Ўзбекистон | 12:01 / 31.07.2021
16475
3 дақиқада ўқилади

«Эски гап, эски тоғора» – сенатор Наримон Умаров Экология қўмитаси ҳисоботини танқид қилди

Сенат ялпи мажлисида сенатор Наримон Умаров Экология қўмитаси ҳисоботидан қониқмаганини айтиб, кўзга кўринарли иш олиб борилмаганини танқид қилди.

Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида Экология қўмитасининг белгиланган даврда амалга оширган ишлари ҳисоботи эшитилди. Шунингдек, қўмита раиси ўринбосари сенаторлар берган саволларга жавоб берди.

Ялпи мажлисда сенатор Наримон Умаров қўмита ҳисоботидан қониқмаганини, мораторий даври тугашига оз муддат қолгани, лекин кўзга кўринарли иш олиб борилмаганини танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат томонидан қўмитага етарлича ваколатлар берилган бўлса-да, бундан фойдаланилмаган.

«Мен Экология қўмитасининг бу ахборотидан қониқмадим. Чунки қонунда ҳам, Вазирлар Маҳкамаси қарорида ҳам ҳамма ваколатлар берилган. Президент ўзи мутлақ ваколат бердики, шундан фойдаланиш керак эди. Мораторий тугашига 6 ой қолди.

Экспертиза деган механизм бор, қурилиш бошланишидан олдин экспертиза ўтказилади, рухсат берилмаса, банкдан ишни тўхтатади ва маблағни кўчиртирмайди. Қўмита шу механизмдан фойдаланмаяпти, экспертиза бошқа дунё, қўмита бошқа бир дунё: экспертиза берган хулосани, қўмита инспекторлари бермайди.

Иқтисодий жарималар сизларнинг қўлингизда, Вазирлар Маҳкамасига чиқинглар, инфляция бўляпти. Тўхтаб қолган жойи йўқ-ку, 2010 йилдаги қарор билан 5 ёки 6 баравар жарима билан ишлаяпсиз. Президент айтяпти-ку, иқтисодий жазоларни кучайтиринглар деб. Дарахт экаман-экмайман, кесаман-кесмайман – бу шунчаки гап, соат учдан кейин кесса, биров қўлидан ушламайди, хоҳлаган ишини қилади. Шу маънода қўмита механизмдан мутлақо фойдаланмаяпти.

Шунинг учун таклифим, 15 кун муҳлат бериш керак, шу вақт ичида қонунчиликка ўзгартириш киритиш таклифини тайёрлаб, ҳукуматга ва Сенатга тақдим қилсин. Ҳозир биз 1 соатдан бери нимани муҳокама қиляпмиз, мораторийга 6 ойгина қолган бўлса.

Қўмитада 10 йил аввал мен ҳам раис бўлганман. Аввалги ва ҳозирги шароитларни таққослаб бўлмайди, фойдаланиш керак, холос.

Шунча вақтдан бери бизнинг вақтимизни олди: эски гап, эски тоғора. Яшил иқтисодиётга ўтиш дегани нима – аслида экологиянинг талабларига мос ривожланиш керак эмасми? Яшил иқтисодиёт алоҳида юрибди, қўмита алоҳида юрибди. Озгина бўлса ҳам билим бўлиши керак-ку бу соҳада», дея фикр билдирди сенатор.

Сенат раиси Танзила Норбоева мораторий аслида қўмитага соҳадаги ишларни тартибга солиш учун имконият бўлганини таъкидлади. 

«Белгиланган мораторий қўмита учун имконият эди. Шу муддатда айнан шу ишларни тўғрилаб олишингиз учун мораторий берилган. Мораторий даврида кесилмасин-да кейин кесилаверсин дегани эмас. Қонунчиликни такомиллаштириш, механизмларни қайта кўриб чиқиш, жамоатчилик билан алоқаларни ўрнатиш – барчасини йўлга қўйиб олиш учун имкон эди. Мораторий даври тугагандан сўнг ишланган механизм ўз-ўзидан ишлаб кетилаверарди, афсуски мораторийга 6 ой қолди, лекин ҳеч нарса тайёр эмас», деди Танзила Норбоева.

Мавзуга оид