«Сиёсатда олим сифатида кўринишни афзал биламан» – Баҳром Абдуҳалимов билан интервью
24 октябрь куни Ўзбекистонда президентлик сайлови бўлиб ўтади. Айни кунларда сайловда иштирок этадиган бешта сиёсий партия етакчилари аҳоли орасида ўз тарғибот тадбирларини ўтказмоқда.
Kun.uz президентликка номзод сиёсатчилар билан сайловчиларни қизиқтирган қатор масалалар бўйича интервьюлар уюштирмоқда. Туркум доирасида биринчи меҳмонимиз – «Адолат» СДПдан президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов бўлди.
— Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов бугунги Ўзбекистоннинг қиёфасини қандай тасаввур қилади? Шунингдек, унинг қайси жиҳатларини жиддий ўзгаришларга муҳтож деб ҳисоблайди?
— Ўзбекистон кейинги йилларда, хусусан, охирги 5 йилда тубдан ўзгарди. Совет даври, мустақилликнинг илк йиллари ва сўнгги 5 йилликда яшаган киши сифатида даврларни ўзаро таққослаш имкониятига эгаман.
Авваллари дунё ҳамжамияти Ўзбекистонни ислоҳотларни хоҳламайдиган, секин ҳаракат қиладиган ва ислоҳотлардан қочадиган давлат сифатида биларди. Кейинги даврларда эса Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё, балки дунё миқёсида ҳам ислоҳотлар бўйича лидер мамлакатлардан бирига айланди.
— Саволнинг иккинчи қисми бўйича ҳам жавоб берсангиз, чунки агар ҳаммаси яхши кетаётган бўлса, сизнинг президентликка номзодингизни қўйишингизнинг ҳам кераги бўлмасди.
— Ўзбекистон ҳозир маълум даражага етиб келди, лекин бундан буёғига янги босқич бошланиши керак. Шу нуқтайи назардан эришганларимиз ўзимиз билан бирга, айни вақтда янги давр бошланяпти. Бизда деярли барча соҳаларда қиладиган ишларимиз етарли. Бу иқтисодий, ижтимоий, қишлоқ хўжалиги ёки экологик йўналишдаги муаммолар.
— Баҳром ака, ҳозир мутлақ кўпчилик Ўзбекистон президенти сайловининг муқаррар ғолиби сифатида бир шахс – Шавкат Мирзиёевни эътироф этяпти. Яъни сайловларда айни бир номзоддан бошқасига ишонилаётгани йўқ.
Сайловларга бундай муносабатнинг сабаблари нималарда деб ўйлайсиз?
— Шак-шубҳа йўқки, Мирзиёев янги Ўзбекистонни қуришда асосий ислоҳотчи бўлди. Президент ва инсон сифатида ниҳоятда салоҳиятли. Буни яхши тушунаман. Халқнинг унга муносабати ҳам табиий. Лекин шу билан бирга партиямиз ҳам сайловларга халқимизни кўпдан буён қийнаб келаётган муаммоларни ечиш бўйича таклифлари, янги ғоялари билан чиқади. Агар улар амалга оширилса, Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига чиқиши мумкин.
— Баҳром Абдураҳимович, сиз Ўзбекистоннинг биринчи маъмурияти даврида президентнинг диний масалалар бўйича маслаҳатчиси вазифасида ишлагансиз. Ва айнан мана шу пайтда Ўзбекистонда оммавий репрессиялар, оммавий қамашлар, қариндош-уруғчилик асосидаги таъқиблар, диндорларга нисбатан ҳар хил расмий ва норасмий «қора рўйхатлар» ҳам авж олганди. Айтингчи, сиз шу даврда ишлаган раҳбарлардан бири сифатида қандай номзод бўлиб сайловга киряпсиз?
— Ҳа, мен президент маслаҳатчиси сифатида ишлаганман. Ўша пайтда гарчи ичкарида айтилмаган бўлса-да, хорижда Ўзбекистонни ёпиқ давлат, диний соҳада қаттиқ зуғумлар олиб боради деган айбловлар билан жуда қаттиқ танқид қилинарди. Лекин шуни айтиш керакки, ўша даврдаги фаолиятим менга жуда катта мактаб бўлган. Чунки бир жараённи пастдан ва юқоридан кузатиш имконияти бўлди.
Ҳаёт доим ҳам бир маромда давом этмайди. Ўша пайтда ечилмаган муаммолар бугун ечилиши ҳам бугун катта аҳамият касб этиши мумкин.
— Юқорида ҳам айтганимдек, сайловлар олдидан кўпчилик сизга тажрибасиз бир номзод, сиёсатни тушунмайдиган, илм одами деб қараяпти. Лекин сиз бундан аввал президент маслаҳатчиси сифатида ҳам ишлаганингизни айтдик. Аммо сиз ўзингизни бу тажрибангизни негадир кўз-кўз қилмаяпсиз. Ҳамма жойда ўзингизни олим сифатида тақдим этяпсиз. Бунга сабаб нима нима?
— Мен сиёсатда олим сифатида кўринишни афзал ҳисоблайман. Аммо бу сиёсатни ташлаб фақат олимлик қилишни билдирмайди. Мендан аввалги интервьюларда олимдан сиёсатчи ёки президент чиқадими, деб сўрашди. Биз тарихга мурожаат қилсак. Бундай тажрибалар бор. Масалан, Амир Темурнинг набираси Мирзо Улуғбек 40 йилдан ортиқ давлатни ҳам бошқарган ва олимлик ҳам қилган. Бу эса ўзининг яхши натижасини кўрсатган.
Менинг маълумотномамга қарасангиз, шарқшуносман. Тошкент давлат университетида шу йўналишда ўқиганман. Бунда бизнинг асосий йўналишимиз сиёсат эди.
Кейинчалик ҳам мен хориж мамлакатларида узоқ муддат ишлаб, тажриба оширдим. Умуман олганда шарқшуносликни ўзаги бу сиёсат. Россияда ҳам катта-катта сиёсатчиларнинг кўпчилиги шарқшунослар. Шу туфайли ҳам мен ўзимни сиёсатда янги инсон деб ҳисобламайман.
Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳиддин Нидо. Ⓣ
Мавзуга оид
16:40 / 23.11.2024
Пропан нархи кескин ошиб кетгани юзасидан масъул идораларга депутатлик сўрови юборилди
17:38 / 25.10.2024
Қаршида ўқитувчилар ва таълим соҳаси вакиллари билан учрашув ўтказилди
12:00 / 25.10.2024
Сайлов яқин, партиялар нималарни ваъда қилади? – Кун дебати
15:00 / 17.10.2024