олти ой эмас, сал камроқ. Бу масала ечилди. Ўзим бориб шуғулландим. Биласиз, федерацияда бунгача жуда катта муаммолар бўлган. Бизнинг бир қатор иқтидорли, ёш қизларимизга йўл берилмаган. Бир қанча инсонлар эса фақат ўз яқинларини халқаро турнирларга юбораверган. Биз буни ҳам бартараф этдик.

Ўзбекистонга яқинда Халқаро шахмат федерацияси раиси Аркадий Дваркович ҳам келиб кетди. Жуда яхши келишувларга эришдик.

Биз ҳозир шахматни одамлар орасида оммалаштиришга ҳаракат қиляпмиз. Бунинг учун Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Андижон ва Фарғона вилоятларидаги паркларда Шахмат академиясининг мактабларини ташкил этяпмиз.

1000та мактабда эса шахматни чуқурлаштириб ўргатиш тизимини йўлга қўйдик. Шунингдек, яна 150та мактабда махсус шахмат синфлари ташкил қилинди. Қолган 8 минг мактабда ҳам шахмат синфларини очишга ҳаракат қиляпмиз.

Оддий қилиб айтганда, ҳамма жойда шахмат бўлса, ҳамма ўйнагиси келади. Ҳозир «Афросиёб» тезюрар поездида ҳам бу имкониятни ташкил қилдик. У ерда сўрасангиз, сизга шахмат беришади.

Биз ҳозир қатор вилоятлардаги ресторан ва кафеларда ҳам шахмат бурчакларини ташкил қилишни тажрибадан ўтказяпмиз.

Бундан ташқари, мен ўзим ҳам Москва ва Италиядан шахмат бўйича энг яхши китобларни сотиб олишга ҳаракат қилдим. Энди буларни ўзбек тилига таржима қиламиз. Бунда «24 соатда шахматни ўрганинг» деган китоблар чиқаришимиз керак.

Биз декабр ойида дунёнинг энг етакчи шахматчиларини Ўзбекистонда йиғиб, катта мусобақа ташкил қилмоқчимиз.

Қишлоқ одамлари учун арзонлаштирилган туристик маршрутлар ташкил қилиш ҳақида

Узоқ қишлоқлардаги аҳолининг ҳам туристик саёҳатларга чиқиши учун имконият яратишимиз керак. Хабарингиз бор, бу борада президентнинг транспорт ва меҳмонхона хизматларини арзонлаштириш бўйича фармони қабул қилинган.

Унга кўра, бу хизматлар 50 фоизгача арзонлаштирилган. Бунинг натижаларини сезяпмиз. Яъни дам олиш кунлари Бухоро ёки Самарқанддаги зиёратгоҳларга борсак, у ерда жуда катта маҳаллий туристлар оқими пайдо бўлганини кўрамиз.

Бир нарсани айтиш ўринли бўлади, ўзбек ва умуман туркий халқларда зиёрат тушунчаси қонимизда бор. Одамларга бориб, туристик саёҳатга чиқ, десангиз тушунмаслиги мумкин, лекин зиёрат деса, ҳамма боргиси келади. Шу сабабли бизда ҳозир зиёрат туризми яхши ривожланяпти.

Мавзуга оид