Жамият | 13:47 / 05.09.2021
47678
8 дақиқада ўқилади

“Ислом Каримовга Риштоннинг Чўнғара гуручида оқ рангли қилиб ош пишириб берар эдим...” Биринчи президент Каримовнинг фарғоналик ошпази Сулаймон ака нималарни хотирлайди?

Ҳар бир халқнинг шоҳона таоми бўлади. Ўзбекларники, шубҳасиз — палов. Ош ўзгача кўриниши, такрорланмас мазаси билан ҳатто хорижликларнинг ҳам меҳрини қозонган.

Фарғона вилояти Риштон тумани Оқ-ер қишлоғидан етишиб чиққан ошпазлар бутун вилоятда довруқ қозонишган. Чунки оқ-ерлик ошпазлар тайёрлаган ошлар бошқалариникига ўхшамайди.

Шу қишлоқнинг “Оқтомир” МФЙда машҳур ошпаз Сулаймон ака Қорабоев истиқомат қилади. У Ўзбекистоннинг биринчи президенти, марҳум Ислом Каримовга ош пишириб берган. Камтарин ошпаз Ислом Каримов ҳар гал Фарғонага келганида ош тайёрлаб берар эди.

Сулаймон ака 13 ёшидан буён отаси изидан бориб, ошпазлик қилиб келади. У ҳалол меҳнати ортидан фарзандларини улғайтирди, уйли-жойли қилди.

1956 йилда Фарғона вилояти Риштон тумани Оқ-ер қишлоғида туғилганман. Отам раҳматлик ҳам ошпаз, ҳам қассоб эди. 13 ёшимдан бошлаб, отамнинг орқасидан юриб ошпазлик касбини танладим. Аллоҳга шукр, 1974 йилда армия сафида хизмат қилиб, 1976 йилда уйга эсон-омон кириб келдим.

Шундан сўнг Фарғона шаҳридаги Божхона бошқармаси ошхонасида 10 йил давомида ошпазлик қилдим. Ошни мазали қилганим учун ўша пайтдаёқ тўйларга хизматга тез-тез чақиришар эди.

Орадан бир муддат ўтиб, ошхонадаги фаолиятимни тугатдим. Икки ўғлимни ёнимга олиб, тўйларда ош тайёрлай бошладик. Шу-шу ўғилларим билан халқ хизматидамиз. Йил 12 ой бандман. Икки ўғлим ва укам жами 4 киши бўлиб, деярли ҳар куни тўй-ҳашамларда юрамиз. Январь ёки февраль ойида бир ойча дам олишимиз мумкин. Аллоҳга шукр, бўш куним йўқ.

Рамазон ойида ифторлик, қолган пайтда эса тўй-томошаларда хизматдаман. Яратганга шукр, ота касбини олган эканмиз, ҳалол меҳнат, пешона тери билан 2 ўғил, 2 қизни уйлаб жойладим. Ўғилларимга иморат солиб бердим, машина олдик. Кам бўлганимиз йўқ“.

Сулаймон ака қандай қилиб Ислом Каримовнинг ошпазига айланганини сўзлаб берди. Каримовга Чўнғара гуручидан тайёрланган ош маъқул келганини хотирлади.

“Кечагидек барчаси ёдимда. 2013 йилда 20 нафар ошпазни бир жойга тўплашди. Ўша ерда барчамиздан имтиҳон олишди. Барча ошпазлардан анализ ҳам олишди. Мени Ислом Каримовга ошпазликка танлашди.

Ош тайёрлашга киришишдан аввал мени ваннага солишди. 20 дақиқалар чамаси ваннада дезинфекция қилиндим. Орадан бир муддат ўтиб, ошхонага олиб киришди. Шунда ошхонада мени кутиб турган одам “Кимга ош тайёрлашингни биласанми?”, - деб савол берди. Мен эса бошимни чайқаганимча “Йўқ, билмайман”, - деб жавоб бердим. Шунда менга нотаниш бўлган кимса: “Президент Ислом Каримовга 2 хил ош қилиб берасан” деб айтди. Мен ўзим билан Риштоннинг Чўнғара гуручи ва Андижон гуручидан олиб борган эдим. Дарҳол 2 хил гуручда ош пиширишга тушиб кетдим. Ошлар тайёр бўлгач, мазасини татиб кўришди. Уларга Риштоннинг Чўнғара гуручидан тайёрлаган ошим маъқул келди. Шундай қилиб Каримовнинг синовидан ўтдим...”

Каримов Сулаймон аканинг қўлини сиқиб сўрашиб, мамнуният билан «Отахон, раҳмат ошингиз учун», деган сўзлари ҳали-ҳануз қулоғида жаранглайди.

