Спорт | 14:59 / 10.09.2021
15177
2 дақиқада ўқилади

Президент паралимпиячилар иштирокида “Матонат мактаби” очишни таклиф қилди

Президент Шавкат Мирзиёев пара-спорт бўйича юқори натижаларга эришган спортчи ва мураббийларни кенг жалб этган ҳолда, Миллий паралимпия қўмитаси таркибида “Матонат мактаби”ни ташкил этишни таклиф қилди.

“Афсуски, ҳозирги вақтда ёшлар орасида ҳаётда озгина тўсиқ ёки қийинчиликка учраса, ўзини йўқотиб, умидсизликка тушиб қоладиган, ножўя йўлларга кириб кетадиган йигит-қизлар ҳам йўқ эмас. Лекин Ўзбекистоннинг барча болалари – яхшиси ҳам, ёмони ҳам менинг болаларим. Уларга мен жавобгарман.

Сизлар, ҳурматли спортчиларимиз, таълим масканларида, меҳнат жамоаларида, айниқса, маҳаллаларда ёшлар билан учрашиб, ўз ҳаётингиз, машаққатли йўлларингиз, қийинчиликларни қандай енгиб ўтаётганингиз ҳақида сўзлаб берсангиз, улар албатта, сизларга эргашади.

Бир ой муддатда “Матонат мактаби”ни ташкил қилиш ва уни қўллаб-қувватлаш бўйича қарор лойиҳаси киритилиши лозим. Бугунги қаҳрамонларимизнинг Токиода эришган ютуқ ва зафарларини кенг тарғиб қилиш, оммалаштириш керак.

Юртимизда чинакам матонат эгалари жуда кўп. Яқинда 3 фарзандига қўшиб яна 6 нафар болани асраб олган оила ҳақида эшитдим. Мана бу ҳақиқий матонат. Бундай фидойи, олийжаноб инсонлар, ғолибларни барчага намуна қилиб кўрсатиш керак.

Чунки тақдир синовларига мардона бардош бериб, сабр-тоқат ва шукроналик руҳи билан, ҳаётда ўз муносиб ўрнини топиб яшаётганларининг ўзи катта жасорат ва қаҳрамонлик намунасидир.

Сизларнинг ғалабангиз минг-минглаб ёшларимизни янада юксак марралар сари руҳлантиради. Сизлар юртимиз спортининг шонли анъаналарини муносиб давом эттириб, дунёдаги энг нуфузли мусобақаларда Янги Ўзбекистон байроғини баланд кўтарасиз, деб ишонаман”, – деди президент 10 сентябр куни Токио паралимпиадаси иштирокчилари билан учрашувда.

Мавзуга оид