Ўзбекистон | 17:18 / 08.09.2021
63420
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 2021 йилги терим мавсумида 1 кг пахта учун қанча тўланиши маълум бўлди

Қўлда терилган бир кило пахта учун биринчи теримда 1200 сўмдан, иккинчи теримда 1500 сўмдан кам бўлмаган миқдорда меҳнат ҳақи тўлаш белгиланди. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 августдаги йиғилиш баёнида Ўзбекистонда 2021 йилги пахта йиғим-терими мавсуми учун минимал тарифлар эълон қилинди. Унга кўра, қўлда терилган ҳар килограмм пахта хомашёси учун биринчи теримда 1200 сўмдан, иккинчи теримда 1500 сўмдан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланади. 

«Жорий йилда етиштирилган пахта хомашёсини нест-нобуд қилмасдан, уюшқоқлик билан қўл меҳнати ва терим машиналари ёрдамида териб олиш чоралари кўрилади. Пахта-тўқимачилик кластерлари, пахта хомашёси етиштирувчи фермер хўжаликлар ҳосилни қисқа фурсатда йиғиштириб олиш мақсадида белгиланган нархлардан кам бўлмаган ҳолда мустақил нарх белгилашлари тавсия этилади», дейилади Самарқанд вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси ахборот хизмати хабарида.

Пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан жалб этилган ишсиз фуқаролардан иборат терим отрядлари раҳбарларига мавсум якунига қадар 2 млн сўмдан меҳнат ҳақи берилади.

Шунингдек, терим ишларига 18 ёшга тўлмаган фуқаролар, олий ўқув юртлари талабалари, бюджет ва нобюджет ёки хўжалик ҳисобидаги ташкилот ходимларини мажбуран жалб этиш қатъиян ман этилади.

Пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Саъдулла Тожиевнинг UzReport’га маълум қилишича, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларининг барча туманларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятининг чекка туманларида теримчиларни қўшимча жалб қилиш мақсадида қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хомашёси учун Республика бюджети қўшимча манбалари ҳисобидан 230 сўмдан устама ҳақ тўланиши таъминланади.

Шунингдек, кластерлар ўзларига бириктирилган ҳудудларда терим пулини мустақил белгилаши, яъни тавсия этилаётган нархлардан юқори миқдорда ҳақ тўлашлари ҳам мумкин.

Маълумот учун, ўтган йили биринчи теримда бир кило пахта учун 1000 сўм, иккинчи теримда эса 1200-1400 сўмдан тўланганди.

Мавзуга оид