Жаҳон | 22:55 / 02.07.2021
11742
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко Украина билан чегарани тўлиқ ёпишни буюрди

Беларусь президенти Александр Лукашенко чегара қўшинларига Украина билан чегарани тўлиқ ёпишни буюрди. У бу ҳақда Беларусь мустақиллиги куни муносабати билан ўтказилган тантанали йиғилишда маълум қилди.

Фото: Кравченко Андрій / POOL

«Украинадан Беларусга катта миқдорда қурол келиб тушмоқда. Шу сабабли чегара қўшинларига Украина билан чегарани тўлиқ ёпишни буюрдим», деб тушунтирган президент.

 «Бугун мудофаа отрядлари деб аталувчи ‘панадаги’ террорчи ячейкалар фош қилинди. Бу ячейкаларнинг мақсади муайян ‘икс’ куни ҳокимиятни зўравонлик билан алмаштириш ҳисобланади. Уларнинг ўзи ҳам бу ‘икс’ кун қачон келишини билмайди: бу кунга халқимизни ‘пишитишлари’ лозим», деб айтган Лукашенко.

Беларусь президентининг таъкидлашича, бунга Германия, Украина, АҚШ, Польша ва Литва аралашган.

2 июлда Лукашенко Беларусда кенг кўламли аксилтеррорчилик амалиёти якунлангани ва бу билан боғлиқ ҳолда «Германия канцлери ва раҳбариятидаги баъзи шахсларга» эътироз билдиришини айтган.

Лукашенко 2020 йил 17 сентябрда Беларусдаги норозилик намойишлари ортида Польша ва Литва билан чегарани ёпишга ҳамда Украина билан чегара муҳофазасини кучайтиришга қарор қилганди.

Мавзуга оид