Иқтисодиёт | 20:01 / 07.12.2021
22605
6 дақиқада ўқилади

«Ҳамма ўйин қоидасини билиши керак» — солиқ маслаҳатчиси камерал текширувдаги мантиқсизликлар ҳақида

Солиқ маслаҳатчиси, United Tax Advisors компанияси асосчиси Муроджон Муҳаммеджанов МFaktor лойиҳасига берган интервьюсида мантиқсиз солиқ текширувлари ва солиқ қонунчилиги соҳасидаги муаммоларга тўхталиб ўтди.

Фото: YouTube/ МFaktor 

«Солиқ соҳасида бизнинг тадбиркорлар учун самараси 0,01 фоиз, аммо салбий жиҳати 5-6 баробар юқори ҳисобланадиган ўзгаришлар кутиб турибди. Масалан, ҳозирги кунда E-aktiv, E-ijara каби дастурларни қилишмоқда. Қонунчиликка шунақа таклифларни киритиб қўйишганки, солиқ тўловчилар солиқ органи томонидан ишлаб чиқиладиган дастурий маҳсулотни ишлатиши мажбурий. Бу жуда хавфли нарса ва солиқ тўловчиларни хоҳлаганимча, хоҳлаган жойимга бураман деган ғояга ўхшайди. Бу каби янгиликларни салбий эмоциялар билан кутиб олмасликнинг имкони йўқ», дейди у.

Камерал текширув ўзи нима?

Солиқ маслаҳатчисининг қўшимча қилишича, тадбиркорлар худди йўл қоидаларини билмай, ҳаракат қилаётган ҳайдовчига ўхшаб қолган.

«Камерал текширув Солиқ қўмитасининг хатарларни таҳлил қилиш дастуридаги қизил, сариқ, яшил йўлакларнинг қай бирига мос келишига қараб, хатарли йўлакка тушган тадбиркорларда ўтказилади ва солиқ тўловчининг солиқ тўламаслик риски анализ қилинади. Унда тадбиркорлик субъекти ҳисоботлари, товар айланмаси каби молиявий ва ҳуқуқий ҳаракатлари таҳлил қилинади ва тадбиркор 3та йўлакдан биттасига туширилади. Шубҳали йўлакка тушган тадбиркорлик субъектлари камерал яъни тўлиқ текширув ўтказилиши учун белгилаб олинади.

Бу йўлакларга бўлинишда юздан ортиқ параметрлар инобатга олинади. Сиз ҳисоб фондингизни ўзгартирсангиз ёки бир йилда бир мартадан ортиқ қайта ҳисобот киритсангиз ҳам сариқ йўлакка тушишингиз мумкин. Лекин солиқ органлари нима қилса қизил йўлакка, нима қилса сариқ йўлакка тушиш бўйича ишлаб чиққан қоидаларини тадбиркорга тақдим қилмаган. Бу маълумотлар ёпиқ ҳисобланади. Тадбиркор худди йўл қоидаларини билмай ҳаракат қилаётган ҳайдовчига ўхшайди.

Қачон мен рискка тушаман деган нарсани ҳеч қайси тадбиркор билмайди. Тасаввур қилинг, кўр одамни далага чиқариб юбориб, унга мина борлигини ва босиб қўйса, портлаб кетишини айтяпсиз. Бу агар портлаб кетсанг ўзинг айбдорсан, босиб олдинг-ку, дегандай гап.

Ҳамма ўйин қоидасини билиши керак. Айни пайтда бу қоидалар яшириб қўйилган. Ўнгга юрсангиз ҳам, чапга юрсангиз ҳам, тўғрига юрсангиз ҳам, орқага юрсангиз ҳам, тўхтаб қолсангиз ҳам, сиз қоидабузар бўлиб қоляпсиз. Бунинг оқибатида нафақат солиқ органларига, балки давлатга нисбатан ҳам ишонч сўнади.

Агар ўша юздан ортиқ параметрлар ҳақида одамлар билса, йўлдан тўғри, қоидаларга амал қилиб ўтишни бошлайди. Агар айёрликнинг бошқа йўллари ўйлаб топилса, уларни ҳам қоидаларга қўшиб қўяверишади.