“Ислом Каримовга иккинчи марта ош тайёрлаб бериш учун борганимда президентнинг хос ошпазлари билан очиқ ҳавода сайр қилиб турган эдик. Бадантарбия қилиш учун ташқарига чиққан Каримов тан соқчилари билан тўсатдан ёнимизга келиб тўхтади. Қўлимдан сиқиб сўрашиб, «Отахон, раҳмат ош учун, чарчамадингларми, яхши дам олдиларингми?» деб ўтиб кетди.

Каримов ҳар гал Фарғонага келганида дарҳол мени чақиришар эди. Доим биринчи навбатда СЭС обдан текшириб, кейин ошхонага киришга рухсат берарди”.

Президент яхши қовурилмаган, оқ рангли ошни яхши кўрар эди, дейди Сулаймон ака.

“Мен ҳам шунга мослаб ош пишириб берар эдим. Каримовга тайёрлаб берган ошим рецептида қўй ёғи, сариёғ, зиғир ёғи, кунгабоқар ёғини аралаштириб ош қилар эдим. “

Моҳир ошпаз Каримов билан  юзма-юз келганида ҳаяжонда юзига қарашга ботина олмагани ҳақида ҳам сўзлаб берди:

“Ислом Каримов билан илк маротаба кўришганимда ҳаяжон босди. Президентнинг кўзига қарашга ботина олмадим. Юзимни ерга қаратганимча базўр қўл бериб сўрашдим. Ўша пайтдаги ҳолатимни таърифлашга тил ожиз эди. Унда қандайдир салобат бор эди. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин у инсонни.”

Сулаймон акадан мазали ош тайёрлашнинг асосий сирини секин сўрадик.

“Тайёрлаётган ҳар бир таомга меҳр берсангизгина сиз кутган маза ва таъм келиб чиқади. Қозонга, энг аввало, назар тушади. Ундан кейин эса маҳсулот тушади. Меҳр билан қилсангиз ҳамма таом ҳам мазали чиқади албатта. 65 ёшга кирган бўлсам, Яратганга шукрки, тайёрлаган ошим орқасидан юзим ерга қарамади. Бундан кейин ҳам шундай бўлсин. Яратган фарзандларимга ҳам обрў берсин илоҳим.”

Ошпаз Қашқадарёга бориб, 500 кг ош дамлагани ҳақида сўзлаб берди. Сулаймон ака Қашқадарёнинг шўр суви сабаб ош учун дўкондан атай сув сотиб олиб келтириб ош дамлаган экан.

Хизмат билан деярли бутун Ўзбекистонни кезиб чиққанман. Қашқадарёга бориб, 500 кило ош дамладим бир дамлашди. 10 та қозонда 50 кг.дан. Риштондан ўзим билан гуруч олиб кетган эдим. Қашқадарёга бориб сувини ичиб кўрсам шўр экан. Хонадон эгасига шўр сувда ош дамламаслигимни айтдим. Тўйбоши ҳайрон бўлганича ширин сувни қаердан топиб берамиз сизга деди. Шунда хонадон соҳибидан 1 миллион сўм пул ва битта “Дамас” сўраб, бир кишини дўконга жўнатдим. 200 та идишда тоза ичимлик суви харид қилиб келишди. Шундан кейин ошни дамладим. Ошни еганлар ўшанда қойил қолган эди.”

Сулаймон ака ош пишириш учун қаерга боришидан қатъи назар, ўзи билан бирга гуруч ва сувдан тортиб, гугуртию тузигача олиб боради.

“Бу менга одат бўлиб қолган. Уйимда 10 та қозон-ўчоғим бор. Айрим жойларга ҳатто қозон-ўчоққача олиб бораман. Агар ўзим билан сув олиб кета олмасам дўкондан тоза ичимлик суви сотиб олиб қозонга қуяман. Водопровод суви билан сой сувининг ер билан осмонча фарқи бор. Худди газда қилинган ош билан ўтинда қилинган ошни фарқи бордек”.

Ошпаз ака тўйларда ош тайёрлаб бергани учун тўйбошининг моддий ҳолатига қараб хизмат ҳақи олар экан.

“Хизмат ҳақим учун ўртача ҳисобда пиширган ошимнинг килосидан келиб чиқиб сумма белгилаганман. 1 кило дамлаган ошимга 15 минг сўмдан хизмат ҳақи оламан. Одамнинг шароитидан келиб чиқиб пул оламан. Қўли юпқароқ бўлса, пул сўрамайман умуман. Ўзига тўқ одам бўлса, «договор» қилиб оламан. “

Сарвар Зияев,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид