Жаҳон | 22:19 / 21.10.2021
6088
2 дақиқада ўқилади

Конгода 165 бола номаълум касалликдан вафот этди

Фото: Heiner Heine/Global Look Press

Конго демократик республикасининг Гунгу туманида август охиридан бери номаълум хавфли касалликдан 165 бола вафот этди. Бу ҳақда Actualite нашри хабар берди.

Маълумотларга кўра, касаллик билан 5 ёшгача болалар касалланмоқда. Лозо-Мунене ва Кинзамба қишлоқлари раҳбариятининг таъкидлашича, касалликдан ҳар кун 4 нафардан бола вафот этмоқда.

Маҳаллий шифокор Жан-Пьер Басаке касаллик аломатлари безгак ва хафақонлик аломатларига ўхшашлигини айтган. У ота-оналарни инсектицидлар билан тўйинтирилган чивинларга қарши тўрлардан фойдаланишга ва зарурат юзага келганда шифокорларга мурожаат қилишга чақирган. Тез орада мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги касалликни аниқлаш ва уни даволаш бўйича ишларни амалга оширади.

1976 йилда Эбола вирусини аниқлаган конголик микробиолог Жан-Жак Муембе-Тамфум мамлакатда янги хавфли касаллик пайдо бўлган бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Унинг таъкидлашича, Ингенде шаҳрида яшовчи беморлардан бирида геморрагик безгак аломатлари қайд қилинган. Бироқ бемордан олинган таҳлиллар унда Эбола вируси қўзғатувчиси ва бошқа касалликлар излари йўқлигини кўрсатган.

Олим янги касаллик коронавирус каби ўта юқумли ва ундан ўлим даражаси Эбола вирусидагидек (50 фоиз) юқори бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда.

Мавзуга оид