Ўзбекистон | 13:12 / 13.03.2023
46217
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсатда Ўзбекистон ким тарафда туриши ҳақида гапирди

Шавкат Мирзиёев иштирокида Термиз шаҳрида халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгаши сессияси бўлиб ўтмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари сессия давомида ташқи сиёсатдаги айрим ҳолатлар, Ўзбекистон ким тарафда туриши ҳақида тўхталиб ўтди.

«Сизлар билинглар: замон жуда мураккаб. Ҳозир катта-катта давлатлар: «Ўзбекистон, сен ким тарафда. Бўлди энди, нейтрал бўлиб юришинг бўлди, ё у томонга ўтгин, ё бу томонга ўтгин», дея қаттиқ-қаттиқ айтиб, вакиллари ҳам келиб шунга даъват қиляпти. «Ўрта Осиёда Ўзбекистон бизга керак, 36 миллион бўлди, 3-4 йилда 40 миллион бўлади, катта давлат бўлади, ким тарафсан?» - деяпти. Қаранг, шундай оғир саволга қандай жавоб бериш керак? Жавоб битта: бир томонман, миллатим, халқим, буюк Ўзбекистонимнинг манфаати учун ўлишга ҳам тайёрман, деб жавоб бераман», деди Шавкат Мирзиёев. 

Маълумот учун, 28 феврал куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Ўзбекистон пойтахти Тошкентга илк бор ташриф буюрди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов учрашув «жуда самарали» бўлганини айтиб, Вашингтонга Ўзбекистон ҳукумати ташаббуси билан бошланган ислоҳотлар дастурини доимий қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирган эди.

Шундан сўнг, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг Марказий Осиё мамлакатларига ташрифидан мақсад бу давлатларнинг Россия билан яхши қўшничилик муносабатларини йўқ қилиш эканини айтганди.

«Улар (АҚШ) буни яширмайди. Улар бу давлатларнинг Россия билан яхши муносабатларни сақлаб қолишига йўл қўймаслик учун ишламоқда», деди Лавров. Унинг сўзларига кўра, АҚШ, ЕИ ва Буюк Британия вакиллари МДҲ давлатларида фаолликни оширган.

Мавзуга оид