Яна бир томони, электрон почтага хат келади: корхонангизда камерал текширув ўтказилади. Кейин солиқ органлари ходимлари келиб, текширувни бошлашади, аммо қайси қоидабузарлик учун текширув ўтказилаётганини айтишмайди. Асос: сиз риск анализ бўйича дастурдан чиқиб келдингиз. Нима учун ва қайси ҳаракати учун иловадан чиққани мавҳум бўлиб қолаверади.

Қўпол қилиб айтганда, Солиқ қўмитаси хоҳлаган пайтим, хоҳлаганингни текшираман деяпти. Бунинг оқибатидаги ишончсизлик сабаб 5 миллион долларлик маҳсулот олиб кирмоқчи бўлиб турган ҳамкорим Қозоғистонга кетиб қолди.

Солиқ қўмитаси тадбиркорларнинг бухгалтерия ҳисоботларидаги қолдиқларни ҳар қайси пайт кўриб, текшириб туриши учун етарли даражада маълумотга эга. Лекин улар бу маълумотларни янги ишлаб чиқилган E-aktiv тизимига киритиб боришимизга мажбурлашмоқда. Бундай ўйлаб қаралса, бизнес муҳитини тушунмасликни англатувчи ғалати бу қарор тадбиркорларни қўшимча жаримага тортиш учун манба вазифасини бажариши мумкин.

Давлат раҳбари 20 август куни тадбиркорлар билан учрашувида камерал текширувлардаги жаримани йўқотиш ҳақида топшириқ берганди. Солиқ органлари нима қилишди, кейинги йилдан жарима сола олмас эканмиз, шу йил босайлик дегандай, текширувларни янада кўпайтириб юборишди. Ўзим ҳам солиқ маслаҳатчисиман, барча тадбиркорлар солиқдан қочмай, адолатли солиқ тўлашини хоҳлайман.

Энди Солиқ кодексига камерал текширувгача бўлган текширув деган банд киритилмоқда. Бу – солиқчига истаган корхонасини истаган пайтда текшириш ваколатини беради. Чекланмаган ваколат эса уларнинг ваҳшийлашишига олиб келмоқда. Истаган одамимни истаган пайтда текшира оламан деган ғоя эса охир-оқибат коррупцияга бориб тақалади», деди у.

Ўзбекистонда солиқ маслаҳатчилари етарлими?

Германияда 80 миллиондан ортиқ аҳолига 10 мингдан ортиқ солиқ маслаҳатчиси бор. Ўзбекистонда эса 35 миллион аҳолига атиги 142 нафар солиқ маслаҳатчиси тўғри келади. Ўзбекистонда 12 мингга яқин солиқчи бор. Уларга нисбатан олинганда бу кўрсаткич 1 фоизни ташкил этади.

Солиқ қонунчилиги ҳақида

Муроджон Муҳаммеджанов солиқ қонунчилигини қаттиқ танқид қилди.

«Regulation.gov.uz сайтида солиқ қонунчилигига киритилаётган ўзгаришлар лойиҳаси жойлаштирилган. Ҳар бир тадбиркор бу лойиҳанинг нуқтасидан вергулигача яхшилаб танишиб чиқиши керак, чунки бу ўзгаришлар уларнинг келажакдаги фаолиятига бевосита таъсир ўтказади.

Солиқ маслаҳатчилари ва Савдо-саноат палатаси ҳозирги қилинаётган ўзгаришларга нисбатан 100 фоиз қарши позицияда бўлди. Амалдаги тартибга кўра, соҳага доир қонун ҳужжатлари Савдо-саноат палатаси розилиги билан қабул қилиниши керак. Қани кўрамиз, ўтиб кетармикан. Тадбиркорларнинг ҳимоячиси қарши бўлган қонун лойиҳаси ўтиб кетадиган бўлса, ташкилотнинг роли қолмайди.

Солиқ кодексини ўзгартирамиз дейишди. Нима қилдик. Россиянинг Солиқ кодексини кўчирдик-қўйдик. 90-95 фоизи бир хил, шундай олиб, жорий қилиб қўйилган. Кўплаб жойлари ва терминлар амалдаги иқтисодиётимизга тўғри келмайди», дея эътироз билдирди у.

Мавзуга оид