Жамият | 19:06 / 04.11.2021
20802
2 дақиқада ўқилади

«Йил имоми – 2021» танловининг ғолиблари аниқланди

Бугун, 4 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиблар ўртасида «Йил имоми – 2021» кўрик танловининг республика босқичи ўтказилди. Бу ҳақда Мусулмонлар идораси матбуот хизмати Kun.uz’га хабар берди.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган 14 нафар имом-хатиблар қатнашган мусобақада 1-ўрин Тошкент вилояти Пскент тумани «Собирхон ота» жоме масжиди имом-хатиби Суннатилла домла Эрназаровга насиб қилди.

2-ўринга Жиззах шаҳри «Раваллиқ» жоме масжиди имом-хатиби Бекмуҳаммад домла Алибоев, 3-ўринга Марғилон шаҳри «Худоёр ҳожи» жоме масжиди имом-хатиби Икромжон Турсунов муносиб кўрилди.

Мусобақа туман (шаҳар) босқичи, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи ҳамда республика босқичидан иборат. Республика босқичи 7 турдан иборат бўлиб,унда имомлар 1-турда тафсир, 2-турда ақоид, 3-турда фиқҳ, 4-турда ислом тарихи, 5-турда ҳадис илмлари, 6-турда Мовароуннаҳр алломалари ҳаёти ва ижодига оид саволлар ҳамда 7-турда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлари асосида баҳоланган.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Шунингдек, 1-ўрин соҳиби I даражали диплом ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 55 баравари миқдорида пул маблағи, 2-ўрин соҳиби диплом ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 45 баравари, 3-ўрин соҳиби диплом ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 35 баравари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланди.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Мавзуга оид