Ўзбекистон | 19:50 / 31.03.2022
28498
3 дақиқада ўқилади

Фахрий қоровул қўшинларининг формаси аввалроқ янгилангани маълум бўлди

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ташрифи чоғида саф тортган Миллий гвардия Фахрий қоровул қўшинлари янгича формаси жамоатчилик эътиборини тортди. Бироқ кузатувчиларга кўра, бу гвардиячиларнинг янги кийимдаги илк тадбири эмас: Шавкат Мирзиёевнинг инаугурация маросимида ҳам фахрий қоровул шу формада кўриниш берган.

Фото: Президент матбуот хизмати

29-30 март кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонга келган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва унинг рафиқасини Тошкент халқаро аэропортида президент Мирзиёев ва унинг рафиқаси кутиб олди. Юксак мартабали меҳмон шарафига Миллий гвардия Фахрий қоровул қўшинлари саф тортди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Ташриф “Янги Ўзбекистон” боғи билан танишишдан бошланди. Мартабали меҳмон Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди. Шундан сўнг Кўксарой қароргоҳида расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фахрий қоровул олий мартабали меҳмон қаршисида янги либосда саф тортгани жамоатчиликнинг эътиборини тортди. Жумладан, ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиев Фахрий қоровул хорижий давлат раҳбари олдида илк марта янги либосида кўриниш бергани ҳақида ёзди.

Фото: Президент матбуот хизмати

У ўтган йилнинг октябрида Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келган Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовни тантанали кутиб олиш маросимида Фахрий қоровул эски формада бўлганига эътибор қаратган.

Фото: Telegram/Xushnudbek.uz
Фото: Telegram/Xushnudbek.uz

Миллий гвардия ахборот хизмати раҳбари Даврон Жуманазаров Kun.uz'га маълум қилишича, Фахрий қоровул қўшинларининг янги формаси халқаро давлатлар тажрибаси ва миллий анъаналар уйғунлигида ишлаб чиқилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Янги форма андозаси устида бир қанча мода дизайнерлари ҳамда Миллий гвардия вакиллари ишлаган бўлиб, мутахассислар томонидан халқаро давлатларнинг ҳам формалари ўрганиб чиқилди.

Формадаги барча элемент тўпламларида миллийлик андозаси акс этган. Янги форма камарининг андозаси халқ қаҳрамони Алпомиш камарининг андозасидан олинган”, дейди у.

Фото: Президент матбуот хизмати

Даврон Жуманазаровнинг таъкидлашича, Миллий гвардия Фахрий қоровул қўшинлари янги формаси хорижий давлат раҳбарини кутиб олиш маросимида биринчи марта кийилган. Бироқ илк тақдимот иккинчи муддатга президентликка сайланган Шавкат Мирзиёевнинг инаугурация маросимида бўлиб ўтган.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Мавзуга оид