Жаҳон | 23:22 / 19.10.2021
5972
2 дақиқада ўқилади

Николя Саркози судга куч билан келтирилиши мумкинлиги айтилди

Фото: EPA-EFE/YOAN VALAT

Франция суди собиқ президент Николя Саркозини Елисей саройи учун ижтимоий сўровномалар иши бўйича 2 ноябрга гувоҳ сифатида сўроққа чақиртирди. Таъкидланишича, агар Саркози суд йиғилишига ўз хоҳиши билан келмаса, унда куч билан келтирилиши мумкин. Бу ҳақда BFM телеканали хабар берди.

Аввалроқ Париж судида маҳаллий ОАВ томонидан Елисей саройи учун сўровномалар иши деб номланган иш бўйича тафтиш бошланган. Айблов томони фикрича, ушбу иш фигурантлари Франция президенти маъмурияти учун ижтимоий сўровномаларни ўтказишга шартномаларни тузишда қоидани бузишган. Суд олдида Елисей саройининг собиқ бош котиби (2007-2011 йиллар), Франциянинг собиқ ички ишлар вазири (2011-2012 йиллар), Клод Геан ва Саркози маъмуриятининг собиқ директори Эмманюэль Миньон жавоб бермоқда.

Саркозининг адвокатлари собиқ президент суд йиғилишларига келмаслигини, чунки кўрилаётган иш у президент сифатида дахлсизликка эга бўлган даврга тааллуқли эканини айтишган.

Бироқ суднинг қарорича, “ушбу гувоҳ, яъни Саркози 2 ноябрда сўроқ қилиниш учун суд йиғилишига ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан келтирилиши шарт”.

Суднинг фикрича, собиқ президентнинг кўрсатмалари “ҳақиқатни ўрнатиш учун зарур”. Суднинг тушунтиришича, Саркози ўз президентлиги вақтида содир этган хатти-ҳаракатлари жиноий таъқиб қилинишидан дахлсизликка эга. Бироқ унинг суд жараёнида гувоҳ сифатида иштирок этишига ҳеч қандай тақиқлов йўқ.

Аввалроқ Саркози 2012 йилги сайловолди кампаниясини ноқонуний молиялаштиришда айбдор деб топилиб, бир йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Николя Саркози Франция президенти лавозимини 2007-2012 йиллар давомида эгаллаган.

Мавзуга оид