Жаҳон | 21:10 / 14.06.2021
35120
8 дақиқада ўқилади

Женева учрашуви арафасида: Путин Байдендан нима хоҳламоқда?

Дўстона руҳдаги учрашувдан кўра кўпроқ ўзаро «қизил чизиқлар» текширилиши кутилмоқда.

Фото: Getty Images

Чоршанба кунига белгиланган Женевадаги АҚШ президенти Жо Байден ва Россия президенти Владимир Путин ўртасидаги учрашув дўстона руҳда кечмаслиги тахмин қилинмоқда.

Яқинда Россия АҚШни «дўст бўлмаган мамлакатлар» мақомида кўришини маълум қилганди. Икки томон ҳам ўзаро муносабатлар минимал даражага тушиб қолганини тан олмоқда ва ҳозирда икки мамлакат пойтахтида уларнинг элчилари мавжуд эмас.

АҚШ Қримнинг қўшиб олинишидан тортиб Америка сайловларига аралашишгача бўлган сабаб билан Россиянинг айрим юқори лавозимли амалдорларига қарши санкциялар қўлламоқда. Қолаверса, АҚШнинг икки денгиз пиёдаси Россияда жосусликда айбланиб, ҳануз 16 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Устига устак, март ойида Жо Байден америкалик журналистлардан бирига берган интервьюсида Путинни «қотил» деб атаганди.

Шундай бўлса-да, улар икки етакчи президент сифатида бу ҳафта биринчи марта учрашишмоқда. Россияда буни айримлар муваффақият сифатида баҳоламоқда.

Рамзий аҳамиятга эга

«Саммит рамзий маънода аҳамиятга эга. У Россияни АҚШ билан бир хил даражага олиб чиқади ва бу Путин учун аҳамиятсиз эмас», дейди Москванинг RIAC таҳлил маркази раҳбари Андрей Кортунов.

Вақт нуқтайи назаридан эса ушбу учрашув Байден иш бошлаганидан кейин унинг илк хорижий сафари пайтида бўлиб ўтаётгани ва бу икки томонлама учрашув экани билан ҳам муҳимдир.

НАТО саммитидаги тиғиз кун тартибига қарамай, Европа сафарининг сўнгги бекатида Байденнинг чоршанба куни Путин билан учрашиши дунё афкор оммасининг алоҳида эътиборини тортмоқда.

«Путиннинг мақсади АҚШ президенти билан мутлақ тенг позицияда бўлишдир. У ўзи белгилаган заминда ҳурмат кўришни ва куч намойиш этишни истайди», дейди россиялик сиёсий шарҳловчи Лилия Шевцова.

Саммит Женевадаги Вилла Ла Гранжда бўлиб ўтади.

Учрашув жойи сифатида Женеванинг танланиши совуқ уруш даври шароитида, 1985 йил ўша пайтдаги АҚШ президенти Рональд Рейган ва совет иттифоқи раҳбари Михаил Горбачёв ўртасидаги учрашувни ёдга солмоқда.

Аммо бу ҳафтадаги учрашувнинг ўша тарихий учрашувга ўхшаш шахсий муносабатлар ўрнатилиши ёки сиёсий юмшатишга олиб келиш эҳтимоли жуда кам.

Оқ уй Россия билан «барқарор» ва «тахмин қилиниши мумкин бўлган шаклда ривожланувчи» муносабатлар ўрнатишни мақсад қилганини билдирди.

Аммо 2014 йилда Россия «кичик яшил одамлар» билан Қримга кириб, ҳудудни ўз таркибига қўшиб олганидан бери Владимир Путин ўз рақибларига кейинги қадамларини ошкор қилмаслик услубини қўлламоқда.

Аслида, ушбу воқеа Россия-АҚШ муносабатлари совуқлашишининг бошланғич нуқтаси бўлганди. Бу борада Лилия Шевцова шундай дейди: «Асл мақсад – бир-бирининг қизил чизиқлари нима эканлигини текшириш, шу билан бирга, жарлик ёқасидан қайтишнинг йўли мулоқот эканини ўзаро қабул қилиш бўлиши мумкин. Чунки икки ўртада алоқа бўлмаса, Россиянинг одимларини олдиндан тахмин қилиш янада қийинлашади».

1985 йил Рональд Рейган ва Михаил Горбачёв Женевада учрашганди

Путин «подсказка» беряптими?

Ўтган ҳафта охирида Владимир Путин Россия давлат телевидениесидаги чиқишида АҚШ билан «ҳамкорлик қилиш масалалари» мавжудлигини айтди. У бунга мисол сифатида ядро қуролларини назорат қилиш бўйича янги келишувни, Сурия ва Ливия каби минтақавий можароларни ва иқлим ўзгаришини мисол қилиб келтирди.

