Ўзбекистон | 16:08 / 08.10.2021
5492
2 дақиқада ўқилади

Мақсуда Ворисова фарғоналик сайловчилар билан учрашди

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан президентликка номзод Мақсуда Ворисова сайловчилар билан учрашувини Фарғона вилоятида давом эттирди. Бу ҳақда партия ахборот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Халқ демократик партияси матбуот хизмати

2021 йил 7 октябр кунги учрашувда Мақсуда Ворисова сайловолди дастури юзасидан маъруза қилиб, фарғоналикларни ундаги устувор йўналишлар билан таништирди.

Президентликка номзод ўз маърузасида олис ва чекка ҳудудларда шифокорлар ҳамда ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун “Қишлоқ шифокори” ва “Қишлоқ ўқитувчиси” дастурларини амалга ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизимини қонунчилик асосида мустаҳкамлаш, аҳолининг кам таъминланган қатламларига бепул, сифатли ва тўлақонли бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш масалаларига тўхталиб ўтди.

Учрашувда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун сармоя киритишни кўпайтириш лозимлиги ҳам қайд этилди.

“Қишлоқ инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва технологияларини ривожлантиришга сармоя киритишни кўпайтириш ҳам муҳим вазифа ҳисобланади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ҳамда қайта ишлаш корхоналари ўртасида кооперацияни ривожлантириш керак. Ушбу вазифалар ҳал қилиниши орқали сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ва ижтимоий аҳамиятга молик товарлар билан ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, уларнинг нархи кескин ўсиб кетишининг олдини олиш мумкин”, – деди Мақсуда Ворисова.

Мақсуда Ворисова бундан олдин сайловолди ташвиқотини Андижон вилоятида олиб борганди.

Мавзуга оид