Ўзбекистон | 12:09 / 21.12.2021
12007
3 дақиқада ўқилади

«Тақиқ эмас, таклиф бўлиши керак» — Тошқулов ОТМдаги форма масаласи ҳақида

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов таълим муассасаларида талабалар, жумладан, қизларнинг форма эркинлигига муносабати ҳақидаги саволга жавоб бериб, қизларнинг кийиниши борасида уларга аввало тақиқ эмас, таклиф берилиши кераклигини таъкидлади.

Тошкент ёшлар форумида олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ОТМларда талабаларнинг форма эркинлигига муносабати ҳақидаги саволга ўз муносабатини билдирди.

«Сурхондарёда ректор бўлиб ишлаган давримда биринчилардан бўлиб форма бўйича талабларни бекор қилгандим. Кўп давлатларда ўқидик, малака оширдик. Ва тушундикки, биз кўп йиллар таълимнинг, ўқитишнинг сифатини эмас, шаклий кўринишни муҳим деб билдик.

Биз бу борада (энди) чеклов қўйилишига йўл қўймаймиз. Олий таълим муассасаларининг мактаблардан фарқи бор. Улар академ, молиявий мустақил, ўзини ўзи таъминлайдиган таълим масканлари саналади.

Улар талабаларни ўзлари мустақил ишлаб чиқарадилар. Албатта, бунда уларнинг ўз дресс-кодлари борлигини ҳам инобатга олиш керак. Аммо биз талабалар киядиган доимий протокол кийим бўлмаслигини таъминлаб берамиз. Яъни талаба ихтиёрий кийинади. Аммо меъёрдан ошмаган ҳолда.

Энди қиз болалар масаласи. Олий таълим вазирлиги ва шахсан ўз позициямни айтадиган бўлсам, форма бўйича чеклов қўйишга йўл қўймаймиз. Ҳозир шундай бўляпти, ўғил болаларда муаммо йўқ.

Қиз болаларнинг кийиниши борасида эса менинг таклифим – биз уларга тақиқлаш нуқтайи назаридан эмас, аввало таклиф беришимиз керак. Яъни Олий таълим муассасасида кийиниш қандай бўлиш керак деганда, фақат рўмол боғламаган қизлар варианти эмас, рўмол боғлаш вариантлари ҳам берилиши керак. Ранги қандай ва ҳоказо», дея вазирнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тошқулов яқинда қизлар формаси бўйича баъзи олий таълим муассасаларида бўлган воқеаларни эшитгани ва бу унга маъқул эмаслигини айтиб ўтди.

«Бунинг учун улар тушунтириш беради. Қандай қилиб юз текширув (face control) қизларни яхши танимагани учун улар қайтадан текширувдан ўтиб келгани ҳақида менга маълумот келиб тушди.

Майли, шундай бўлган тақдирда ҳам биз таклиф беришимиз керак. Бунинг дресс-кодга киритилишини сўраймиз. Тақиқлаш деган нарса бўлмайди. Фақат университетнинг хусусияти ва бизнинг дунёвий давлат эканимиздан келиб чиқиб, университет таклифларига амал қилиш керак бўлади.

Шу йил охиригача сиз бу борада бизнинг чиқишимиз, хулосаларимиз ва якуний чиқишларимизга гувоҳ бўласиз», деди вазир.

Мавзуга оид