Жаҳон | 13:17 / 23.01.2022
17703
2 дақиқада ўқилади

Америка самолёти йўловчилардан бири ниқоб тақишни истамагани учун Атлантика устида ортга қайтиб кетди

Майамидан Лондонга парвозни амалга оширган American Airlines авиакомпанияси самолёти йўловчи аёл ниқоб тақишдан бош тортгани учун аэропортга қайтишга қарор қилди.

Фото: Reuters

Парвозлар ҳаракатини кузатиш билан шуғулланувчи FlightAware портали маълумотига кўра, бортида 129 йўловчи бўлган AAL38 рейси парвоздан тахминан бир соат вақт ўтиб океан устида бурилган ва ортга қайтган. Майамида уни полиция кутиб олган. Ҳодиса чоршанба куни содир бўлган, аммо тафсилотлар кейинроқ, йўловчиларнинг сўзларидан кейин пайдо бўлган, шунингдек авиакомпания бу ҳақда хабар бериб, йўловчи қора рўйхатга киритилгани ҳамда у American Airlines хизматидан фойдалана олмаслигини маълум қилган.

Ўша рейс йўловчиси Стив Фриман «Miami's local 10 news» янгиликлар дастурида ўша аёл бизнес-классда унинг ортидаги ўриндиқда ўтирганини ҳикоя қилган.

«У жуда кўп ичиб юборганди ва мен бундан бироз асабийлашдим. Мен таблода бир неча бор самолётда ниқобсиз ўтириш мумкин эмаслиги ҳақидаги ёзувни кўрдим. Мен тахминан шундай воқеа бўлишини кутгандим», дейди у.

Якунда самолёт чиндан ортга бурилган ва 40 ёшлар чамасидаги йўловчи аёл бортдан туширилиб, полицияга топширилган.

Ортга қайтган рейснинг бошқа йўловчиларининг чипталари бошқа рейслар учун алмаштириб берилган. Кўпчилик авиакомпаниянинг бу ҳаракатидан таажжубга тушган.

«Бизга ҳеч нарса айтишмади. Борт кузатувчилар ҳам ҳеч нима дейишмади. Биз учувчилардан эшитган ягона гап - йўловчилардан бири билан фавқулодда ҳолат бўлгани ва ортга қайтишга тўғри келиши ҳақидаги гап эди», дейди йўловчилардан яна бири.

АҚШ Федерал авиация бошқармаси маълумотига кўра, пандемия бошидан буён йўловчилар коронавирус тартибларига риоя этишдан бош тортиши билан боғлиқ бўлган қарийб 6 минг ҳолат кузатилган. Жорий йилнинг дастлабки икки ҳафтасида авиакомпаниялар 151 ҳолат ҳақида хабар беришган. Бу ҳолатларнинг аксари йўловчилар тиббий ниқоб тақишдан бош тортиши билан боғлиқ.

Мавзуга оид