Путин Қозоғистонда «майдан технологиялари» қўлланганини айтди, Лукашенко Ўзбекистонни огоҳлантирди
Россия президенти Владимир Путин Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг (КХШТ) Қозоғистондаги намойишлар бўйича навбатдан ташқари саммитида иштирок этди.
Владимир Путиннинг фикрича, Қозоғистон давлатчилигига таҳдид мамлакатда газ нархи кўтарилишига норозилик сифатида бошланган намойишлар туфайли эмас, «вазиятдан бузғунчи ички ва ташқи кучлар фойдаланиб қолгани» ортидан юзага келган.
«Газ бозоридаги вазиятни тарғиб қилганлар бир мақсадли бир халқ, қўлига қурол олиб, давлатга ҳужум қилганлар эса бутунлай бошқа одамлар бўлган. Шу билан бирга, Майдан усулига хос норозилик намойишларида одамларни куч ахбороти билан қўллаб-қувватлаш элементлари фаол ишлатилган», деди у.
Путин Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг мамлакатга «террорчилар» ҳужум қилгани ҳақидаги гапларига қўшилган. Путиннинг ҳисоблашича, Қозоғистонда «уюшган ва бошқарилаётган жангарилар гуруҳлари, жумладан, чет элдаги террорчилик лагерларда шуғуллантирилган жангарилар»дан фойдаланилган.
Россия президенти КХШТ давлатлари Қозоғистонга тинчликпарвар кучларни «жиноятчилар, талончилар ва бошқа криминал элементлар йўлини тўсиш» учун юборганини айтган. Унинг қайд этишича, КХШТ кучлари Қозоғистон президенти қачонгача зарур деб билса, шунча вақт Қозоғистонда қолади.
«Ўз вазифаларини бажариб бўлгач, барча контингент, шубҳасиз, Қозоғистон ҳудудидан олиб чиқилади. Биз ушбу контингентни қисқа вақт ичида тўлиқ жойлаштиришга муваффақ бўлдик. Биргаликдаги ҳаракатларимизни ўз вақтида қилинган ва мутлақо қонуний деб биламиз.
Ўз уйимизда бундай вазият қўзғалишига, рангли инқилоб деб аталадиган сценарийлар амалга оширилишига йўл қўймаймиз», дея қўшимча қилган у.
Беларусь президенти Александр Лукашенко эса ўз нутқида Ўзбекистонни тилга олди.
«Қозоғистондаги вазиятдан, аввало, Ўзбекистон ҳушёр бўлиши керак, акс ҳолда, биздаги маълумотларга кўра, тўполон ташкилотчиларининг нигоҳи, жумладан, Ўзбекистонга қаратилган», деди Беларусь президенти.
У Қозоғистондаги воқеаларда Ғарбнинг қўли борлигига ишора қилди.
«Сценарий таниш… Узоққа бориш шарт эмас — Югославия, Ироқ, Ливия, Сурия, Украина, Афғонистон. Яқинда Беларус ҳам худди шундай комбинациялашган шиддатни бошдан кечирди. Албатта, бу мамлакатларнинг ўзига хос хусусиятлари бор эди. Аммо умумий имзо очиқ-ойдин», деди у.
Мавзуга оид
22:34 / 24.12.2024
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
07:50 / 24.12.2024
Анапа аҳолиси мазут тўкилиши сабабли Путинга мурожаат билан чиқди
14:14 / 23.12.2024
Кремлда Путин ва Словакия бош вазири ўртасида учрашув бўлиб ўтди
10:43 / 23.12.2024