«Барча ижтимоий тармоқларни ўчириб қўйсак, Шимолий Корея бўламиз-қўямиз-ку!» – Комил Алламжонов хорижий мулкдорларга қўйилган янги талаблар ҳақида
Бир неча ой аввал биз билан суҳбатлашган Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов ҳозирги замон матбуотининг ажралмас қисми бўлган ижтимоий тармоқларга доир қонунчиликдаги ўзгаришлар ва хорижий мулкдорларга қўйилаётган талаблар ҳақида гапириб ўтган эди.
«Аслида ҳар бир давлат фуқароларининг маълумотлар базаси ўша давлатнинг ўзида бўлгани тўғри. Масалан, Facebook’даги Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари жойлашган серверлари ўзимизда бўлиши тўғри. Худди шунақа бошқа ижтимоий тармоқларда ҳам.
Лекин, бу қанчалик улар [хориждаги мулкдорлар] учун иқтисодий тарафдан маъқул нарса? Бу катта савол. Чунки сизни ҳеч ким Facebook, Instagram ёки Twitter’га мажбурлаб киргизмайди. Улар сервисни яратди ва ҳаммага имкониятни тенг қилиб қўйди. Хоҳланг киринг, хоҳламасангиз йўқ, аслида.
Ушбу дастурларга кириб фойдаланаётган ҳар бир инсоннинг телефонида иловаларни ўрнатишдан аввал, расмлар, контактлар, жойлашув ва бошқа маълумотлар учун доступ сўралади. Биз тушунмасдан расм юборишим учун керакдир деб розилик бериб юборамиз, аслида илова расмларингиздан тортиб барча шахсий маълумотларингизни олиб чиқиб кетишга ҳуқуқи бор.
Барча фуқароларнинг шундай маълумот бир жойда жамланганидан кейин бу катта бир қуролга айланади. Бу ҳар қандай давлатга нисбатан уларнинг имкониятлари ва таъсир кучини оширади. Шу каби хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам [серверларнинг] Ўзбекистонда бўлиши муҳим.
Лекин, бу қонун бўлиши ва ишга тушишини сал эртароқ деб ҳисоблайман. Чунки бундай қонунни чиқариб, уни амалга оширишимиздан олдин, ўзимизда шуларга нисбатан альтернатив ресурсларни яратиб олишимиз керак эди. Масалан, Россияда ҳам шу қонун бор, матбуотда ўқияпмиз, ҳозир уларда шу мавзуда «жанг» кетяпти. Яқинда уларнинг шу соҳадаги раҳбарияти чет элнинг барча ижтимоий тармоқларини ёпиш керак деган фикрни билдирди.
Уларда Google ёпилса, Yandex бор, Facebook ёпилса Вконтакте ва Однаклассники бор, Whatsapp ёпилса Телеграм бор. Хоҳлаймизми йўқми барибир, Телеграм уларда бошланган. Шунингдек, Хитой ҳам шунақа қонунларни талаб қилиб, ижтимоий тармоқларга талаблар қўйяпти. Лекин уларда ҳам Wechat каби мессенжерлари, Youtube'га ўхшаш жуда катта видео жойлаш мумкин бўлган ресурслари бор.
Бизда бунда альтернатив ресурслар йўқ-ку? Эртага ўша хорижий мулкдорлар бизни шартларимизга рози бўлмаса-чи? Ўчириб қўямизми? Қонунга асосан рози бўлмаса жаримага тортишимиз ёки қўпол қилиб айтганда ўчириб [блоклаб] қўйишимиз керак бўлади. Ҳаммасини ўчириб қўйсак, унда биз Шимолий Корея бўламиз-қўямиз-ку!
Мен билмадим, бу қонуннинг тақдири нима билан тугайди. Депутатларимиз ва партиялар аъзоларига шуни тавсия қилардимки, ҳар битта бераётган таклифни жуда ҳам чуқур ва кенг ўйлаш керак. Трендларга ишқибоз бўлиб қадам босишдан олдин, оқибатини ҳар доим ўйлаш керак, деб ўйлайман.
Мана шуни қонун нима бўлади энди? Вақт кўрсатади. Энг ёмони бу нарса бизнинг халқаро рейтингларимиз ва ҳар-хил индексларимизга таъсир қилади. Бу эса ўз навбатида бизнинг инвестицион муҳитимизга ва чет эл давлатлари билан муносабатларимизда барибир ўз акс-садосини беради. Бу жуда салбий оқибатларни олиб келиши мумкин” – деди Комил Алламжонов.
Эслатиб ўтамиз, «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга киритилган янги 27-1-модда 2021 йил 16 апрелдан қонуний кучга кирди. Ушбу моддага кўра, Facebook, Google, Telegram ва бошқа сервислар Ўзбекистон фуқароларининг шахсига оид маълумотларини жисман Ўзбекистон ҳудудида сақлаши шарт.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳукуматдан бу модда талабини тезроқ бажаришни талаб қилмоқда.
Мавзуга доир:
Мавзуга оид
19:05
Apple Pay ва Google Pay Ўзбекистонга киришни нега рад этаётгани маълум бўлди
16:28 / 20.12.2024
Ўзбекистон Интерпол орқали Расаев ва Темирхановни халқаро қидирувга берди
22:07 / 03.12.2024
“Бандитлар бошқарган экан-да?” — Жавлон Юнусовнинг Тошкентдаги қурилиш лойиҳаларидан одамлар норози
01:57 / 26.11.2024