Ўзбекистон | 15:40 / 08.11.2021
89066
3 дақиқада ўқилади

Навоий вилояти ҳокими ўзгарди

Тошкент шаҳар бош солиқчиси Навоий вилояти ҳокимига айланди. У муқаддам ушбу вилоятда солиқ бошқармасига раҳбарлик қилган.

Фото: Kun.uz / Давлат солиқ қўмитаси

8 ноябрь куни Навоий вилояти ҳокимлиги мажлислар залида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов, Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, вилоят ҳокими ўринбосарлари, вилоят, шаҳар ва туманлар секторлар раҳбарлари, халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши депутатлари, Сенат аъзолари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари иштирок этишди.

Йиғилишда ташкилий масала кўриб чиқилди. Президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов президент фармонлари билан йиғилиш иштирокчиларини таништирди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг тегишли фармонлари билан Қобул Бекназарович Турсунов Навоий вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди, Нормат Тўлқинович Турсунов Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. 

Қобул Турсунов. Фото: Kun.uz

Қобул Турсунов Навоий вилояти раҳбарлигида 2016 йилнинг декабридан буён ишлаб келаётганди. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида қайд этилишича, собиқ ҳокимнинг соғлиги даволаниш талаб этилгани сабабли, у ўз аризасига мувофиқ вазифасидан озод этилган.

Вилоятнинг янги раҳбари Нормат Турсунов 2018 йил ёзидан буён Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.

Нормат Турсунов. Фото: Давлат солиқ қўмитаси

У давлат солиқ хизмати тизимида фаолиятини 1994 йилда Тошкент шаҳар Акмал Икромов (ҳозирги Учтепа) тумани давлат солиқ инспекцияси инспектори вазифасидан бошлаб, кейинчалик турли раҳбар лавозимларида, хусусан 2010-2017 йилларда Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари, биринчи ўринбосари, Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган. 2017 йил октябрь ойидан 2018 йил июнига қадар Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари вазифасида ишлаган. 

  • Маълумот учун, 2021 йил апрель ойида президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида тадбиркорларнинг муаммолари ҳал этилмагани учун Қобул Турсуновга ҳайфсан берган эди. Ўшанда Навоий вилоятидаги 7 мингдан ортиқ тадбиркорлар (24 фоиз) муаммолар ечилмаётгани, улар фаолиятига тўсқинликлар бўлаётгани ҳақида мурожаат қилгани, бу – ҳудудлар ичида энг салбий кўрсаткич экани қайд этилганди. Шунингдек, вилоятдаги жами 10та кичик саноат зонасининг 72 гектар ёки 66 фоиз ерига бирорта лойиҳа жойлаштирилмагани танқид остига олинганди. Давлат раҳбари ўшанда квартал охиригача ўзгариш бўлмаса, вилоятдаги раҳбарлар ишдан кетиши ҳақида огоҳлантирганди.

Мавзуга оид