Ўзбекистон | 22:38 / 14.08.2021
35207
4 дақиқада ўқилади

Ниғматилла Йўлдошев президент топшириғи асосида Оққўрғонга борди

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев Оққўрғондаги давлат боғчасида 30 нафар боланинг заҳарланиши воқеасини ўрганиб, терговни ўз назоратига олди. Бу каби ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш бўйича чоралар кўришга топшириқ берилди.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев 14 август куни президент топшириғига биноан Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги 5-сонли боғча тарбияланувчиларининг касалланиши билан боғлиқ ҳолатни жойига бориб ўрганди.

Бош прокурорга мутасадди идораларнинг раҳбар ходимлари ҳамроҳлик қилди. Бу ҳақда маҳкама матбуот хизмати хабар бермоқда.

Аниқланишича, шу йил 9 август куни мазкур ташкилот тарбияланувчиларидан 19 нафари турли тиббиёт муассасаларига мурожаат қилишган ва уларга “ботулизм” касаллигига гумон ташхиси қўйилган.

Ҳолат юзасидан ЖКнинг 257-1-моддаси 1-қисми (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

“Бош прокурор мазкур вилоят ва туман прокурорлари ҳамда тергов гуруҳи аъзоларининг тергов жараёни билан боғлиқ ҳисоботларини эшитиб, уларга тергов ҳаракатларини ҳар томонлама тўла ва холисона ўтказиш бўйича аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берди.

Мазкур жиноят ишининг тергов жараёни бош прокурор томонидан алоҳида назоратга олинди.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Шунингдек, мутахассислар томонидан мазкур мактабгача таълим ташкилотининг охирги 10 кунлик таомнома бўйича болаларга тарқатилган ва гумон қилинган озиқ-овқат маҳсулотларидан намуналар олиниб, Тошкент вилоят Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси қошидаги лабораторияга текшириш учун юборилган ҳамда судга оид озиқ-овқат маҳсулотлари экспертизаси тайинланган.

Мазкур текширув жараёнлари муайян вақтни талаб қилиши ва таҳлил натижалари бўйича заҳарланиш сабабларига аниқлик киритилиши инобатга олиниб, яна бошқа оқибатлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида текширув хулосаларини олгунга қадар гумон қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатишни вақтинча тўхтатиб туриш бўйича тегишли мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.

Булардан ташқари, бош прокурор томонидан туман Тиббиёт бирлашмасида тиббиёт, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, мактабгача таълимни бошқариш ва бошқа мутасадди идоралар масъул ходимлари билан ушбу ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва келгусида бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш чора-тадбирларини белгилаш бўйича суҳбат ўтказилди ва тегишли кўрсатмалар бериб ўтилди”, – дейилади хабарда.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Аниқланишича, 5-сонли МТТда 138 нафар тарбияланувчи рўйхат асосида қамраб олинган бўлиб, касалланишнинг дастлабки ҳолати аниқланганидан кейин зудлик билан тор доирадаги (инфекционист, лор, окулист, невропатолог) шифокорлардан иборат гуруҳ тузилиб, 10 август куни боғчага келган болалар тиббий кўрикдан ўтказилган.

Боғчага келмаган бошқа тарбияланувчилар эса патронаж гуруҳлари жалб қилинган ҳолда, уйларига борилган ҳолда кўрикдан  ўтказилган ва назоратга олинган.

Тиббий кўриклар натижалари бўйича касалликка гумон қилинган болалар Оққўрғон туман юқумли касалликлар шифохонасига назорат учун ётқизилган.

Жами 32 нафар тарбияланувчилар тиббиёт муассасаларига жойлаштирилган  бўлиб, улардан:

  • 16 нафари тор доирадаги мутахассислар кўригидан сўнг қониқарли аҳволда яшаш жойи бўйича тиббий назоратга олиниб, уйларига рухсат берилган;
  • тиббиёт муассасаларида жами 16 нафар тарбияланувчи даволанмоқда,  уларнинг ҳолати динамикада соғаймоқда.

Шулар билан бир қаторда, туман мактабгача таълим бўлими ва ташкилотлари, туман тиббиёт бирлашмаси, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга масъул СЭО ЖСБ ҳамда ветеринария бўлимлари, таъминотчи корхоналар мутасаддилари келгусида бу каби нохуш ҳолатларга йўл қўймаслик ҳақида туман прокуратураси томонидан расман огоҳлантирилди.

“Ҳурматли фуқаролар! Ҳозирда ижтимоий тармоқларда ушбу ҳодиса бўйича турли асосланмаган маълумотлар тарқалмоқда.

Сиздан миш-мишлардан келиб чиққан асоссиз маълумотларга ишонмасликларингизни ҳамда расмий манбалар орқали берилаётган маълумотларга таянишларингизни сўраб қоламиз”, – дея якунланган Бош прокуратура расмий релизи.

Мавзуга оид