Жамият | 16:33 / 25.05.2022
21409
4 дақиқада ўқилади

“Нурота СИТИ”: аслида ҳолат қандай бўлган?

Ижтимоий тармоқларда Навоий вилояти Нурота туманида қурилаётган “Нурота СИТИ” кўп қаватли уйлар деворлари ёрилиб кетгани, қурилиш ишлари сифатсиз амалга оширилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Kun.uz мухбири ҳолатни жойига бориб ўрганди, кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли билан суҳбатлашиб, уларнинг фикрини тинглади.

Вазият тарқалган видеода акс этганидек эмаслигини билган Kun.uz мухбири суриштирувни якунлаб ортга қайтмоқчи эди. Аммо ҳокимлик вакиллари “Kun.uz фақат негатив бўлса ёритадими, масаланинг ижобий томонларини ҳам ёритмайдими” дея маломат қилганидан сўнг ҳолатни ёритишга қарор қилди.

Нурота тумани маркази асосан ҳовлилардан иборат. Эшон Судур маҳалласидаги мазкур кўп қаватли уйлар “Нурота йиғма бетон” МЧЖ томонидан қурилмоқда. Уйлар канализация тармоғига уланган ва Нурота чашмасидан ичимлик суви тортиб келинган. Имкониятлар ва яшашга қулайлиги марказий шаҳарлардаги кўп қаватли уйларникидан кам эмас. 

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода уй девори ёрилганлигини, ювиниш хонасидаги кафеллар кўчганлигини кўриш мумкин. Лавҳани кўрган инсонда бундай авария ҳолатидаги уйда яшаш қанчалик хавфли эканлиги ҳақидаги таассурот уйғонади. Аммо ўрганишимиз жараёнида ҳолат аслида бошқача эканлигининг гувоҳи бўлдик. 

Уй лойиҳасига кўра, ювиниш хонаси ва ҳожатхона битта хонада жойлашган. Шодлик кўчаси 59-уйнинг 1-қаватида яшовчи фуқаро Беҳруз Файзуллаев уларни алоҳида хонага ажратиш ва ҳожатхонага эшик очиш мақсадида юк кўтармайдиган деворни бузган. Қўшимча қурилиш ишлари жараёнида ён томондаги юк кўтармайдиган деворнинг кафеллари ҳам бироз кўчган. Фуқаро уйда йўқ пайти ва усталар ҳам ташқарига чиққанида қўшни аёллардан бири ҳолатни тасвирга олган. Шу тариқа, лавҳа ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган.

Ҳолат юзасидан хонадон эгаси Беҳруз Файзуллаев шундай дейди:

Бу уйни 2021 йилда сотиб олганман. Бирор камчилиги йўқ. Ювиниш хонасидан бироз сув кетди. Шуни таъмирлаш жараёнида бирдан ювиниш хонаси ва ҳожатхона ўртасини ёпмоқчи бўлдик. Юк кўтармайдиган деворни бузишга тўғри келди. Усталар ишлаётган пайтда кимдир келиб, тасвирга олибди ва тарқатиб юборибди”.

МЧЖ директори Аслам Исломов ҳолатни шундай изоҳлайди: 

Ўттиз йилдан бери қурилиш соҳасида ишлайман. Ҳоҳлаган ташкилот, идора ёки блогер келиб, ўз кўзи билан кўрсин ва кейин хулосасини айтсин. Кеча ижтимоий тармоқларга чиққан лавҳа фирмамизга ҳам, иш фаолиятимизга ҳам таъсир қиляпти, уй эгалари безовта бўляпти. Бу бир йиллик тадбиркорлик эмас, 70 та хонадонни фойдаланишга топширдик, яқинда яна 30 таси топширилади. 200 нафардан ортиқ инсон меҳнат қилаётган фирманинг обрўсини битта лавҳа билан йўққа чиқариш нотўғри. 78 та хўжалик кўчиб келиб яшаяпти бу ерда. Ҳозирча бирортаси норози бўлган эмас”.

Кузатувимиз жараёнида ҳар бир подъездга, уйнинг ертўла қисмига, бошқа хонадонларга кириб кўрдик. Бирор деворда ёрилган ёки сифатсиз иш бажарилган ҳолатнинг гувоҳи бўлмадик. Кўп қаватли уйда яшовчи фуқаролар ҳам қурилиш ишларига эътирозлари йўқлигини маълум қилишди.

Бу кўп қаватли уйга 2021 йилнинг июль ойида кўчиб келганмиз. Шундан бери яшаб келяпмиз. Уйлар деворлари ёрилиши, сув оқиш ҳолатлари бизда бўлмаган. Ўтган бир йил давомида қурилиш сифати билан боғлиқ бирор ҳолат кузатилмаган. Шу йил қишда маза қилиб яшадик. Ичимлик сувида, табиий газ ёки электр-энергиясида ҳам бирор камчилик бўлмаган”, — дейди хонадонлардан бирининг эгаси Малоҳат Наврўзова.

Ҳолат юзасидан Қурилиш вазирлиги расмий муносабат билдирди. Унда маълум қилинишича, ҳолат Навоий вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси ходимлари томонидан ҳам жойига бориб ўрганилган ва хонадон девори ташқи таъсир оқибатида ёрилганлиги, бинонинг умумий ҳолатига таъсир этмаслиги  аниқланган.

Мавзуга оид