Иқлим конференциясида «энергетика куни»: кўмир ёмон, бироқ ҳамма ҳам бу фикрга қўшилмайди
«Энергетика куни» БМТнинг иқлим бўйича саммити доирасидаги энг муҳим сессиялардан бири. Унда кўмирдан фойдаланишдан воз кечиш ҳақида тарихий ҳужжат имзоланди. Хитой, Япония ва Жанубий Корея келишувга қўшилмади.
Кўмирдан воз кечиш
Куннинг асосий учрашуви таъсисчилар томонидан БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг “Кўмирнинг тарихдаги ўрни” сўзларини такрорлашдан бошланди.
Конференцияда иштирок этаётган Алок Шарма Энергиянинг тоза турларига глобал ўтиш баёнотини эълон қилди. Унда кўмирга сармоя киритишни тўхтатиш ва экологик зарарсиз энергетика миқёсини кенгайтириш ҳақида сўз боради. Дунёнинг йирик иқтисодиётлари жорий асрнинг 30-йилларида, бошқалар эса 40-йилларга бориб кўмирдан фойдаланишдан аста-секин воз кечиши керак.
Ҳозирги вақтда кўмирдан фойдаланишдан воз кечиш ҳақидаги ҳужжатда 77та давлат имзоси бор. Лекин кўмир энергетикасига сармоя киритувчи йирик манбалар – Хитой, Япония ва Корея Республикаси келишувга ҳали қўшилмади.
Ваъдалар ва ҳақиқат
Фуқаролик жамияти вакиллари конференциянинг кўмир тўғрисидаги келишуви “умид берувчи” бўлиб туюлгани, бироқ эришилган келишувлардан хурсанд эмасликларини билдиришди. Учрашув якунида бўлиб ўтган матбуот анжуманида немис нодавлат ташкилоти Urgewald ва Climate Action Network бирлашмаси энергетика соҳасидаги ҳозирги ҳолатдан хавотирда эканликларини билдиришди.
“Сўнгги йилларда кўмир сиёсатида олдинга силжиш кузатиляпти, бироқ нефть ва газ соҳасида ҳеч қандай муҳим нарса юз бермаяпти. Сабаби – қазиб олинувчи ёнилғига сармоя киритишга тайёр молиявий муассасалар ахборот етишмаслигига дуч келишяпти”, - деди Urgewald вакили.
Urgewald маълумотларига кўра, келаси етти йил мобайнида камида 506та нефть-газ компаниялари ўз ишлаб чиқариш портфелларига 190 миллиард баррель нефть эквивалентини қўшишни режалаштиришяпти.
“Нефть ва газ ишлаб чиқарувчиларининг 96 фоизидан кам бўлмаган қисми ўз активларини кенгайтирмоқчи. Тармоқ ишлаб чиқаришни кенгайтиришга ақлсиз курс билан ҳаракат қиляпти, янги лойиҳаларнинг деярли ярми қазиб олишнинг энг ифлос усулларига таянади”, - деди ташкилот вакили.
АҚШ Биологик хилма-хиллик маркази энергетик адолат дастури директори Цзин Чжунинг айтишича, тоза энергетика борасида баланд овозларда айтилган баёнотларга қарамасдан “Катта йигирматалик” қарама-қарши йўналишга қараб кетяпти.
“2018 йилдан 2020 йилга қадар G20 мамлакатлари қазиб олинувчи ёқилғи олиш учун 188 млрд доллар ажратишган, бу эса қайта тикланувчи энергия манбалари учун киритилгандан кўра 2,5 баравар кўпроқ. Ва бу даҳшатли”, – деди Цзин Чжу.
Матбуот анжуманида яхши янгиликлар ҳам маълум қилинди. Сайёранинг турли минтақаларидаги давлат молиявий муассасаларининг катта гуруҳи, жумладан, АҚШ, Европа Иттифоқи, Канада ва Буюк Британия 2022 йил якунига қадар қазиб олинувчи ёқилғига сармоя киритишни тўхтатиш мажбуриятини олишди.
Мавзуга оид
07:37
Аҳолини кўмир билан таъминлаш учун ажратилган маблағни талон-торож қилган шахс ушланди
21:54 / 23.12.2024
Мўғулистон ҳаво ифлосланишини камайтириш учун «кўк кўмир» ишлаб чиқаради
19:59 / 17.12.2024
Қорақалпоғистонда 1 млрд сўмлик кўмир талон-торож қилингани аниқланди
23:29 / 04.12.2024