Техник дастгоҳларга “дугона” аёллар
Ўзбекистонда хотин-қизлар кўпроқ ижтимоий соҳаларда фаолият юритишига кўникиб қолганмиз. Аммо қанчалик ноодатий туюлмасин, бугунга келиб уларни асосан эркаклар ишлайдиган соҳаларда ҳам учратмоқдамиз. Кундалик ҳаётда тракторчи, такси ҳайдовчиси, дурадгор, ҳаттоки чўпон бўлиб ишлаётган опа-сингилларимиз талайгина. Бугун сизга заводда меҳнат қилаётган кран машинисти ва пайвандчи аёллар ҳақида ҳикоя қиламиз.
Навоий шаҳридаги темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи заводда темир билан тиллашган 13 нафар хотин-қиз фаолият олиб боради. Уларнинг 2 нафари пайвандчи, 11 нафари кран машинисти.
Пайвандчи аёлларнинг вазифаси турли кўринишдаги бетон маҳсулотлари учун арматура ва симлардан каркас тўқишдан иборат. Улар ҳар хил пайвандлаш ускуналарида арматураларни худди қирқ кокил қилиб соч ўргандек тўқиб чиқишади. Эътиборли томони – улар хавфсизлик талабларига доим риоя қилганликлари учун ҳалигача бирор марта ҳам кўзларини “сварка” қамаштирмаган экан.
Баландликдан қўрқмайдиган кранчи хотин-қизлар эса бетон плиталарини қуйиш, машиналарга ортиш каби ишлар билан шуғулланади.
6-7 метр баландликдаги осма кранларни енгил машина бошқаргандек бошқараётган аёллар ўз ишларидан мамнун. Заводда ишлаётган кран машинистларининг деярли барчаси махсус сертификатларга эга. Улар ушбу соҳада ўқиб, малака оширишган.
Қўли қўлига тегмай меҳнат қилаётган опалар билан иш устида суҳбатлашдик.
Шоҳида Фозилова, пайвандчи:
“Асосан темир-бетон маҳсулотларининг ичига қўйиладиган каркаслар ясаймиз. Буларнинг барчаси қурилишларда ишлатилади. Аввалига лабораторияда ишлаб юрдим. Кейин пайвандчиларнинг ишига қараб туриб, қизиққанман ва ўрганганман.
Бу ишда 4 йилдан буён ишлайман. Уйимдагилар “Бу эркакнинг иши-ку”, дея қаршилик қилишган. Аммо мендаги қизиқишни кўриб, рухсат беришган. Ҳозир анча яхши ўрганиб олганман ишимни.
Касбимдан фахрланаман. Ҳалол меҳнат қилаётганимдан, фарзандларимни ҳалол ризқ билан боқаётганимдан хурсандман. Агар ўзида қизиқиш бўлса, одам ҳар қандай касбни эгаллашда қийналмайди. Тўғри, оғир металлар билан ишлаймиз. Лекин ўрганиб кетганмиз, қийинчилик туғдирмайди”.
Динара Элмуродова, пайвандчи:
“Бу эркакнинг, бу аёлнинг иши дея иш танламадик. Қизиқиш бўлса, фарқи йўқ экан, одам ўрганишга ҳаракат қиларкан. Мана, ўзим қизиқдим, ўргандим, ҳали ўрганишда давом этяпман. Бу ишдан ортиб, уй-рўзғор ишларига ҳам улгурамиз. Эрталаб яна ишга шошамиз. Ишимиз шу”.
Гулҳаё Тешаева, кран машинисти:
“Қўрқинчли ёки қийинчилик томонлари йўқ. Чунки 3 йилдан бери ишлайман, ўрганиб кетганман, қўрқувлар, ҳаяжонлар босилган. Дугоналарим, яқинларим билан ўтирганимда “Ана, кранчимиз келди”, дейишади. Хафа бўлмайман, аксинча фахрланаман, ўзгача ғурур туяман.
Иш соатимиз 8:00дан 18:00гача. Кунига 3-4 марта чиқиб тушамиз кранга. Ҳар бир касбнинг ўзига яраша машаққати ва масъулияти бўлади. Юкни кўтарган пайтим илгич чиқиб кетган вақтлари бўлган. Эҳтиёткорлик билан ўша вазиятдан чиқиб кетганман. Тўғриси, ўқимаганман ва шу сабабли бошқа касбларга ҳаракат қилиб кўрмаганман. Одамда касбига нисбатан меҳр бўлиши керак. Нимага эришган бўлсам, шу касбим орқали эришдим”.
Гавҳар Тўраева, кран машинисти:
“Бу заводга ишга кирганимга қарийб 15 йил бўлди. Оддий фаррош бўлиб иш бошлагандим. Кранда ишлаган аёл ва эркакларни кўриб, мен ҳам қизиқдим. Гарчи мумкин бўлмаса ҳам, иш орасида яширинча кранга чиқиб, бошқариб кўрардим. Буни кўрган раҳбарларим қизиқишим бўлса, ўқишим кераклигини айтишди. Кейин ҳам ишлаб, ҳам кран машинистлигига ўқиб олдим.
Меҳр берсангиз, кранлар ҳам сизга қулоқ солади. Қизларимга, қўшниларимга, жиянларимга иш жараёнини айтиб берганимда, улар ҳам қизиқишган. Шу тариқа кўплаб шогирдлар етиштирдим. Бошқа заводлардан кўп таклифлар бўлган. Лекин ишхонамга меҳр берганим учун бошқа жойга ишга кетмадим.
Оилада ёлғиз онаман. Икки қиз, бир ўғлим бор. Турмуш ўртоғим 12 йил олдин вафот этган. Ҳам ота, ҳам она бўлиб, белни маҳкам боғлаб, шу соҳада ишлаяпман. Муҳими – ҳалол меҳнат қилиш”.
Темир машиналарни моҳирлик билан бошқараётган кранчи ва электр ускуналардан ҳайиқмай фойдаланаётган пайвандчи аёлларимизни кўриб, амин бўлдикки, қизиқиш ва интилиш бўлса, ҳар қандай касб ҳам жинс танламас экан.
Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири
Монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов
Мавзуга оид
16:05 / 26.12.2024
Бюджет ҳисобидан қурилаётган объектларга 30 фоиз миқдорида аванс ажратилади
20:49 / 30.11.2024
Навоийда 162 хонадонли “новостройка” 425 кишига сотилган. Жабрланувчилар терговдан норози
17:31 / 28.11.2024
Президентга ижтимоий ва диний соҳалардаги ишлар бўйича ахборот берилди
10:26 / 03.07.2024