«Агар биз ушбу масалаларда биргаликда ишлаш механизмларини ярата олсак, унда саммит бесамар ўтмаган бўлади», деб қўшимча қилганди Путин.

Россия томони дипломатик урушларда муроса бўлиши мумкин, деб ўйламоқда.

Сўнгги йилларда АҚШ ўнлаб рус дипломатларини мамлакатдан чиқариб юборди ва АҚШ ҳудудидаги Россиянинг иккита дипломатик муассасасини ёпди. Ҳозирда АҚШнинг Россиядаги дипломатик ваколатхоналарига Россия фуқароларини ишга олиш тақиқланган. Бу эса кўплаб хизматлар, шу жумладан, визаларни расмийлаштириш жараёни оқсашини англатади.

Минимал қадам сифатида Москва ўз элчисини Вашингтонга қайтаришга рози бўлиши, АҚШ ҳам 2018 йилда Россияда жосусликда айбланиб ҳибсга олинган икки денгиз пиёдаси тақдирини кун тартибига олиб чиқиши мумкин.

Яқинда Россия «маҳбуслар алмашинуви»ни таклиф қилди, аммо унинг шартлари АҚШ томонидан қабул қилинмади. Путин бу борада бир томонлама хайрихоҳлик ишорасини бериши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас.

«Душман Ғарб» тушунчаси

Кейинги пайтларда Россия президенти Ғарбни душман сифатида кўриш нуқтайи назарини олдинги планга чиқармоқда.

Шу ой Санкт-Петербургда бўлиб ўтган иқтисодий форумда у яна бир бор Россиянинг ривожланишини АҚШ тўхтатишга уринаётганини таъкидлади.

Ушбу нутқдан бир неча кун олдин ҳам у Россияни «тишламоқчи» бўлган «тажовузкор хорижий кучлар»нинг «тишини қоқиб олиши»ни айтиб, дунё энди Россиянинг обрўйи ва қудратини англаши кераклигини таъкидлаганди.

«У (Путин) АҚШ Россиянинг фаровонлигини истамайдиган душман эканига ишониши аниқ ва мен бу қараш ўзгармайди, деб ўйлайман», дейди сиёсий шарҳловчи Андрей Кортунов. Аммо у Россия ҳозирда кескинликни «бир-икки даражага туширмоқчи» бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Кескинлик бироз бўлса-да юмшаши мумкинми?

«Путин оқилона сиёсатчи сифатида душманлик муносабатлари билан боғлиқ харажатлар ва хатарларни камайтиришни хоҳлайди», дейди Кортунов.

Ушбу харажатлар иқтисодий санкцияларни ҳам ўз ичига олади. АҚШнинг сўнгги санкциялари ҳукуматга янги маблағлар топиш ва янги қадамлар қўйишни қийинлаштирди ҳамда иқтисодий қийинчиликлар ортишига сабаб бўлди.

«Россия жамоатчилиги уйдаги ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш ўрнига ташқи сиёсатдаги «ғалабалар» таклиф этилишини хоҳламоқда», дейди Кортунов. 

Путин истамайдиган, лекин тайёр бўлган яна бир мавзу – мухолифат лидери Алексей Навальнийнинг заҳарланиши ва ҳозир қамоқда экани билан боғлиқ инсон ҳуқуқлари масаласидир.

Яқинда Москва суди томонидан Навальний ҳаракати ва унинг коррупцияга қарши кураш ташкилоти «экстремистик» характерга эга деб топилди. Ҳолбуки бу қарор Байден билан бўлиб ўтадиган саммитдан кейин ҳам эълон қилиниши мумкин эди.

Аммо бундай йўл тутилишидан кўзланган мақсад Владимир Путиннинг ўз рақибларини тор-мор этишни давом эттириши ва АҚШ бунга аралаша олмаслиги ҳақида хабар бериб қўйишга ўхшайди.

«Байден ўз қўшиғини айтади. Унда Навальний ва инсон ҳуқуқлари бўйича масала ҳам мавжуд. Путин ҳам ўз қўшиғини куйлайди. Яъни АҚШ ҳам бу масалада қолишмаслигини такрорлайди. Аммо ушбу учрашувнинг ўтказилиши шуни англатадики, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муқаддимадан сўнг улар асосий менюга ўтишади. Бу эса тангликни юмшатиш учун қандай чоралар кўриш мумкин, деган масаладир», дейди Лилия Шевцова. 

Мавзуга оид